Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Тўлқинжон КАРИМОВ: Куннинг ёруғ вақтида автотранспорт воситалари чироқларини ёқиб юриш тўғрисидаги қоидани ким киритган?

Тўлқинжон КАРИМОВ: Куннинг ёруғ вақтида автотранспорт воситалари чироқларини ёқиб юриш тўғрисидаги қоидани ким киритган?

Шу кунларда оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқларда куннинг ёруғ вақтида автотранспорт воситалари чироқларини ёқиб юришга оид жорий этилган қоида бўйича турли баҳс-мунозаралар кечмоқда. Ушбу масалага Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг айрим депутатлари ўз позицияларини билдиришди, унга Адлия вазирлиги муносабат билдиришга ҳам улгурди.

Мазкур мунозараларни кузатиб, бир масалага ойдинлик киритиш лозим, деб ҳисоблайман. Адлия вазирлигининг муносабатидан, айрим ижтимоий тармоқ вакилларининг фикрларидан шу англашиладики, гўёки депутатлар ушбу қоидани киритишга овоз беришган. Аслида бундай эмас. Масаланинг асл моҳияти бошқачароқ.

Депутатлар томонидан 2016 йил 23 сентябрда қабул қилинган Қонунга мувофиқ Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 128-моддасидаги «сутканинг қоронғи вақтида ёки кўриш чекланган шароитларда ёритиш асбобларидан (фойдаланиш қоидаларини бузиш)» деган сўзлар «ташқи ёритиш асбобларидан (фойдаланиш қоидаларини бузиш)» сўзлари билан алмаштирилган. Бундай ўзгартиш ўша пайтда Йўл ҳаракати қоидаларининг 138-бандига куннинг ёруғ вақтида айрим ҳоллатларда (жамланма сафида ҳаракатланаётганда, болалар гуруҳини ташкилий ташишда ва бошқалар) яқинни ёритувчи чироқлар ёқилиши кераклиги тўғирсидаги қоиданинг киритилиши билан боғлиқ эди. Бунда Кодекснинг 128-моддаси санкциясидаги жарима жазоси миқдори (энг кам иш ҳақининг иккидан бир қисми) ўзгаришсиз қолдирилган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 апрелдаги 292-сонли қарорига мувофиқ Йўл ҳаракати қоидаларининг 138-бандига ўзгартишлар киритилиб, унда куннинг ёруғ вақтида барча автомототранспорт воситалари яқинни ёритувчи чироқларини ёки кундузги сигнал чироқларини ёқиб ҳаракатланиши шарт эканлиги белгилаб қўйилди. Натижада, ташқи ёритиш асбобларидан фойдаланиш қоидаларининг ўзгариши ўз-ўзидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 128-моддаси татбиқ этилишига олиб келди. Яъни, ушбу қоидаларни бузган шахсларга нисбатан тегишли маъмурий жавобгарликни келтириб чиқарди.

Бироқ, бу – депутатлар ташаббуси дегани эмас. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда турли соҳаларда қонун ости ҳужжатлари билан ўрнатилган қоида ва тартибларни бузганлик учун (масалан, эпидемияларга қарши кураш, ов қилиш ёки балиқ тутиш, ер бериш, ўрмон фондидан фойдаланиш қоидалари ва ҳ.к.) жавобгарлик белгиланган. Бунда, қонун ости ҳужжатлари билан белгиланган қоидаларнинг ўзгариши ўз-ўзидан маъмурий жавобгарликка тортишга ҳам таъсир қилади. Қоида ва тартибларнинг кенг қамровлилиги ва ҳажм жиҳатидан катталиги уларни тўғридан-тўғри кодексда батафсил ёритиш имконини бермайди. Шу сабабли, қонун чиқарувчи кодексда қонун ости ҳужжатларидаги қоида ва тартибларга ҳавола қилишга баъзан мажбур бўлади.

Айни пайтда, мазкур вазиятнинг таҳлили, яна бир карра муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинганининг 26 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида баён этилган “Қонуности ҳужжатларини қабул қилиш амалиётидан воз кечиш ва тўғридан-тўғри қўлланадиган қонунлар қабул қилиш вақти келди”, деган ғоянинг нечоғлик долзарб аҳамият касб этаётганлигини яққол кўрсатмоқда.

Ушбу ғояни амалга ошириш мақсадида парламентда зарур чоралар кўрилмоқда. Хусусан, Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини юридик-техник жиҳатдан расмийлаштиришнинг ягона услубиёти ҳамда Тўғридан-тўғри амал қилувчи қонунларда тизимлаштириш ва унификация қилиниши лозим бўлган қонун ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш бўйича “Йўл харитаси” қабул қилинди. Мазкур “Йўл харитаси” асосида бугунги кунда 60 га яқин тўғридан тўғри амал қилиш механизмига эга бўлган қонунларни қабул қилиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Бугунги кунда, Қонунчилик палатаси қабул қилинаётган ҳар бир қонунда барча масалаларни, қоида ва тартибларни батафсил ёритишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Биргина мисол, парламентимизга қонунчилик ташаббуси субъектлари томонидан киритилаётган аксарият қонун лойиҳаларининг норма ва қоидалари депутатлар томонидан қайта ишланиб, улар тўғридан-тўғри ишлайдиган қонун сифатида қабул қилинмоқда. Бу эса парламент ўз фаолиятида давлат органлари ишидан хато излаш ёки киритилган қонун лойиҳасини қайтариш эмас, балки масалага ўз вақтида ижобий ечим топишга эътиборини қаратаётганлигини кўрсатади.

Шу маънода, фикримизча, фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларига бевосита дахлдор бўлганлиги учун Йўл ҳаракати қоидаларини қонун билан тасдиқлаш зарурати юзага келмоқда. Агар шундай қилинса, ўйлаймизки, бугун ижтимоий тармоқларда кечаётгани каби турли баҳс-мунозараларга ҳеч қандай ҳожат қолмайди.

 

Тўлқинжон КАРИМОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси депутати

 


Кўришлар сони: 642

Депутатлар минбари

Янгиликлар

22.07.2019
Депутатлар жариманинг 70 фоизини тўлаш ғоясини илгари сурди

2019 йил 22 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Мамлакат...

20.07.2019
Миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик — демократик жамиятнинг асосий тамойилларидан бири

Пойтахтимиздаги Корейс маданияти ва санъати уйида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар ...

19.07.2019
ЎзХДП фракцияси фаолияти юзасидан ахборот берди

Қонунчилик палатасига киритилган қонун лойиҳалари бўйича фракциянинг 134 та таклифи ишлаб чиқилиб, ...

Тадбирлар тақвими