Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Одинахон ЖАМОЛДИНОВА: Тест синовларида адолат мезони янада кучаяди

Одинахон ЖАМОЛДИНОВА: Тест синовларида адолат мезони янада кучаяди

Фарзандининг олий ўқув юртида ўқиб, яхши касб эгаси бўлишини орзу қилмайдиган одам йўқ. Илмга чанқоқ, маърифатсевар халқимиз учун эса, бу нафақат орзу, балки, мудом интилиб келинадиган маёқ ҳамдир.

Буни йил сайин олий ўқув юртларига кириш имтиҳонларига ҳужжат топширадиган абитуриентларнинг сони ортиб бораётгани, танловларнинг юқори бўлиб, балларнинг ошиб кетаётганида ҳам кўряпмиз. Ҳаттоки, бир ўринга 20-45 нафаргача даъвогар курашган йиллар ҳам кўп. Аммо, минг афсуски, улардан атиги бир нафари талабаликка қабул қилинарди, холос. Қолган тўқсон тўққиз фоизининг ота-онаси орзулари армонга айланиб, ёшларнинг эса, умидлари сўниб қоларди. Чунки, йиллар давомида олий таълим муассасаларига қамраб олиш 9-10 фоиздан ошмаган. Ёшларнинг жуда камчилигини ташкил этган бу кўрсаткич ҳар бир зиёли инсоннинг мамлакат келажаги ҳақида қайғуришига асос бўлса-да, бу рақамларни оширишнинг имкони йўқлигини англаб етиш қийин эмас.

Қарангки, мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичида Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси — Ҳаракатлар стратегиясида таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш, олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш сифатини ошириш орқали соҳанинг том маънода рақобатбардошлигини таъминлаш, олий таълим муассасаларига қабулнинг янги шаклларини амалиётга жорий этиш устувор вазифа сифатида белгиланди.

Ўтган қисқа давр Ўзбекистон Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг бевосита олий таълим тизимига дахлдор қатор фармони, қарор ва фармойишлари қабул қилиниши ислоҳотларни янада жадаллаштиришга ёрдам бермоқда. Ўтган йили олий ўқув юртига ёшларни қамраб олиш даражаси 15 фоизга етгани ҳам ана шундай кўламдор ислоҳотлар самараси бўлди.

Шу ўринда бир мулоҳаза. Ўтган давр мобайнида ўқишга қабул қилишнинг тест синовларига асосланган тизими амалиётда ижодкорлик, маҳорат талаб этадиган маданият, санъат, мусиқа, спорт ва жисмоний тарбия каби соҳаларда иқтидорли ёшларни аниқлаш имконини бермади. Қайтанга, абитуриентларнинг саводхонлик даражаси ҳам пасайиб кетгани кузатилди. Жамият учун ўткир муаммони келтириб чиқариши мумкин бўлган ушбу масала моҳияти ўз вақтида илғанди ва 2017 йилда қабул қилинган махсус қарор билан алоҳида иқтидор талаб этиладиган бакалавриат таълим йўналишларига кириш тест синовларисиз, касбий (ижодий) имтиҳонлар орқали қабул қилиниши йўлга қўйилиб, иқтидорли ёшларнинг таълим олиши учун катта имконият яратилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йил 28 декабрда Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида ёшлар учун таълим олиш имкониятини кенгайтириш орқали 2019 йилда олий таълим муассасаларига қамровни 20 фоизга етказиш ва келгуси йилларда ушбу рақамни изчил ошириб бориш вазифасини қўйди.

Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 14 майда қабул қилинган “Олий таълим муассасаларига тест синовлари орқали қабул қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори эса, навқирон авлодни олий таълим тизимига янада кенгроқ қамраб олиш, халқимизни зиёли қилиш борасидаги яна бир улкан қадамга асос бўлди.

Мазмун-моҳияти тўлалигича ижтимоий адолатга йўғрилган ушбу ҳужжатга биноан, эндиликда олий таълим муассасаларига ўқишга киришда жиддий ижобий ўзгаришлар бўлади, тизимда адолат қарор топади. Яъни, 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб абитуриентлар ўқишга кириш учун ўзи яшаб турган ҳудуддаги Давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қилади. Уларга бир вақтнинг ўзида учтагача бакалавриат таълим йўналишида танловда иштирок этиш ҳуқуқи берилади. Бу эса, олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари ҳар қандай шубҳа ва гумонлардан ҳоли, адолат мезонларига таянган ҳолда шаффоф ва очиқликда ўтишини таъминлайди.

Шунингдек, қарор билан Давлат тест маркази ҳузурида Давлат тест маркази фаолиятини ривожлантириш жамғармасининг ташкил этилиши ва жамғарма маблағларининг марказ ходимларини хорижий давлатларнинг илмий-тадқиқот, таълим муассасаларида ўқитиш, малакасини ошириш ва стажировка ўташи учун йўналтирилади. Илмий даражали ҳодимларга 30-35 фоиз миқдорда устамалар тўлаб берилиши ёки лавозим маошининг 200 фоизигача бўлган миқдорда ойлик устамалар берилиши, рағбатлантириб борилиши, айниқса, хорижлик экспертлар ва хорижда истиқомат қилаётган ватандошларимизни Давлат тест марказига ишлаш учун жалб қилишга сарфланиши марказ фаолиятини, тест саволлари ҳамда тест синовлари жараёнларининг йилдан-йилга илмий-услубий жиҳатдан такомиллашб боришига хизмат қилади.

Албатта, мазкур қарорнинг тўлақонли ижросини таъминлашда парламентнинг ҳам олдида масъулиятли вазифалар турибди. Аввало, ушбу ҳужжатнинг мазмун-моҳиятини сайловчиларга — халқимизга чуқурроқ етказиш, давлатимиз раҳбарининг ёшларнинг олий ўқув юртларида таҳсил олиши учун кенг имкониятлар яратиб бераётганини тушунтиришимиз лозим. Энг асосийси, тест синовларининг адолатли ўтиши устидан парламент назоратини амалга оширишимиз керак ва бу юртимизнинг эртанги тараққиёти, халқимизнинг фаровонлиги учун жуда муҳимдир.  

 

Одинахон ЖАМОЛДИНОВА,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси депутати


Кўришлар сони: 1706

Депутатлар минбари

Янгиликлар

23.10.2019
Юридик шахслар томонидан атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида олиб бориладиган фаолият лицензияланади

Маълумки, “Атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш тўғрисида”ги қонуннинг 20-моддасига...

23.10.2019
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш тартиб-таомиллари соддалаштирилади

 

Мамлакатимизнинг экспорт салоҳиятини ошириш, экспорт қилиш тартиб-таомилларини соддалаштириш...

23.10.2019
Акмал БУРҲОНОВ: Депутатлар ўрганган муаммолар ҳукумат ва тиббиёт соҳаси масъуллари учун ўгайми?

Табиий савол туғилади: депутатлар ўрганган муаммолар Ҳукумат ва тиббиёт соҳаси масъуллари учун ўгайм...

Тадбирлар тақвими