Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Ойбек ЖУМАЕВ: Жасорат ва матонат тимсоли

Ойбек ЖУМАЕВ: Жасорат ва матонат тимсоли

Куни кеча халқимиз учун энг муҳим саналардан бири — 9 май — Хотира ва қадрлаш куни мамлакатимизда кенг нишонланди.

Кўп минг йиллик қадриятларга эга бўлган халқимиз учун Ватанимиз ҳимояси йўлида мардлик ва жасорат кўрсатган аждодларимизни хотирлаш, ҳозирги кунда ҳаёт бўлган кекса авлод вакилларига ғамхўрлик кўрсатиш ҳамда бугунги озод ва эркин ҳаётимизни қадрлаш нафақат маънавий қадрият, балки жамиятимизнинг барқарор ривожланишини белгилаб берувчи муҳим ижтимоий омиллардан биридир. Чунки, айнан ушбу қадриятларнинг жамиятимизда чуқур илдизга эга бўлгани сабабли мамлакатимиз кўп минг йиллик тарихида турли ижтимоий бўҳронларни енгиб ўтиб, ҳозирги мустақиллик даврида барқарор тараққиёт даражасига эришди. Президентимиз таъкидлаганидек, аждодларимиз хотирасини қадрлаш, ўз ҳаётини мамлакатимиз тинчлиги, халқимизнинг фаровонлигига бағишлаган кекса авлод вакилларига ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш халқимизга хос фазилатлардан биридир.

Авлоддан авлодга ўтиб келаётган ушбу миллий қадриятимиз мамлакатимизда яшаётган ҳар бир инсон учун тинчлик ва осойишталикнинг аҳамиятини англаб етишида, ёшларимизни ўзбек халқининг кўп асрлик қадрият ва анъаналари руҳида тарбиялашда, уларда ватанпарварлик, меҳр-оқибат туйғуларини мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.

Инсон манфаатлари энг олий қадрият сифатида эътироф этилган мамлакатимизда кейинги йилларида кекса авлод вакилларига ғамхўрлик кўрсатиш борасида катта ишлар амалга оширилди. Қабул қилинаётган давлат дастурлари, Фармон ва қарорлар мазкур йўналишдаги ишларни сифат жиҳатдан янги босқичга кўтаришга хизмат қилмоқда. Давлатимиз раҳбари Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган тантанали маросимда алоҳида таъкидлаб ўтганидек, Иккинчи жаҳон урушида, меҳнат фронтида иштирок этган мўътабар фахрийларимизга юксак эътибор, ғамхўрлик кўрсатиш Ўзбекистонда олиб борилаётган давлат сиёсатининг устувор йўналиши бўлиб келмоқда.

Иккинчи жаҳон уруши ва унда эришилган ғалаба халқимизнинг кўп минг йиллик тарихида алоҳида ўрин тутади. Инсоният ўтмишидаги энг даҳшатли бу урушда бир ярим миллиондан ортиқ Ўзбекистон фуқароси қатнашгани, уларнинг ярим миллиондан зиёди ҳалок бўлгани, 60 мингдан ортиқ ватандошимиз эса, урушдан ногирон бўлиб қайтгани халқимиз учун қанчалик катта йўқотиш бўлганини кўрсатади. Шу сабабли, халқимиз ўзининг асл фарзандлари кўрсатган мардлик ва жасоратни унутмасдан, улар хотирасини асраб-авайлаб келмоқда.

Мамлакатимиз раҳбари ўз нутқида алоҳида таъкидлаганидек, буюк Ғалабага ҳисса қўшган ватандошларимиз ҳаёти, жасорат ва матонатини янада чуқурроқ ўрганишимиз, бу ҳақда янги илмий тадқиқотлар, бадиий асарлар, кинофильм ва спектакллар яратишимиз керак. Шу тариқа биз ўз тарихимизни, аждодларимизга хос жасорат ва матонат туйғусини, жанговар анъаналарни келгуси авлодларимизга мерос қилиб қолдиришга эришамиз.

Ватанимизнинг яқин ва узоқ тарихини ўрганиш, эркин ва озод ҳаётимиз учун ўз жонини фидо қилган аждодларимизнинг беқиёс жасоратини ёш авлодларга етказиш ҳар биримизнинг инсоний бурчимиз бўлиши зарур. Зеро, ўз халқи тарихи ва аждодлари жасоратини билган инсонларгина мамлакатнинг етук фуқароси сифатида жамиятда ўз ўрнини топиши, ҳозирги мураккаб, шиддатли замонда тинчлик-барқарорликни таъминлашга ўз ҳиссасини қўшиши мумкин.

Мамлакатимизда Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган устувор мақсад-вазифалар изчил амалга оширилиши натижасида жаҳон ҳамжамияти мустақил Ўзбекистоннинг янги тарихидаги тинчликсевар ташқи сиёсати ўзаро ишонч, яхши қўшничилик, ҳамкорлик ва очиқлик тамойиллари асосида изчил амалга оширилаётганини эътироф этмоқда.

Шу билан бирга, давлатимиз раҳбари алоҳида таъкидлаб ўтганидек, энг катта бебаҳо бойлигимиз бўлган тинчликка рахна солиш, турли халқлар ўртасида уруш оловини ёқиш, миллий ва диний зиддиятларни авж олдиришга уринаётган кучлар ҳам йўқ эмас. Бундай ёвуз кучларга қарши биз, аввало, доимий ҳушёрлигимиз ва огоҳлигимиз, жаҳолатга қарши маърифат билан кураша олишимиз мумкин.

Албатта, мустақиллигимиз, тинч ҳаётимизнинг ишончли ҳимоячиси бўлган миллий армиямизнинг жанговор қудрати ва салоҳиятини янада ошириш бўйича мамлакатимизда улкан ишлар амалга оширилмоқда. Шунингдек, ҳозирги ғоят мураккаб ва таҳликали замонда ёшларимизни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларни турли зарарли таъсирлардан асраш Ватанимизнинг барқарор тараққиёти учун ўта муҳим аҳамиятга эга устувор вазифа бўлиб, ушбу вазифани муваффақиятли бажариш ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиздир.

                                                                      Ойбек ЖУМАЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,  

ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси


Кўришлар сони: 262

Депутатлар минбари

Янгиликлар

25.05.2019
Молиявий режалаштиришдаги бюрократизм Давлат дастурини бажаришда тўсиқ бўлмоқда

– Давлат дастурининг амалиётга татбиқ этилишидаги молиявий муаммоларнинг ечимида бюрократизмнинг мавжудлигини...

23.05.2019
Қуйи палата қўмиталарида Давлат бюджети ижроси муҳокама этилди

2019 йилнинг 1-чорагида Давлат бюджети даромадлари 23 065,9 млрд. сўмни ташкил қилди ва ўтган ...

23.05.2019
Бюджет маблағлари сарфида хато ва ноқонуний ўзлаштириш ҳолатларига барҳам берилмоғи лозим

Депутатлар томонидан соғлиқни сақлаш соҳасига Давлат бюджетидан ажратилган 9 408,4 млрд. сўм мабла...

Тадбирлар тақвими