Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Абдураҳим ҚУРБОНОВ: Бахшичилик санъатини янада ривожлантириш борасида тарихий қадам

Абдураҳим ҚУРБОНОВ: Бахшичилик санъатини янада ривожлантириш борасида тарихий қадам

Бахшичилик халқ оғзаки ижодининг ёрқин намунаси бўлиб, унда ҳар бир халқнинг ўтмиши, руҳияти, менталитети, қадриятлари, урф-одат ва анъаналари акс этади. Шу боис ушбу ноёб санъат мавжуд бўлган барча элларда у номоддий маданий мерос сифатида муҳофаза қилинади, юксак қадрланади.

Бугунги кунда мамлакатимизда ҳам ўзбек миллий бахшичилик ва достончилик санъатининг ноёб намуналарини асраб-авайлаш, ривожлантириш, кенг тарғиб қилиш, ёш авлод қалбида ушбу санъат турига ҳурмат-эътибор туйғуларини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 14 майда қабул қилинган “Бахшичилик санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори халқимиз маданиятининг ҳаётбахш сарчашмаси бўлган бахшичилик санъатини янада равнақ топтириш, унинг миллий маданиятимиз ва санъатимиздаги ўрни ҳамда аҳамиятини юксалтириш, ёш авлодни миллий ўзликни англаш, Ватанга садоқат, тарихий меросга ҳурмат руҳида тарбиялашга қаратилгани билан муҳим аҳамият касб этади. Айниқса, ҳозирги глобаллашув даврида, “оммавий маданият”, шоу-бизнеснинг салбий таъсири тобора кучайиб бораётган бир шароитда фольклор санъатига эътибор ва қизиқиш сусайиб, кўп жойларда унутилиб, ҳимоя ва муҳофазага муҳтож бўлиб турган паллада мазкур қарорнинг қабул қилиниши бениҳоя катта воқеа бўлди.

Таъкидлаш лозимки, халқимизнинг миллий ўзлигини, қадимий тарихи ва тилини, унинг ҳаёт тарзи, анъана ва урф-одатларини ўзида мужассам этадиган, умумбашарий маданиятнинг ажралмас қисми сифатида тан олинган бахшичилик санъати атоқли бахши-шоирларимиз, фольклоршунос олимларимизнинг фидойи меҳнати, ижодий тафаккури билан асрлардан-асрларга ўтиб келмоқда. Дарҳақиқат, халқ оғзаки ижоди — халқнинг маънавий хазинаси. Бу бойликни асраб-авайлаш, ривожлантириш авлодларнинг, сизу бизнинг бурчимиздир. Бунинг учун, энг аввало, санъатга, адабиётга замин бўлган халқимизнинг қадим мифологик тасаввурларини, бахшичилик санъатини яхши ўрганиш, тадқиқ этиш лозим. Сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари томонидан миллий қадриятларимизни асраб-авайлаб, уни келгуси авлодларга етказишга юксак даражада аҳамият қаратилмоқда. Президентимиз ташаббуси билан 2018 йилда Термиз шаҳрида ташкил этилган “Бахшилар мактаби” бахшичилик санъати анъаналарини ўрганиш ва давом эттириш, истеъдодли ёшларни кашф қилиш ҳамда тарбиялашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Чунончи, илк марта Юртбошимиз ташаббуси билан жамоатчиликни ўзбек бахшичилигининг бетакрор намуналари билан таништириш, ёшлар орасида миллий фольклорга бўлган қизиқишни ошириш, қардош халқлар ўртасида дўстлик алоқаларини мустаҳкамлаш, ижодий алоқалар ва маданий ҳамкорлик доирасини халқаро кўламда кенгайтириш мақсадида Термиз шаҳрида жорий йил 5-10 апрель кунлари Халқаро бахшичилик санъати фестивали ўтказилди. 

Асосий байрам тадбирлари кечган 32 гектардан иборат майдонда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг рамзий қўрғонлари бунёд этилди. Бу ерда ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос ҳаёт тарзи, халқ ҳунармандчилиги ва амалий санъати, майдон томошалари, миллий урф-одат, анъана ва қадриятларини ифода қилувчи кўргазмалар ташкил этилди.

Юртимизда биринчи бор ўтказилган ушбу санъат байрамида дунёнинг 74 та давлатидан 160 дан зиёд вакиллар қатнашди. Уларнинг орасида атоқли маданият арбоблари, фольклор санъати намояндалари, оммавий ахборот воситалари ходимлари борлиги халқаро бахшичилик санъати фестивалига халқаро жамоатчиликнинг нечоғли катта қизиқишидан далолатдир.

Бу борада давлатимиз раҳбари шундай дедилар: “Биз халқ ижодиётини, турли ўлкаларда бахши, жиров, оқин, манасчи, шоир, ошиқ каби номлар билан аталадиган, ўз тимсолида ҳам шоирлик, ҳам созандалик, ҳам хонандалик маҳоратини мужассам этадиган инсонларнинг нодир истеъдодини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашимиз зарур. Бугун ўз ишини бошлаётган Халқаро бахшичилик санъати фестивали айни шундай улкан ва муҳим мақсадга қаратилганини алоҳида таъкидламоқчиман”.

Албатта, бахши ва оқинларимизга ўзлигини, истеъдод ҳамда салоҳиятини намоён этиши учун ана шу фестивал каби кенг майдон керак эди ва у яратилди. Халқаро бахшичилик санъати фестивали халқимизнинг қадимий санъатини асраб-авайлаш, ўрганиш, тарғиб қилиш, ривожлантириш ҳамда моҳир ижрочиларни рағбатлантиришда муҳим аҳамият касб этди.

Олимларнинг таъкидлашича, юртимизда достон куйлаш анъанаси қадимда уч йўналишда ривожланган. Биринчи йўналиш — Булунғур, Нарпай, Нурота, Қўрғон, Шаҳрисабз, Қамай, Шеробод, Жанубий Тожикистонда яшовчи ўзбек-лақай достончилик мактабларида дўмбира чертиб якка ҳолда, бўғиз овоз билан ижро этилган. Иккинчи йўналиш — Хоразмда тор, дутор, ғижжак, гармон, буламон, қўшнай, доира жўрлигида баъзан якка, баъзан жуфт ҳолда, очиқ овоз билан ижро этилган. Учинчи йўналиш — Фарғона водийсида дутор жўрлигида очиқ овозда айтилган.

“Алпомиш”, “Гўрўғли”, “Кунтуғмиш”, “Рустамхон”, “Муродхон”, “Мисқол пари”, “Ҳасанхон”, “Ёдгор”, “Юсуф билан Аҳмад”, “Авазхон”, “Қиронхон”, “Равшан”, “Интизор”, “Ширин билан Шакар”, “Эрали”, “Кунтуғмиш”, “Ойсулув” каби достонларни бахшилар айтиб келган.

Яхши биласиз, 1999 йилда Термизда ЮНЕСКО шафеълигида “Алпомиш” достонининг 1000 йиллиги халқаро миқёсда кенг нишонланди. Ўзбек халқ оғзаки ижодининг ноёб дурдонаси ҳисобланмиш ушбу достонда, гарчи муайян ҳудуд одамлари, уларнинг тарихи, маданияти, миллий урф-одат ва анъаналари ҳақида ҳикоя қилинса-да, у умуминсоний қадриятларни ҳам ўзида ифодалаган юксак оғзаки ижод маҳсулидир. “Алпомиш” достони давр ва замонлар синовидан ўтиб, кишиларга юксак руҳий мадад, маънавий озуқа бахш этиб келяпти.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, “Алпомиш” достонининг қирққа яқин варианти мавжуд бўлиб, у турли ҳудудларда ўзига хос талқин этилади. Бинобарин, ушбу достон халқ оғзаки поэтик ижодининг ёрқин намунасидир. Унда ватанпарварлик, халқпарварлик, соф инсоний фазилатлар, покиза муҳаббат туйғулари зўр маҳорат билан куйланган. “Алпомиш” достонини 1939 йилда таниқли шоир Ҳамид Олимжон Фозил Йўлдош оғзидан қоғозга туширган бўлса, кейинчалик фольклоршунослар бу достоннинг турли муқобил ва версияларини бахшилар тилидан ёзиб олишган. Кейинги йилларда “Алпомиш” достонининг бир неча янги варианти китоб ҳолида чоп этилди. Кўп жилди “Қорақалпоқ фольклори” тўпламлари чоп этилди, 100 томлик “Ўзбек халқ ижоди ёдгорликлари” мажмуаси нашр қилинмоқда. Бахши-шоирлар томонидан ижро этилаётган асарларни ёзиб олиш, уларни илмий ўрганиш ишлари давом этмоқда.

Дарҳақиқат, бу борадаги ишларимизни янада кучайтириш борасида “Бахшичилик санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор билан Республика Бахшичилик санъати маркази ҳамда унинг ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлган Бахшичилик санъатини ривожлантириш жамғармасини ташкил этиш кўзда тутилган.

Республика Бахшичилик санъати маркази зиммасига бахшичилик санъатининг илмий-назарий, амалий асосларини чуқур ўрганиш, соҳада шаклланган ижодий мактабларнинг ўзига хос ижро услублари, “Устоз — шогирд” анъаналарини қайта тиклаш ҳамда ривожлантириш, бахши-шоирлар, фольклоршунос олимлар, ўқитувчи ва мутахассисларнинг ижодий-илмий фаолиятини қўллаб-қувватлаш, маданият марказлари, болалар мусиқа ва санъат мактаблари, бошқа таълим муассасалари қошида бахшичилик санъати тўгаракларини ташкил этиш каби муҳим вазифалар белгиланган. Бундан ташқари, бахши-шоирлар ижодига кенг йўл очиб бериш, оммавий байрамлар ва маданий тадбирларда уларнинг фаол иштирокини таъминлаш, бахшичилик санъатининг сара намуналарини тўплаш ва фондини яратиш, уларнинг аудио-видео вариантларини кўпайтириш, бахшичилик санъати йўналишида халқаро ҳамкорликни кучайтириш, бу борада ўзаро тажриба алмашишни йўлга қўйиш, жумладан, турли халқаро анжуманлар, танловлар, концертлар, маҳорат дарсларини ташкил этиш кабилар ҳам марказнинг асосий вазифалари сирасида қайд этилган.

Яна шуни ҳам таъкидлаш лозимки, мазкур қарор билан Термиз шаҳридаги бахшичилик мактаби негизида бахшичилик санъатига ихтисослаштирилган Республика мактаб-интернати ташкил этилади. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда бахшичилик санъати ривожи учун зарур бўлган мусиқа чолғулари (дўмбира, сибизға, чанқовуз, қўшнай, ғажирнай, бўламон, қўбиз кабилар) ишлаб чиқарадиган усталар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, устахоналар учун жой ажратиш, махсус ёғоч ва металл маҳсулотлари билан таъминлаш чоралари кўрилади. Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси билан биргаликда бахши-шоир, жиров ва оқинлар томонидан ижро этиладиган асарлар куйларини ноталаштириш ишлари босқичма-босқич амалга оширилади. Маданият вазирлиги ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий комиссияси билан биргаликда ўзбек халқининг кўҳна ва бетакрор санъати намунаси бўлган бахшичилик санъатини ЮНЕСКОнинг Инсоният номоддий маданий меросининг репрезентатив рўйхатига киритиш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда Қорақалпоғистон Республикаси, Сурхондарё, Қашқадарё, Хоразм вилоятларида бахшичилик санъати давлат ансамбллари, ушбу санъат тури ривожланган бошқа ҳудудларда эса, вилоят ансамбллари, шунингдек, тегишли ҳудудларда болалар мусиқа ва санъат мактаблари қошида бахшичилик санъати синфлари ташкил этилади.

Хулоса қилиб айтганда, мазкур тарихий қарор юртимизда ноёб маданий меросимизни ўрганиш, унинг бебаҳо анъаналарини тарғиб қилиш ва ривожлантиришга кенг шароитлар яратиш баробарида, ушбу битмас-туганмас меросимиз намуналари авлодлардан-авлодларга ўтиб, янада сайқал топишида долзарб аҳамият касб этади.

Абдураҳим ҚУРБОНОВ,

Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси Қонунчилик

палатаси депутати


Кўришлар сони: 1823

Депутатлар минбари

Янгиликлар

23.10.2019
Юридик шахслар томонидан атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида олиб бориладиган фаолият лицензияланади

Маълумки, “Атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш тўғрисида”ги қонуннинг 20-моддасига...

23.10.2019
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш тартиб-таомиллари соддалаштирилади

 

Мамлакатимизнинг экспорт салоҳиятини ошириш, экспорт қилиш тартиб-таомилларини соддалаштириш...

23.10.2019
Акмал БУРҲОНОВ: Депутатлар ўрганган муаммолар ҳукумат ва тиббиёт соҳаси масъуллари учун ўгайми?

Табиий савол туғилади: депутатлар ўрганган муаммолар Ҳукумат ва тиббиёт соҳаси масъуллари учун ўгайм...

Тадбирлар тақвими