Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Феруза ЭШМАТОВА: Ўзбекистон-Қозоғистон: парламентлараро алоқалар янада ривожланади

Феруза ЭШМАТОВА: Ўзбекистон-Қозоғистон: парламентлараро  алоқалар янада ривожланади

Давлатлараро муносабатларнинг муҳим таркибий қисми ҳисобланган парламентлараро алоқалар замонавий халқаро муносабатларнинг ривожланишга катта таъсир кўрсатмоқда. Бундай алоқалар парламент дипломатиясининг мавқеини юксалтиришга, томонларнинг ўзаро позицияларини яқинлаштиришга, давлатлараро муносабатларни тартибга солувчи қонун ҳужжатларининг қабул қилинишига замин яратади.

Парламентнинг халқаро алоқалари мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларга мос равишда амалга оширилмоқда. Охирги йилларда айнан Парламентлараро ҳамкорликка ҳам Президентимиз томонидан катта эътибор қаратилмоқда. Ушбу ҳамкорликнинг муҳим аҳамиятини давлатимиз раҳбарининг хорижий мамлакатларга амалга оширган давлат ташрифлари чоғида, шунингдек юртимизга ташриф буюрган парламент делегацияси аъзолари билан алоҳида учрашаётганлигида ҳам кўриш мумкин. Чунки парламент аъзолари ўша халқнинг вакиллари ва улар халқнинг орзу-умид ва ниятлари, хохиш истакларини ифодалайди. Халқнинг орзу-истакларини амалга ошириш эса давлатимиз сиёсатининг асосий мақсадидир.

Амалиётдан бизга маълумки ҳукуматлараро халқаро муносабатларда иқтисодий, сиёсий, инвестициявий ва шунга ўхшаш кўпгина ҳал қилиниши қийин бўлган энг муҳим масалалар парламент аъзолари мулоқотлари ёрдамида ҳал қилинган. Бу ҳам яна бир бор парламент дипломатиясини ривожлантириш муҳим эканлигидан далолат беради.

Маълумки, давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида “Биз ташқи сиёсат соҳасида барча узоқ ва яқин давлатлар, аввало, қўшни мамлакатлар билан дўстона ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини ҳар томонлама ривожлантириш сиёсатини изчил давом эттирамиз”, деб таъкидлаб ўтган эди.  

Ушбу сўзларнинг амалдаги ифодаси сифатида, яқин қўшниларимиз билан дўстона муносабатларни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш бўйича аниқ ишлар қилинмоқда ва албатта натижалар ҳам шунга яраша бўлмоқда. Ўзбекистон парламентлараро алоқалари тарихида илгари кузатилмаган учрашувлар, самарали мулоқотлар ўтказилмоқда. Хусусан, 2018 йилнинг 24-27 ноябрь кунлари парламент делегациясининг Қозоғистон Республикасига амалга оширган расмий ташрифи ва ташриф чоғида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда Қозоғистон Республикаси Парламенти Мажилиси ўртасида ўзаро ҳамкорлик бўйича имзоланган Меморандум алоқаларимиз кўламини янада кенгайтиришда ҳуқуқий асос бўлди.

Куни кеча Қозоғистон Республикаси Парламенти Мажилиси Раиси Нурлан Нигматуллин бошчилигидаги Қозоғистон парламенти қуйи палатаси вакилларидан иборат делегациянинг Ўзбекистонга ташрифи эса парламентлараро икки томонлама муносабатларни янада мустаҳкамлаш имконини яратди. Ташриф давомида ўтказилган учрашув ва мулоқотлар парламентлараро алоқаларни янги, самарали босқичга олиб чиқди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Республикаси Мажлиси Раиси Нурлан Нигматуллин бошчилигидаги делегация аъзоларини қабул қилди. Эътиборлиси учрашув чоғида мамлакатларимиз парламентлари қўмиталари даражасида фаол алоқаларни йўлга қўйиш лозимлиги қайд этилди. Қўмиталар даражасидаги ҳамкорлик амалиётда жуда катта самара бериши аниқ, чунки асосий иш, фаолият доимо Олий Мажлис қўмиталарида бўлиб ўтади. Ҳар бир қўмита ўз йўналиши доирасида, соҳасига қараб қонун хужжатларини такомиллаштириши, ўша соҳадаги муаммоларни бартараф қилишда тажриба алмашиниши натижасида мамлакатларимиз ривожи учун катта имконият беради.

Маълумки, Олий Мажлисда 9 нафар депутат ва Сенат аъзоларидан иборат Ўзбекистон-Қозоғистон парламентлараро дўстлик гуруҳи фаолият олиб бормоқда. Худди шундай 14 нафар парламент аъзосидан иборат гуруҳ Қозоғистон парламентида ҳам тузилган. Ушбу гуруҳлар тўғридан-тўғри мулоқотларни ўрнатиш учун яратилган ва ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор бўлган парламентлар аъзоларини бирлаштиради. Эришилган келишувларни ўз вақтида амалга ошириш ва янги шериклик лойиҳаларини илгари суриш мақсадида парламентлараро дўстлик гуруҳлари имкониятларидан самарали фойдаланиш эса кутилган натижани беради. Шу боис, мазкур дўстлик гуруҳлари фаолиятини янада ривожлантириш икки давлат муносабатларида муҳим ўрин тутади.

Хулоса қилиб айтганда, мазкур учрашув Ўзбекистон ва Қозоғистон парламентлари ўртасидаги муносабатларида янги саҳифа очди. Биз парламент аъзолари ҳам ўзаро дўстлик ва яхши қўшничилик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, икки халқни бир-бирига янада яқинлаштиришда фаол бўлмоғимиз лозим. Парламентлараро ҳамкорлигимиз эса ушбу эзгу интилишларни муваффақиятли амалга оширишда, хусусан, Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги ҳамкорликка янги суръат бахш этишга хизмат қилади. Бу борада биринчи галдаги вазифамиз икки давлат раҳбарларининг олий даражадаги учрашув ва мулоқотлари чоғида эришилган барча стратегик келишувларни ҳаётга татбиқ этишда қонун устуворлигини таъминлашдан иборат.

 

Феруза ЭШМАТОВА,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси депутати


Кўришлар сони: 2816

Депутатлар минбари

Янгиликлар

20.11.2019
Давлат бюджети: мунозаралар авж нуқтасига етмоқда

Савол туғилади: нега энди Давлат бюджети қонун сифатида Олий Мажлисда, яъни парламентда қабул қилинади-ю,...

20.11.2019
Депутатлар таклифи инобатга олинди

Шу кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг қўмиталари, сиёсий партиялар фракциялари, ишчи гуруҳларида...

20.11.2019
Олий таълим муассасаларининг ягона ижтимоий тўлов ставкаси нега 25 фоиз бўлиши керак?

Ҳар қандай қонун лойиҳасини муҳокама қилишдан мақсад — уни такомиллаштириш, соҳадаги масалаларни...

Тадбирлар тақвими