Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Нўъмон АКБАРОВ: Ярим асрга тенг шериклик

Нўъмон АКБАРОВ: Ярим асрга тенг шериклик

Тарихий маълумотларга кўра, давлат хусусий тадбиркорлар билан деярли барча даврларда ҳамкорлик қилган. Ўрта асрларга келиб, ҳокимият ва хусусий шахслар ўртасидаги муносабатлар ҳуқуқий шаклга эга бўлди. Христофор Колумбнинг 1492 йилдан 1504 йилгача бўлган экспедициялари ана шундай шаклдаги ҳамкорликнинг ёрқин мисолидир. Қироллик Христофор Колумбга дон унвонини тақдим этади. У сафарни муваффақиятли якунласа, эгаллаган ерларини бошқариш ва у ерларнинг фойдали қазилмаларидан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган. 1491 йилда тузилган шартномага кўра Колумб харажатларнинг саккиздан бир қисмини ўз бўйнига олган. Тузилган шартноманинг молиявий натижаси қуйидагича тақсимланган: олиб келинган товарлар ва табиий ресурсларнинг 90 фоизи ҳукуматга ўтган, 10 фоизи эса сарфланган харажатлардан ташқари Христофор Колумб ҳисобига ўтган.

Инсониятнинг янги тарихий даврида ҳокимият ва хусусий тадбиркорларнинг ҳамкорлиги тобора ошиб борди, шунга яраша қўшма инфратузилма лойиҳалари сони ҳам анча кўпайди. Сувайш ва Панама каналлари лойиҳаси улар орасидаги энг йириги ҳисобланади. 1855 йилда “Сувайш каналининг умумий компанияси” хусусий корхонаси Миср вице-қиролидан Қизил ва Ўрта денгизни бирлаштирувчи Сувайш каналини қуриш учун концессияни амалга ошириш ҳуқуқини олади. Компания акцияларининг 44 фоизи Миср ҳукуматига, 53 фоизи Францияга тегади. Қолган 3 фоиз акцияларни бошқа мамлакатлар харид қилади. Концессия шартларига кўра, лойиҳадан олинган даромад қуйидагича тақсимланиши кўзда тутилади: акциядорларга фойданинг 75 фоизи, Миср ҳукуматига 15 фоизи, компания асосчиларига эса қолган 10 фоизи. Қурилиш ишлари 11 йилдан сўнг якунланади ва канал кемалар қатнови учун 1869 йил ноябрда очилади. Ҳозирги кунда канал эксплуатациясидан олинган маблағлар Миср ғазнасига тушадиган валютанинг салмоқли улушини ташкил этади.

Париждаги машҳур Эйфел минорасининг қурилиши концессияга яна бир ёрқин мисол бўла олади. 1887 йилда Александр Гюстав Эйфел Париж шаҳри муниципалитети билан шартнома тузади. Унга кўра, минора 25 йил фойдаланиш шарти билан ижара ҳуқуқи асосида унга тақдим этилади. Шунингдек, 1,5 млн олтин франк миқдорида субсидия тўлаш ҳам кўзда тутилади. Бу минорани қуриш харажатларининг 25 фоизига тенг эди. Минора эксплуатация вақтида экскурсиялар, лифтларга чиқиш учун сотилган чипталар, сувенир сотиш ҳуқуқини бериш, ресторанлар ижарасидан тушган пул ҳисобига ўз харажатларини оқлади.

Бугунги кундаги давлат–хусусий шериклиги сўнгги 30 йилда 130 дан ортиқ мамлакатда давлат-хусусий шериклик механизми фаол жорий этилаётгани кузатилмоқда. Жаҳон банки маълумотига кўра, мазкур механизм ёрдамида инфратузилма лойиҳаларига хусусий инвестицияларнинг қарийб 15-20 фоизи жалб қилинаяпти.

Европада давлат-хусусий шериклигини жорий этиш бўйича Буюк Британия, Франция ва Германия асосий етакчилар ҳисобланади. Умуман олганда, Европа иттифоқи бўйича 2010 йилдан 2016 йилга қадар умумий қиймати 111 млрд. евро миқдорида 541 та давлат-хусусий шериклик лойиҳаси амалга оширилди. Бунда таълим (156 та лойиҳа) ва транспорт (111 та лойиҳа) секторлари давлат-хусусий шериклик лойиҳаларидаги устувор тармоқлардан бўлган.

Мамлакатимизда мустақиллик йилларида амалга оширилган давлат-хусусий шериклигининг турли шакллари асосан иқтисодиётнинг айрим секторларигагина тегишли бўлди. Бундай лойиҳалар кўпроқ нефть-газ ва кон саноатида амалга оширилди. Бу мазкур секторларга йўналтирилган инвестициялар иқтисодиётнинг бошқа соҳаларига нисбатан хавфсизроқ деб ҳисобланиши билан боғлиқдир. Маҳсулотни тақсимлаш тўғрисидаги битим минерал ресурслар билан боғлиқ секторларга хорижий инвестицияларни жалб қилишда давлат-хусусий шериклигининг энг кўп қўлланган шаклларидан биридир.

Давлат ва бизнес ўртасидаги ҳамкорликда ягона ҳуқуқий механизм мавжуд эмаслиги республикада давлат-хусусий шериклиги яхши ривожланмаганининг асосий сабабларидан биридир. Ўзбекистонда хусусий секторни ижтимоий, транспорт ва коммуникация инфратузилмаси қурилиши ва модернизациясига жалб қилиш учун чора-тадбирлар ва механизмларни фаол жорий этиш 2017 йилда бошланди.

Давлат-хусусий шериклигининг замонавий механизмларини жорий этиш Ҳаракатлар стратегиясида давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилиш йўналишларидан бири деб белгиланган.

Таъкидлаш жоизки, “Давлат-хусусий шериклик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 2019 йилнинг 10 май куни давлатмиз раҳбари томонидан имзоланди ва у жорий йилнинг 12 июндан кучга киради.

Қонуннинг асосий мақсади юртимизда давлат-хусусий шериклик тизимини тартибга солиш, самарали мувофиқлаштириш ва ушбу соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборатдир. Шунингдек, ушбу ҳужжат давлат-хусусий шерикликнинг ҳуқуқий асосини белгилаш билан биргаликда, давлат-хусусий шериклик билан боғлиқ қоида ва жараёнлар, институционал тизимини тартибга соладиган ҳамда қўлланилиши мумкин бўлган принциплар ва давлат-хусусий шериклик билан боғлиқ бошқа масалаларни белгилаб беради. Унда давлат-хусусий шерикликнинг мақсад, мезонлари, амал қилиш муддати, таъсир қилиш соҳалари, институционал механизми, роли, лойиҳаларни бошлаш, тайёрлаш, хусусий шерикни танлаш, тендерларни ўтказиш ва шартномани имзолаш жараёнлари белгилаб берилган.

Қайд этиш жоизки, давлат ва хусусий шерикнинг қонун олдида тенглиги, шерикликни амалга ошириш жараёнида қоидалар ва принциплар шаффофлиги, хусусий секторни танлаб олишда мусобақалашув ва холислик, камситиш ва коррупцияга йўл қўйилмаслиги давлат-хусусий шериклигининг асосий принциплари деб қонунда белгилаб қўйилган. Эътиборлиси, Ўзбекистонда давлат–хусусий шериклик тўғрисидаги шартнома 3 йилдан 49 йилгача бўлган муддатга тузилиши мумкин. Бундан ташқари, қонунда хусусий шерикларни ҳимоя қилиш ва кафолатлаш, давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш ва мониторинг механизмлари ва уларни молиявий қўллаб-қувватлаш масалалари акс эттирилган.

Қонун билан Молия вазирлиги ҳузуридаги давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентилиги Ўзбекистонда давлат-хусусий шериклик соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширишга масъул этиб тайинланди. Ушбу агентлик республикада давлат-хусусий шериклик бўйича сиёсатни белгилайди, лойиҳаларни кўриб чиқади, тармоқ вазирликлари билан давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги тендер ҳужжатлари ва шартномаларни мувофиқлаштиради, тендерларни ишлаб чиқиш, ўтказиш ва давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини молиялаштириш юзасидан ёрдам беради.

Бир сўз билан айтганда, “Давлат-хусусий шериклик тўғрисида”ги Қонун асосида амалга ошириладиган лойиҳалар мамлакатимизнинг сармоявий жозибадорлигини ошириб, хорижий инвесторлар учун янги инвестицион бозорларни кашф қилишга, хусусий тадбиркорлар ва чет эл инвесторларининг асосий хуқуқларини мустаҳкамлашга қаратилган муҳим ҳужжат бўлиб хизмат қилади.

    

Нўъмон АКБАРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва

ахборот технологиялари масалалари

қўмитаси аъзоси


Кўришлар сони: 155

Депутатлар минбари

Янгиликлар

25.06.2019
Ногиронликни белгилашда фуқаролар сарсон бўляптими?

Жорий йил 25 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси ...

25.06.2019
Фракция йиғилишида 2019-2025 йилларда соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепцияси доирасидаги ишлар таҳлил қилинди

Соғлиқни сақлаш вазирлигига мазкур йўналишда алоҳида тартиб жорий қилиш мақсадида тегишли норматив-ҳуқуқий...

25.06.2019
Институт фаолиятида “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги Қонун ижроси қандай таъминланяпти?

2019 йил 25 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати...

Тадбирлар тақвими