Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Алия ЮНУСОВА: Болалар омбудсмани: у қандай институт, вазифаси нималардан иборат?

Алия ЮНУСОВА: Болалар омбудсмани:  у қандай институт, вазифаси нималардан иборат?

Сўнгги вақтларда болалар, вояга етмаганлар билан боғлиқ турли нохушликлар тез-тез қулоққа чалиняпти. Ҳали у боғчада болалар калтаклангани, ҳали бу коллежда ўқувчилар ҳақорат қилингани, қайсидир оилада фарзандлар жабр кўраётгани... Марғилондаги Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларининг хўрлангани, калтаклангани, турли ғайриахлоқий ишларга жалб қилингани ҳақидаги хабар барчасидан ўтиб тушди...

Тан олиш керак, бу каби ҳолатлар жамиятда бола ҳуқуқларини таъминлашда маълум бўшлиқлар юзага келаётгани, бу борада идоралараро мувофиқлаштириш фаолияти бўшлигини кўрсатди. Ҳар бир ҳодиса бўйича айбдорларни жазолаш билан иш битмаслиги яққол кўзга ташланиб қолди. Ўзбекистон Президенти томонидан имзоланган “Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор айни соҳадаги муаммоларни бартараф этишда муҳим ҳужжат бўлди.

Инсон ҳуқуқи бола ҳуқуқидан бошланади

Инсон туғилиши билан муайян ҳуқуқларга эга бўлади. Аммо ҳали она сути оғзидан кетмаган боланинг ўз ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қила оладиган даражага етгунига қадар унинг манфаатларини қонун кучи билан ҳимоя қилиш зарурати пайдо бўлади. Статистик маълумотларга қараганда, дунёда болалар ҳуқуқлари энг кўп бузилишига асосий сабаб ҳам айнан уларнинг ёшлиги билан боғлиқ экан.

Кўпчилиги овоз бериш ҳуқуқига эга эмас. Болалар суд тизимида ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишда жиддий муаммоларга дуч келишади. Жаҳонда ҳар икки соатда болалар омбудсманига вояга етмаганлардан иккитадан мурожаат келиб тушади. Улар нафақат болаларнинг ҳуқуқлари бузилиши ҳолатига тааллуқли, балки мураккаб вазиятларда маслаҳат бериш бўйича илтимослар ҳамдир. Шу ва шунга ўхшаш ҳолатлар халқаро ҳуқуқ тизимида болаларнинг ҳуқуқ, имтиёз ва кафолатларини қамраб олувчи “бола ҳуқуқлари” деган соҳани юзага келтирди.

Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилишни назарда тутувчи халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар рўйхатининг бошида Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси туради. Ўзбекистон мустақилликка эришгач, ратификация қилган дастлабки халқаро ҳуқуқий ҳужжатлардан бири ҳам Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциядир. Айни пайтда мамлакатимизда амалга оширилаётган болалар ва ёшлар сиёсати юқоридаги ҳужжатлар қоидаларига асосланади. Улар Конституциямиз, қонунчилик ҳужжатларида ўз инъикосини топган.

Болалар омбудсмани бизга нима учун керак?

Маълумки, мамлакатимиз аҳолисининг 30 фоизи ёки 12 миллиондан ортиғини айнан ёшлар ва болалар ташкил этади. Шу боис халқаро экспертлар бу ҳақда тўхталганда, “Ўзбекистон — ёш, мустақил ва динамик тарзда ривожланаётган давлат” эканига алоҳида урғу беради.

Аммо юртимизда уларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича ихтисослаштирилган институт мавжуд эмас эди. Шу маънода, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари — Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозимининг жорий этилгани ниҳоятда муҳим воқеликдир. Бинобарин, болалар омбудсмани институтини тузиш долзарбдир. Бу — БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясига ҳам тўла мос келади.

Бугун дунёнинг 30 дан ортиқ давлатида Болалар омбудсмани фаолият юритмоқда. Халқаро тажрибага кўра, улар — соҳага оид халқаро ҳуқуқ нормаларини қонунчиликка кенг татбиқ этиш, боланинг шахси, шаъни, қадр-қиммати, ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига жамоатчилик, давлат тузилмалари, шунингдек, ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахсларда ҳурмат даражасини оширишга кўмаклашади. Болалар ва ёшларнинг мурожаатлари билан ишлашнинг янги шакл ва тартибларини ишлаб чиқади. Жамиятнинг энг ёш фуқаролари билан мулоқот қилиш, уларнинг муаммоларини ҳал этишда амалий ёрдам кўрсатиш ҳам унинг зиммасидаги вазифалардан.

Соҳада қандай янгиликлар жорий этилади?

Юқорида Президент қарори асосида болалар ҳуқуқини таъминлашга оид муаммолар, соҳадаги камчиликлар бартараф этилиши таъкидланди. Хўш, эндиликда болаларга қандай ҳуқуқ ва имтиёзлар берилмоқда? Бу уларнинг келажагига қандай таъсир кўрсатади?

Қарорга мувофиқ, бундан буён болаларнинг рўйхатда туриш жойи ва фуқаролигидан қатъи назар, уларга барча ижтимоий хизматлар кўрсатилади. Болаларнинг давлат органларига бевосита қилган мурожаатлари тўлиқ кўриб чиқилиши кафолатланади. Бола тўлиқ муомала лаёқатига эга эмаслиги важлари билан бу турдаги мурожаатларни кўрмасдан қолдиришга йўл қўйилмайди.

14 ёшга тўлган бола ўзининг таъминоти учун бир вақтнинг ўзида ота-онанинг ҳар иккаласидан қонунда белгиланган миқдорда алимент ундириш тўғрисида даъво қўзғатишга ҳақли. Болаларни ҳимоя қилиш мақсадида судларга ариза билан мурожаат қилган даъвогар давлат божи ва бошқа тўловларни тўлашдан озод қилинади.

Яна бир муҳим жиҳат: юртимизда боланинг манфаатларига алоқадор масала ҳал этилаётганда, афсуски, унинг ўз фикри тингланишини таъминловчи механизмлар ҳалигача шакллантирилмаган эди. Эндиликда шу долзарб муаммо ҳам амалий ечимини топди: бундан буён оилада, суд муҳокамаси ёки маъмурий муҳокама даврида ваколатли органлар оқилона ва мустақил фикрлаш қобилиятига эга боланинг манфаатига тааллуқли масалани ҳал қилишда унинг фикрини, ёшидан қатъи назар, жиддий омил сифатида кўриб чиқиши ҳамда боланинг энг устун манфаатларини назарда тутувчи қарорни қабул қилиши шарт.

Боланинг бегонаси бўлмайди

Шунингдек, 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларига абитуриентларни қабул қилишнинг умумий сонидан Меҳрибонлик уйи ва Болалар шаҳарчасининг битирувчилари бўлган чин етимлар учун қўшимча равишда бир фоизгача давлат гранти асосидаги қабул квоталари ажратилади.

Ҳуқуқбузарлик содир этган болаларни профилактик ҳисобга олиш ўрнига, уларнинг жамиятга мослашувини таъминловчи механизмлар ишлаб чиқилади. Энди болалар қаерда тарбияланмасин, улар доимий равишда давлат ва жамоат ташкилотлари, омбудсман эътиборида бўлади. Болалар ҳуқуқини таъминлаш мақсадида таълим муассасалари, Меҳрибонлик уйларида жамоатчилик назорати ўрнатилади ва доимий мониторинг қилиб борилади.

Ўзбекистонда ювенал адлия тизимини жорий этиш ҳам кўзда тутилган. Бу жараёнда қонун ҳужжатларидаги “вояга етмаган” ва “бола” каби тушунчаларни бирхиллаштириш масаласи муҳим аҳамиятга эга. Чунки бундан кўзланган мақсад 18 ёшга тўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий муносабатлар субъекти сифатида қатнашиши учун қулай шароит яратишдан иборат.

***

Мухтасар айтганда, юртимизда бола ҳуқуқларини таъминлашда янги механизм, янги тартиб-тамойиллар ишлаб чиқилади. Болаларга янада кенг имтиёзлар яратилади. Сир эмас, боланинг қандай инсон бўлиб етишиши тарбияга, атрофдагиларнинг унга бўлган муносабатига боғлиқ. Юқоридаги ўзгаришлардан кўзланган мақсад ҳам ўғил-қизларимизнинг беғубор қалбида эзгулик уруғини ундириш, ҳар қандай зулм, ҳақсизлик ва ёвузликлардан асрашга қаратилган. Бу борадаги ишлар эса эндиликда Бола ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман) томонидан мувофиқлаштирилиб борилади.

Алия ЮНУСОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати


Кўришлар сони: 403

Депутатлар минбари

Янгиликлар

17.06.2019
Шифо – ўринлари қачон тартибга келади?

Тадбирда ушбу масалалар мисолар орқали таҳлил қилинди. Хусусан, Наманган шаҳридаги биргина 300 та...

17.06.2019
Ўзбекистон — Германия: парламентлараро муносабатлар мустаҳкамланмоқда

2019 йил 17 июнь куни парламент қуйи палатасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик ...

14.06.2019
Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси зиммасидаги вазифаларни қай даражада уддаламоқда?

Жорий йилнинг 14 июнь куни Ўзбекистон Републикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Ўзбекистон ...

Тадбирлар тақвими