Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Иброҳим ҲОЖИЕВ: Изчил изланишларнинг беқиёс самаралари

Иброҳим ҲОЖИЕВ: Изчил изланишларнинг беқиёс самаралари

...Соғлиқни сақлаш масаласи ҳар бир одамнинг кундалик ҳаётига тўғридан-тўғри даҳлдор бўлиб, бу борадаги муаммолар аҳолининг саломатлигига, охир-оқибатда жамиятнинг ижтимоий кайфиятига, халқнинг давлатга, ҳукуматга бўлган ишончига, ҳеч шубҳасиз, энг кучли таъсир кўрсатадиган соҳадир, деган эди муҳтарам Президентимиз.

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан соҳада кечаётган изчил ислоҳотлар пировардида тиббиётимиз тобора тараққий этиб, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматларнинг сифати янада ошмоқда. Буни биргина Наманган вилояти мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. Соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган янгиланишлардан аҳоли мамнун.

Таъкидлаш жоиз, касалликни даволашдан кўра унинг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган тадбирлар кўлами тобора кенгайиб бормоқда. Бу ўринда фуқаролар жисмоний фаоллигини кучайтириш диққат марказида турибди. Вилоятда жорий йил март ойидан мунтазам йўлга қўйилган спорт-соғломлаштириш ҳаракатининг ташкилотчилари тиббиёт ходимларидир. Ҳафтанинг ҳар шанба куни юриш, югуриш, велосипедда сайр, гимнастика машқлари билан бир қаторда стол тенниси, шахмат-шашка, волейбол мусобақалари ўтказиш одат тусига кирди. Баъзи кунлари тадбирларда 60-80 минг киши қатнашаётганлиги, уларнинг аксариятини ёшлар ташкил этаётганлиги эътиборга моликдир. Жисмоний фаолликка ундаш билан аҳолининг соғлом турмуш тарзи, соғлом овқатланиш, ОИТС ва бошқа касалликлардан сақланиш бўйича тушунчаси ҳам бойитилмоқда.


Эътиборлиси, Наманган вилоятида тиббиёт муассасаларининг моддий-техник имкониятларини ривожлантиришга қаратилган ишлар ҳам диққатга сазовор. Кейинги йилларда Инвестиция дастури асосида қайта қурилаётган ва реконструкциядан чиқарилаётган тиббиёт масканлари сони ортиб бораётир. Жумладан, янги барпо этилаётган поликлиника ва шифохоналар нафақат замонавий лойиҳаларни ўзида мужассам этяпти, балки даволаш-диагностика ишлари сифатини янги босқичга кўтариш имконини бермоқда. Наманган шаҳрида қад ростлаган 14-оилавий поликлиникаси биноси фикримиз далилидир. Уч қаватли, 250 қатновга мўлжалланган кўркам ва шинам тиббиёт муассасасида аҳолига бирламчи тиббий хизмат кўрсатиш имкониятлари бугунги давр талабларига ҳамоҳангдир. Унинг қурилишига давлат бюджетидан салкам 5 миллиард сўмга яқин маблағ йўналтирилганлиги ҳам замонавий тиббиёт маскани салоҳияти юқори эканлигидин далолат бериб турибди. Хизмат кўрсатиш сифат ва самарадорлиги эса ибрат қилиб кўрсатишга арзирли, хатто яқин орада “Электрон поликлика” фаолият кўрсата бошлайди.

Шу ўринда вилоят тиббиётида ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш масаласига устувор аҳамият берилаётганлигини алоҳида эътироф этиш керак. Зеро, соғлиқни сақлашнинг эртанги кунини бу йўналишсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Бугунги кунга келиб, Уйчи, Учқўрғон, Норин, Янгиқўрғон, Чортоқ, Наманган туманларидаги кўп тармоқли марказий поликлиникалар, Чуст тумани Каркидон қишлоғидаги 45-оила поликлиникаси мазкур хизматлардан аҳоли кенг фойдаланмоқда. Яна бир янгилик – Наманган шаҳар марказий шифохонаси, 1-шаҳар шифохонаси ва вилоят кардиология марказида “Меддата” ахборатлашган тизим ишлаб турибди. Вилоятда тиббиётнинг хусусий тармоғи ҳам ривожланиб боряпти. Ўтган йилнинг ўзида улар сони 321 тага кўпайди. “Ойдин шифо”, “Анамед” каби нуфузли хусусий тиббиёт масканларида жорий қилинаётган инновациялар, замонавий технологиялар татбиқ этилаяпти.

Соҳани малакали кадрлар билан таъминлаш ишлари ҳам тизимли олиб борилмоқда. Таъкидлаш жоиз, тиббиёт олийгоҳлари битирувчиларининг катта бир отряди ишга қабул қилинди, Россия Федерациясининг Урал тиббиёт университетининг Наманган филиали жорий йилдан дастлабки талабаларни қабул қилади. Йилига 100 нафардан зиёд мутахассисларнинг вилоятда тайёрланиши кўзда тутилмоқда. Тизимда ишлаб турган шифокорларнинг малакасини оширишда хориж тажрибасига таянилмоқда. Россия Федерацияси, Хитой, Англия, Ҳиндистон ва бошқа давлатларнинг нуфузли клиникаларида маҳоратини оширган мутахассислар бунинг ёрқин далилидир.


Соғлиқни сақлаш соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар, тизим фаолиятидаги янгиланиш жараёнлари, аҳоли тиббий маданиятини юксалтиришда оммавий ахборот воситаларининг имкониятларидан кенг фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Телевидение, радио, босма даврий нашрлар, ижтимоий тармоқлар билан ҳамкорликда олиб борилаётган ишлар боис фуқароларнинг янгилик ҳамда долзарб вазифалардан хабардорлик даражаси ортмоқда. Бинобарин, Наманган вилоят телевидениесининг ҳар шанба куни бир соат давомида тўғридан-тўғри эфирга узатилаётган “Юзма-юз” кўсатувини бутун водий аҳли томоша қилмоқда. Одамлар турли касалликлар профилактикаси бўйича нафақат маълумот, балки ўзларини қизиқтирган саволлар юзасидан мутахассислардан тўлақонли жавоблар олишмоқда.

Наманган вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси муассислигидаги газета ва журналлар, уларнинг интернетдаги веб-сайтлари, “Salomatlik saboqlari” ва “Наманган патронаж ҳамширалари” телеграм каналлари ҳам тиббий ахборот маконига айланган. Салкам 6 минг ўқувчиси бор “Salomatlik saboqlari” соғлом ҳаёт, соғлом овқатланиш, саломатликни мустаҳкамлаш тарғиботчиси сифатида мухлислар эътиборини қозонаётган бўлса, “Наманган патронаж ҳамширалари” телеграм канали патронаж ҳамшираларининг амалий йўриқчисига айланган.

Замон талаблари, аҳоли эҳтиёжларига мос равишда тиббий хизматни такомиллаштириш мақсадидаги интилишлар бардавомдир. Шу кунларда Наманган шаҳар ва Янгиқўрғон туманлари тиббиёт бирлашмалари тизимидаги шифохона, поликлиника, ва ҚВПларни намунали тиббиёт муассасасига айлантириш борасидаги изланишлар жадал олиб борилмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, соҳада олиб борилаётган кенг кўламли ишлар аҳолига бирламчи тиббий хизмат кўрсатишнинг сифатини янада ошириш, соҳани малакали кадрлар билан таъминлашда муҳим омил бўлади.

 

Иброҳим ҲОЖИЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

 


Кўришлар сони: 590

Депутатлар минбари

Янгиликлар

16.07.2019
«Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси жамоатчиликка ҳисобот берди

Қайд этилганидек, фракция аъзолари барча йўналишдаги фаолиятида асосий эътиборни амалий ишларга ...

15.07.2019
Вазифалар ижроси ислоҳотларнинг амалда тўлақонли натижаси кафолати

Қўмита 2019 йилнинг олти ойида Қонунчилик палатасига киритилган қирқдан ортиқ қонун лойиҳаларига...

13.07.2019
Қўмита самарали фаолият олиб борди(ми?)

Қўмита ўтган олти ой давомида давлат ва жамият қурилишини бошқариш, фуқаролик жамияти институтларини...

Тадбирлар тақвими