Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Абдураҳим ҚУРБОНОВ: Биохилма-хилликни муҳофаза қилиш — муҳим масала

Абдураҳим ҚУРБОНОВ: Биохилма-хилликни муҳофаза қилиш —  муҳим масала

Халқаро ҳуқуқ нормаларига кўра, биохилма-хилликни муҳофаза қилиш, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тизимини ривожлантириш, уларни бошқариш, бутлигини сақлаш ҳамда самарали фаолият юритишини таъминлаш долзарб вазифалардан бири саналади. Чунончи, 1992 йилда БМТ томонидан Биологик хилма-хиллик тўғрисидаги Конвенция қабул қилинди ва у бир йил ўтиб, халқаро ҳужжат сифатида кучга кирди. Кўплаб муҳим вазифалар белгилаб берилган мазкур Конвенция бугунги кунда дунёнинг аксарият мамлакатлари томонидан ратификация қилинган. Шу муносабат билан ҳар йили 22 май — Халқаро биологик хилмахиллик куни сифатида нишонлаб келинади.

Мустақиллик йилларида Ўзбекистон барқарор ривожланиш учун биологик хилма-хилликни сақлаб қолишнинг ўта муҳимлигига алоҳида аҳамият бергани ҳолда, бир қатор халқаро ҳуқуқий ҳужжатларга, шу жумладан, 1995 йилда Биологик хилма-хиллик тўғрисидаги Конвенцияга қўшилди ва република ҳукумати томонидан Ўзбекистон Республикасида Биологик хилма-хилликни сақлаб қолиш бўйича Миллий стратегия ва Ҳаракатлар режаси тасдиқланди. Мазкур ҳужжатга асосан, мамлакат умумий ер майдонининг 10 фоизини муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тоифасига киритиш режалаштирилган.

Мамлакатимизда табиат муҳофазаси, экологик барқарорлик ва биохилмахилликни сақлаш, қайта тиклашга катта эътибор қаратилиб, унинг зарур ташкилий-ҳуқуқий ҳамда институционал базаси яратилди. Конституциямизда ер, ерости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий захиралар умуммиллий бойлик экани, улардан оқилона фойдаланиш зарурлиги ва улар давлат муҳофазасида экани мустаҳкамлаб қўйилди. Шунингдек, соҳага доир бир қатор қонунлар қабул қилинди.

Бугун юртдошларимиз Ватанимизнинг бетакрор наботот ва ҳайвонот олами билан ҳақли равишда фахрланади. Диёримизга ташриф буюрадиган сайёҳлар ҳам юртимизнинг азим тоғлар, чўллар, сув ҳавзалари, тўқайзорлар, боғ-роғлар, бошқа маданий экотизимлар, уларда учровчи барча тирик организмлар мажмуидан таркиб топган биохилма-хиллиги ўзига хос ҳамда ноёб эканини ҳамиша эътироф этади.

Она-табиатимизни ҳар томонлама ҳимоя қилиш - экологик барқарорликни таъминлашнинг асосий шартидир. Шундай экан, республикамизда биологик хилма-хиллик объектларини асраб-авайлаш ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, улар яшайдиган муҳитни комплекс муҳофаза қилиш, шунга мўлжалланган ҳудудларни кенгайтириш, янгиларини бунёд этиш ва уларнинг иш самарадорлигини ошириш бўйича бир қанча юмушлар амалга ошириляпти.

Бу борада ҳукуматимиз томонидан қабул қилинган Биологик хилма-хилликни сақлаб қолиш бўйича Миллий стратегия ва Ҳаракатлар режасида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тизимини янгидан ташкил этиш, мавжудларини кенгайтириш, бундай ҳудудларда фаолият юритишнинг иқтисодий механизмларини халқаро амалиётдан келиб чиққан ҳолда олиб бориш, биохилма-хилликни муҳофаза қилиш ва унга зиён етказмасдан фойдаланишда кенг жамоатчиликнинг иштирокини таъминлаш, тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш каби устувор вазифалар кўрсатиб ўтилган. Уларнинг ижроси доимий диққат-эътиборда.

Биологик хилма-хилликни сақлаб қолиш айнан муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда тўлақонли амалга оширилишини эътироф этган ҳолда ҳукуматимиз томонидан мазкур ҳудудлар майдонини кенгайтириш борасида амалий ишлар олиб борилмоқда. Ўзбекистон Республикасининг “Муҳофаза этиладиган табииий ҳудудлар тўғрисида”ги Қонуни шундай ҳудудларни ташкил этиш, бошқариш ва кенгайтириш билан боғлиқ ҳуқуқий асосларни белгилаб беради.

Бугунги кунда Ўзбекистоннинг муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлари тизимига 8 та давлат қўриқхонаси, 1 та давлат биосфера резервати, 2 та табиат миллий боғи, 10 та давлат буюртма қўриқхонаси, 6 та табиат ёдгорлиги, 3 та ёввойи ҳайвонларни кўпайтириш бўйича питомник, республика ҳудудидан оқиб ўтувчи 8 та дарёнинг сувни муҳофаза қилиш зоналари, республика ҳудудида жойлашган халқаро аҳамиятга эга сув-ботқоқ жойлари рўйхатга киритилган 2 та (Денгизкўл ва Айдар-Арнасой кўллар тизими) кўл киради.

Қорақалпоғистон Республикасида жойлашган “Бадай-тўқай” давлат қўриқхонаси негизида “Қуйи Амударё” давлат биосфера резервати ташкил этилди. Биосфера резерватининг вазифаси резерват ҳудудидаги табиий ландшафтлар, фауна ва флоранинг йўқ бўлиб кетиш хавфи остидаги турларини ҳамда ҳудудга хос бошқа табиий объектларини сақлаб қолиш, қайта тиклаш, экологик ҳолатини яхшилаш, табиий ресурслардан барқарор фойдаланишни ва аҳолининг ижтимоий фаровонлигини таъминлаш, табиат жараёнларини ўрганиш, экологик таълим-тарбиянинг ривожланишига ёрдам кўрсатишдан иборат.

Маълумотларга кўра, юртимизда 15700 га яқин ҳайвон, 4500 та олий навли ўсимлик тури учрайди. Муҳофаза қилинадиган ҳудудлар уларни сақлаш, қайта тиклаш ва фойдаланишда муҳим манбаа ва муҳит вазифасини ўтайди. Шунинг учун ҳам бу каби маконларни янада кенгайтиришнинг аҳамияти катта.

Республикамизда табиий фауна турларини махсус кўпайтиришга ҳам биохилма-хилликни таъминлашнинг муҳим йўналишларидан бири сифатида эътибор қаратилади. Ўз навбатида, диёримиз ўсимлик олами ноёблиги, шифобахшлиги билан ажралиб туради.

Мутахассисларнинг аниқлашича, юртимиз флораси таркибидаги турларнинг 700 таси эфир сақловчи ҳисобланади, 100 таси замонавий тиббиётда, 1500 таси эса халқ табобатида кенг қўлланилади. Демак, уларни сунъий усулда етиштириш кўлами кенгайиб бораётгани қувонарлидир. Бугун давлат ва хусусий тадбиркорлик тизимидаги бир қатор субъектлар ушбу фаолият билан шуғулланиб келаётгани фикримизга мисолдир. Бу борадаги ишларни янада изчил давом эттириш биологик неъматлар, табиий мувозанатни сақлаш, иш ўринлари яратиш, иқтисодий самарадорликка хизмат қилиши, шубҳасиз. 

Кези келганда, айтиш керакки, сўнгги йилларда турли табиий ва антропоген омиллар туфайли дунёда қурғоқчилик, чўлланиш, деградация каби муаммолар кузатилаётир. Оқибатда ҳайвонот ва наботот турлари сони камаймоқда, яшаш муҳитларидаги аҳвол янада кескинлашиб, биохилма-хилликка путур етаётир. Мазкур вазият, албатта, ёввойи турлар муҳофазасини янада такомиллаштириш, мутахассислар, кенг жамоатчиликнинг масъулиятини кучайтиришни тақозо этади. Ўзбекистон Республикаси “Қизил китоби”га (2009 йилда чоп этилган) 324 турдаги ноёб ва йўқолиб кетиш хавфи остидаги ўсимликлар ва замбуруғлар, 184 турдаги ҳайвонлар киритилган. Ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш, уларнинг йўқ бўлиб кетиш хавфи остида қолганларини сақлаб қолиш ҳамда кўпайтиришдек давримиз учун ўта долзарб муаммоларни ҳал этишда Ўзбекистонда қўриқхоналар, буюртмахоналар ва Миллий боғлар алоҳида ўрин тутади.

Ўзбекистон Экологик партияси, Ўзбекистон экологик ҳаракати, унинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги депутатлари гуруҳи, парламент қуйи палатасидаги Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси аъзолари бу борадаги ишларга ҳисса қўшишни ўзлари учун устувор вазифа, деб билади.

Айни пайтда депутатлар томонидан соҳага оид қонунчилик нормаларини янада такомиллаштириш устида ишлар олиб борилмоқда, уларнинг ижроси назорат-таҳлил фаолияти тартибида ўрганиляпти. Ҳужжатларнинг сўзсиз бажарилишини таъминлаш, зарур ҳуқуқий механизмларни янада маромига етказишга оид таклиф-тавсиялар ишлаб чиқиляпти, қарорлар қабул қилинмоқда. Олимлар, амалиётчи экспертлар, экологлар, ҳуқуқшунослар, давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларини жалб этган ҳолда, бир қатор ишчи гуруҳлари ташкил қилинди. Уларда табиатни асраб-авайлаш ва экологияга оид кўплаб ҳуқуқий ҳужжатлар, жумладан, амалдаги қонунларни янада маромига етказиш устида изланишлар давом эттириляпти. Ўзбекистон Республикасининг “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги ҳамда “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги, “Ўрмон тўғрисида”ги қонунлари янги таҳрирда қабул қилинди.

Бугунги кунда республикамиздаги айрим вилоятларнинг муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларида давлат кадастрини юритиш сифатини яхшилаш лозимлигини ҳам қайд этиб ўтиш жоиз. Қолаверса, соҳада илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш, мутахассислар тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш бўйича чора-тадбирлар кўламини кенгайтириш ҳам давр талабига айланмоқда.

Мухтасар айтганда, мамлакатимизда биологик хилма-хилликни асрашга қаратилган эзгу амаллар атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экологик барқарорликни мустаҳкамлаш, жамиятда соғлом турмуш тарзини чуқур қарор топтириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда катта аҳамият касб этяпти.

 

Абдураҳим ҚУРБОНОВ,

Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси Қонунчилик

палатаси депутати


Кўришлар сони: 1934

Депутатлар минбари

Янгиликлар

23.10.2019
Юридик шахслар томонидан атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида олиб бориладиган фаолият лицензияланади

Маълумки, “Атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш тўғрисида”ги қонуннинг 20-моддасига...

23.10.2019
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш тартиб-таомиллари соддалаштирилади

 

Мамлакатимизнинг экспорт салоҳиятини ошириш, экспорт қилиш тартиб-таомилларини соддалаштириш...

23.10.2019
Акмал БУРҲОНОВ: Депутатлар ўрганган муаммолар ҳукумат ва тиббиёт соҳаси масъуллари учун ўгайми?

Табиий савол туғилади: депутатлар ўрганган муаммолар Ҳукумат ва тиббиёт соҳаси масъуллари учун ўгайм...

Тадбирлар тақвими