Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Абдуғани УМИРОВ: Жисмоний шахсларнинг хорижда ҳисобварақлар очишдаги чекловлар олиб ташланади

Абдуғани УМИРОВ: Жисмоний шахсларнинг хорижда ҳисобварақлар очишдаги чекловлар олиб ташланади

Кейинги йилларда мамлакатимизда валюта сиёсатини эркинлаштириш, миллий валютанинг барқарорлигини таъминлаш йўлида изчил ва кўламдор ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Натижада валюта операцияларини амалга оширишда резидентлар ва норезидентларнинг чет эл валютасидаги маблағларини эркин тасарруф этиш ҳуқуқларини, валюта операцияларининг барча жабҳаларида очиқликни таъминлашга тўлиқ эришилди, десак муболаға бўлмайди.

Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 2 сентябрдаги “Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони қабул қилинганини алоҳида қайд этиш лозим. Сабаби, мазкур ҳужжатнинг ҳаётимизга кенг татбиқ этилиши иқтисодиётимизда 2017 йилнинг сентябрига қадар мавжуд бўлган валюта муомаласи соҳасининг ҳаддан зиёд маъмурий тартибга солинганлик, алоҳида хўжалик юритувчи субъектлар учун имтиёз ва преференцияларнинг асоссиз равишда тақдим қилиниши натижасида бизнес юритишда тенг бўлмаган шарт-шароитларнинг вужудга келганлик ҳолатларига тўлиқ барҳам берди.

Ислоҳотлар ҳар доим қонунчиликни замон талабларига ҳамоҳанг тарзда такомиллаштириб боришни тақозо этади. Шу маънода, валюта операциялари иштирокчилари ўртасидаги муносабатларнинг норматив-ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштиришга қаратилган “Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги қонунининг нормаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳамда баъзи нормаларни тубдан қайта кўриб чиқиш зарурати мавжуд.

Шу боис, куни кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги йиғилишида бир қатор қонун лойиҳалари қатори “Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳаси муҳокама қилинди. Мазкур қонун лойиҳаси валюта сиёсатини янада либераллаштириш, барча тадбиркорлик субъектларига ташқи савдо фаолиятини амалга оширишда тенг шароитлар ва адолатли тизим яратишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Шунингдек, валютани тартибга солиш соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширишда иқтисодий чораларнинг устуворлиги, валюта операцияларига давлат органларининг ноқонуний аралашувига йўл қўймаслик, валюта курсини аниқлашда фақатгина бозор механизмларини қўллашга қаратилган нормалар ҳам киритилмоқда. Хусусан, қонун лойиҳасида халқаро тажрибадан келиб чиқиб, ташқи савдо операциялари бўйича активларни репатриация қилиш тушунчаси, шунингдек, унга бўлган талаблар киритилмокда. Активлар репатриацияси – бу норезидент мажбуриятларининг бажарилиши ҳисобига активларнинг Ўзбекистон Республикасига келиб тушишини таъминлаш ҳисобланади. Валюта операциялари турларини аниқлаш мақсадида, норезидент мажбурияти юзага келган санадан бошлаб ташқи савдо операциялари бўйича репатриация муддати 180 кундан ошган тақдирда, мазкур операция капитал ҳаракати операцияси сифатида таснифланиши белгиланмоқда.

Шу билан бирга, резидент жисмоний шахсларнинг хорижда ҳисобварақлар очишдаги чекловлар олиб ташланмоқда. Халқаро тажрибага мувофиқ, жисмоний шахсларнинг чет элдаги ҳисобварақларини назорат қилишнинг имкони йўқлигини ва шу сабабли, чекловлар ўрнатилиши мазмунан ҳеч қандай натижа бермаслигини ҳисобга олган ҳолда, ушбу норма киритилмоқда. Норезидентлар жорий халқаро операциялар бўйича чет эл валютасини сотиш ва сотиб олишлари мумкинлиги белгиланмоқда. Норезидентлар томонидан жорий халқаро операциялар учун хорижий валютанинг сотиб олиниши ва сотилиши ХВФ (Халқаро валюта фонди) тавсияларига асосан, алоҳида норма сифатида киритилмоқда. Шу билан бирга, ушбу норма мамлакатимизда инвестицион муҳитнинг яхшиланишига ва тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар оқимининг кўпайишига сабаб бўлади.

Бундан ташқари, валюта операцияларини соддалаштириш мақсадида бир қатор нормалар белгиланмоқда. Жумладан, Марказий банк томонидан резидент жисмоний шахсларга нақд хорижий валютани олиб чиқиб кетишга рухсатнома бериш тартиби бекор қилинмоқда. Лойиҳада билан эндиликда 100 миллион сўм эквивалентидан ортиқ нақд пул маблағларини олиб чиқишда жами олиб чиқилаётган сумма декларация қилиниши белгилаб қўйилмоқда. Шунингдек, резидентлар ўртасида хорижий валютада операциялар уларнинг фаолияти ва жойлашган жойидан қатъи назар амалга оширилиши мумкин бўлган ҳолатлари белгиланяпти. Амалдаги таҳрирда резидентлар ўртасида фақат Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги валюта операциялари назарда тутилган. Янги таҳрирда эса, ҳудудий жиҳатдан эмас, балки резидентлик мақомидан келиб чиққан ҳолда валюта операциялари амалга оширилиши кўзда тутилмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши валюта операцияларини амалга оширишда резидентлар ва норезидентларнинг чет эл валютасидаги маблағларини эркин тасарруф этиш ҳуқуқларини руёбга чиқариш, барча ташқи савдо қатнашчиларига адолатлилик тамойили асосида тенг шароитлар яратиш имконини беради.

Абдуғани УМИРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати


Кўришлар сони: 1468

Депутатлар минбари

Новостная лента

24.08.2019
Дилфуза ЖАЛИЛОВА: Таълим ва тарбия — бутун жамиятнинг иши

Ҳар бир мамлакатнинг янада тараққий этиши, дунё мамлакатлари орасида етакчи бўлиши инновацион ва...

24.08.2019
Мухаррам ДАДАХЎЖАЕВА: Мактаб – бу ҳаёт-мамот масаласи

Дунёда инсон учун энг муҳим иш — фарзандини ўқимишли, зиёли қилиш бўлса, давлат учун энг долзарб...

24.08.2019
Ёрмамат ХОЛИЯРОВ: “Тарбия” фани миллий таълим жараёнида ўқитилиши — энг мақбул йўл

Бу — адолатнинг қарор топгани, таъбир жоиз бўлса, ғалабасидир. Зиёли, ўқимишли инсон элда азиз бўлиши,...

Тадбирлар тақвими