Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Тўлқин ЭШНАЗАРОВ: Яйловлар муҳофаза қилинади

Тўлқин ЭШНАЗАРОВ: Яйловлар муҳофаза қилинади

Давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегияси доирасида қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш ва ривожлантириш, ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш юзасидан вазифалар аниқ белгиланиб, тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Бу эса, ўз навбатида, мамлакатимиз ер майдонининг 46,5 фоизини ташкил этган 21,1 млн. гектар яйлов ва пичанзорларни асраб-авайлашни тақозо этади. Ҳозирги кунда ушбу ерларда 2300 дан ортиқ чорвачилик ва қоракўлчилик йўналишидаги фермер хўжаликлари фаолият юритиб, улар томонидан қоракўл териси ва жуни, гўшт ҳамда сут маҳсулотлари етиштирилмоқда.

Шу билан бир қаторда, ҳуқуқни қўллаш амалиётининг таҳлили мамлакатимизда яйловлардан оқилона фойдаланиш соҳасида ҳал этилиши лозим бўлган бир қатор долзарб муаммолар, ҳуқуқий бўшлиқлар ҳамда ҳуқуқий тартибга солиниши лозим бўлган масалалар мавжудлигини кўрсатмоқда. Хусусан, мазкур соҳадаги муносабатларни тартибга солувчи махсус қонун қабул қилинмаган. Яйловлардан оқилона фойдаланиш юзасидан ҳуқуқий муносабатлар белгиланмаган. Уларни муҳофаза қилиш ҳамда маҳсулдорлигини оширишга қаратилган чора-тадбирлар жорий этилмаган. Шунингдек, яйловлардаги мавжуд сув таъминоти иншоотлари эскириб, кўпи яроқсиз ҳолатга келган. Буларнинг оқибатида республикадаги яйловларнинг ҳолати йилдан-йилга ёмонлашиб бормоқда.

Сўнгги 35-40 йил давомида кўчма чорвачиликда яйловлардан меъёрдан ортиқ фойдаланганлик, молларни яйловларда ортиқча боқиш ва бошқа антропоген таъсирлар натижасида чорва озуқаси ҳажмининг йўқолиши, яйлов ерлари инқирози содир бўлмоқда. Соҳа мутахассисларининг таҳлилларига кўра, ҳозирги кунга келиб, мамлакатдаги умумий 21,1 млн. гектардаги яйлов майдонларидан 16,4 млн. гектари (78 фоизи) инқирозга учраган. 20 фоиздан ортиқ майдондаги яйлов ва пичанзорда ўсимликлар сони ва турлари камайиб, маҳсулдорлик 2 баробарга, шу жумладан, озуқа экинлари ҳосилдорлиги гектарига 1,5-2,5 центнерга қисқарган.

Ўтган асрнинг 90-йилларда яйловларда 274 хил ўсимлик учраган бўлса, бугунги кунда уларнинг атиги 42 тури қолган. Қолганлари яйловларга қаровсизлик, улардан хўжасизларча фойдаланиш ва пайҳон қилиниши натижасида йўқолиб кетган. Инқирозга учраган яйлов майдонларини аниқлаш ва уларни тиклаш ҳамда ҳосилдорлигини ошириш учун озуқабоп экинларни экиш ишларига етарлича эътибор қаратилмаган. Бу эса, ўз навбатида, соҳадаги ҳуқуқий муносабатларни тартибга солувчи махсус қонун ишлаб чиқишни тақозо этар эди.

Куни кеча Президентимиз ушбу соҳани тубдан такомиллаштириш ва ҳуқуқий асосларини белгилаб беришга қаратилган Ўзбекистон Республикасининг “Яйловлар тўғрисида”ги қонунни имзолади.

Хўш, мазкур ҳужжат нимаси билан аҳамиятли? Қонуннинг мамлакатимиз ва унинг аҳолисига қандай фойдаси тегади?

Ушбу қонун билан, биринчидан, мамлакат умумий ер майдонининг қарийб ярмини ташкил этадиган яйловлардан оқилона фойдаланишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмлари яратилади. Тегишли давлат бошқарув органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, юридик ва жисмоний шахсларнинг яйловлардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги ваколатлари ва мажбуриятлари, уни бошқариш, инқирозга учраган яйлов майдонларини аниқлаш ва уларни тиклаш ҳамда ҳосилдорлигини ошириш учун озуқабоп экинларни экиш ишлари ташкил этилади.

Иккинчидан, озиқ-овқат маҳсулотлари захирасини, аҳолига гўшт ва сут маҳсулотларини етказиб беришни кўпайтириш ҳамда уларни экспорт қилиш учун янги имкониятлар яратилади. Яйловларни муҳофаза қилиш ва уларнинг ҳосилдорлигини оширишга қаратилган илмий-тадқиқот ва инновацион ишланмалар ишлаб чиқаришга жорий этилади.

Учинчидан эса, чорвачиликда яйловлардан фойдаланишнинг меъёрлари белгиланиб, чорва озуқаси ҳажмининг йўқолиши, яйлов ерларининг инқирозининг олди олинади. Шунингдек, қонун яйловларни муҳофаза қилиш, доимий кузатиб бориш, уларни такрор кўпайтириш ва тиклашга ҳуқуқий асос вазифасини ўтайди.

Зотан, Ўзбекистон Республикасининг “Яйловлар тўғрисида”ги қонуни лойиҳасининг қабул қилиниши қишлоқ хўжалигида олиб борилаётган тизимли ислоҳотларга ҳамоҳанг бўлиб, озиқ-овқат маҳсулотлари захирасини, аҳолига гўшт ва сут маҳсулотларини етказиб беришни кўпайтириш ҳамда уларни экспорт қилиш учун янги имкониятлар яратилишига хизмат қилади.

 

Тўлқин ЭШНАЗАРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Аграр ва сув хўжалиги масалалари

қўмитаси раиси


Кўришлар сони: 1467

Депутатлар минбари

Янгиликлар

23.10.2019
Юридик шахслар томонидан атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида олиб бориладиган фаолият лицензияланади

Маълумки, “Атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш тўғрисида”ги қонуннинг 20-моддасига...

23.10.2019
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш тартиб-таомиллари соддалаштирилади

 

Мамлакатимизнинг экспорт салоҳиятини ошириш, экспорт қилиш тартиб-таомилларини соддалаштириш...

23.10.2019
Акмал БУРҲОНОВ: Депутатлар ўрганган муаммолар ҳукумат ва тиббиёт соҳаси масъуллари учун ўгайми?

Табиий савол туғилади: депутатлар ўрганган муаммолар Ҳукумат ва тиббиёт соҳаси масъуллари учун ўгайм...

Тадбирлар тақвими