Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Қодир ЖЎРАЕВ: Тинчлик учун барчамиз масъулмиз!

Қодир ЖЎРАЕВ: Тинчлик учун барчамиз масъулмиз!

Мана бир неча йиллардан бери, юртимизда 9 май – Хотира ва қадрлаш куни сифатида кенг нишонланиб келинаяпти. Ушбу улуғ айём туфайли аждодларимиз руҳини хотирлаш, уларга эҳтиром кўрсатиш, шунингдек, ёш авлоднинг ҳар томонлама баркамол бўлиб вояга етишида ўзининг улкан ҳаётий тажрибаси орқали ибрат бўлаётган кексаларимиз ҳурматини жойига қўйишдек эзгу фазилатлар ҳар бир юртдошимизнинг қалб амрига айланди, давлатимиз сиёсатининг устувор йўналиши сифатида қарор топди.

Қолаверса, ушбу байрам ўсиб келаётган ёш авлод учун ҳам жуда катта аҳамиятга эга. Чунки, мард, жасур, Ватан учун жон фидо қилган ютдошларимизни улуғлаш, уларнинг хотирасини ёд этиш орқали ёшларни истиқлол ғояларига садоқат, она халқига чексиз муҳаббат руҳида тарбиялашда муҳим омил бўлади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган тантанали маросимда сўзлаган нутқида орадан қанча йиллар, замонлар ўтмасин, буюк  ғалабанинг қадр-қиммати ва аҳамияти тобора ортиб бораверишини алоҳида таъкидлади. Ҳақиқатан ҳам, урушни кўрган, унинг машаққатларини бошдан кечирган инсонларнинг барчаси тинчлик – бебаҳо неъмат эканлигини, уни асраб-авайлашимиз лозимлигини бизга бот-бот уқтирмоқдалар. Дарҳақиқат, истиқлолимизнинг ўтган йиллари мобайнида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида халқимизнинг тинч ва осуда ҳаётини таъминлаш, турмуш даражасини юксалтиришдек олижаноб мақсад мужассамдир.

Мамлакатимиз раҳбари ўз нутқида нафақат фронтда жон берган, Ватан озодлиги учун курашган мард ва жасур ўзбек аскарларнинг қаҳрамонлиги-ю мардлиги тўғрисида, балки фронт ортида бир бурда нонни ҳам ўзига раво кўрмай фронтга юборган, бутун шижоати билан кеча-ю кундуз тинимсиз меҳнат қилган ўзбек халқининг мислсиз матонатига ҳам алоҳида тўхталиб ўтди.

Ўзбекистон ўша суронли йилларда фронт учун икки мингдан зиёд самолёт, кўплаб қурол-яроғлар, ҳарбий-санитария поездлари, юзлаб дала ошхоналари, палаткалар, улкан миқдорда озиқ-овқат, кийим-кечак ва бошқа маҳсулотлар етказиб берди. Уруш гирдобида қолган ҳудудлардан Ўзбекистонга эвакуация қилинган бир миллионга яқин инсонга, шу жумладан, ики юз мингдан ошиқ ёш болаларга халқимиз бошпана бериб, меҳр-мурувват кўрсатди.

“Албатта, бу рақамлар – шунчаки статистик маълумотлар эмас. Бу рақамлар бошимиздан кечирган мудҳиш уруш оқибатларини ҳеч қачон унутмасликка чақиради. Шу билан бирга, бугунги тинч ва гўзал ҳаётнинг қадрига етиб, доимо ҳушёр ва огоҳ бўлишга, ёшларни Ватанга садоқат руҳида тарбиялашга хизмат қилади” – дея алоҳида таъкидлади мамлакатимиз раҳбари.

Шу ўринда бир муҳим вазифага алоҳида эътибор қаратишимиз керакки, бу ҳам бўлса ҳозирги дориломон кунларнинг қадрига етиш, юртимиз тинчлигини кўз қорачиғидек асрашдир. Айниқса, ўта шиддат билан ўзгариб бораётган, таҳдид ва таҳликаларга тўла бўлган ҳозирги даврда Ватанимиз осойишталигини асраш, узоқ ва яқиндаги давлатлар билан конструктив ҳамкорликни янада чуқурлаштириш барчамизнинг муҳим вазифамиз ҳисобланади. Шу билан бирга ёшларимизни нафақат ҳақиқий ватанпарвар инсонлар қилиб тарбиялаш ҳам ҳар биримизнинг зиммамизга улкан масъулият юклайди!

Хулоса қилиб айтганда, Ватан — улуғ, ота-боболаримизнинг муборак ҳоклари ётган табаррук замин, бир умр севиб, ардоқлаб, кўзимизга тўтиё қилиб яшайдиган муқаддас саждагоҳимиз, дунёда ҳеч нарсага алмаштириб бўлмайдиган буюк ва бебаҳо хазинамиздир. У борки, ор-номусимиз, қадр-қимматимиз юксак, ғурур ва ифтихоримиз, иймон-эътиқодимиз мустаҳкам ва барқарордир. Шундай экан, ана шу табаррук замин, мусаффо осмон, эркин ва осуда ҳаётни ҳимоя қилиш, кўз қорачиғидек асраб-авайлаш — ҳар биримизнинг шарафли бурчимиздир.

 

 

Қодир ЖЎРАЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси


Кўришлар сони: 551

Депутатлар минбари

Янгиликлар

20.07.2019
Миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик — демократик жамиятнинг асосий тамойилларидан бири

Пойтахтимиздаги Корейс маданияти ва санъати уйида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар ...

19.07.2019
ЎзХДП фракцияси фаолияти юзасидан ахборот берди

Қонунчилик палатасига киритилган қонун лойиҳалари бўйича фракциянинг 134 та таклифи ишлаб чиқилиб, ...

18.07.2019
Депутатлар автомобиль ойналарини қорайтириш масаласини қандай ҳал қилмоқчи?

“Адолат” СДП фракцияси депутатларига халқимиз томонидан ҳайдовчи ва йўловчиларни ёзнинг жазирама...

Тадбирлар тақвими