Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Сарвар ОТАМУРАТОВ: Дунё Ўзбекистонни янгидан кашф этмоқда

 Сарвар ОТАМУРАТОВ: Дунё Ўзбекистонни янгидан кашф этмоқда
«Тарихий ва маданий меросимиз, олдимизда турган мақсад ва вазифаларнинг ўхшашлиги ҳамда интилишларимиз муштараклиги келажакка катта ишонч билан қарашга имкон беради. Халқларимиз биргаликдаги саъй-ҳаракатларимизнинг ижобий натижаларини албатта сезишлари керак».

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 24-27 апрель кунлари Хитойда бўлиб ўтган «Бир макон, бир йўл» иккинчи ҳалқаро форумида айтган бу сўзлари давлатимиз ҳамиша кучли инсонпарварлик сиёсати, мустаҳкам дўстлик тарафдори бўлганини яна бир бор яққол ифодалади. Бу, таъбир жоиз бўлса, минтақа муаммоларига биргаликда ечим топиш ва унинг маҳсулидан бирга баҳраманд бўлишдек яна бир юксак бағрикенглик ташаббуси, шак-шубҳасиз, чин дўст мамлакатнинг позициясидир.

Аслида ҳам халқаро ва минтақавий ўзаро боғлиқлик масалалари Марказий Осиё, жумладан, денгиз портларига бевосита чиқиш имконияти бўлмаган мамлакатимиз учун ҳамиша долзарб бўлиб келгани боис ҳам давлатимиз раҳбари минтақа мамлакатларининг барқарор тараққиётида муҳим омил бўладиган «Бир макон, бир йўл» ташаббусини илк кунларданоқ фаол қўллаб-қувватлаб келмоқда. 

Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин Ўзбекистонни «Бир макон, бир йўл»нинг асосчиларидан бири сифатида баҳолаши, Президентимизнинг ушбу лойиҳани  ривожлантиришдаги ташаббуслари нафақат икки давлат ўртасидаги ўзаро алоқаларни, балки минтақавий муносабатларни ҳам янада кенгайтиришга хизмат қилаётганини таъкидлагани ҳам бунинг яққол исботидир.

Президентимиз Марказий Осиёнинг транспорт ва логистика имкониятларини ошириш, «яшил иқтисодиёт» орқали озиқ-овқат хавфсизлигига эришиш, туризмни ривожлантириш, экологик муаммоларни биргаликда бартараф этиш ва бошқа долзарб масалалар бўйича қатор ташаббусларни илгари сурдики, буларнинг барчаси мамлакатимизнинг барқарор кучли иқтисодиётини шакллантиришга хизмат қилади.

Тошкент – Андижон – Ўш – Иркиштом – Қошғар автомобиль йўли, Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой ва Мозори Шариф – Кобул – Пешовар темир йўли лойиҳалари бу борада катта истиқболлар очиши, шубҳасиз. Бу борада, давлатимиз раҳбари мазкур форумда таъкидлаганидек, Сариқ денгиз портлари – Марказий Осиё – Европа йўналиши бўйлаб темир йўлда юк ташишга бир хил тариф ўрнатиш ҳам иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқдир.

Мамлакатимиз раҳбари асос солган яна бир ноёб-тарихий лойиҳа –  Орол денгизининг қақраган ҳудудида бостириб келаётган саҳрони тўхтатиш мақсадида жорий йилнинг ўзида 500 минг гектар яшил «қалқон»лар барпо этилгани нафақат улкан қумликларни чирмаб турган ўлик сукунатни уйғотиб юборди, балки «аср фожиаси»га қарши кураш тўлқини бугун бутун дунё бўйлаб чуқур акс-садо бермоқда. Оролбўйига яна қайноқ ҳаёт завқини қайтариш, қуш учса қаноти, одам юрса оёғи куядиган бийдай саҳролар ўрнида ям-яшил ўрмонлар, чўл одамларининг ўз ҳаётидан рози бўлиб яшаши учун барча ҳаётий асосни барпо қилиш ташаббуси – халқаро миқёсда ҳам юксак инсонпарварлик ҳаракати сифатида эътироф қилинаётгани бежиз эмас. Ахир Оролнинг қуриган тубидан кўтарилаётган чанг ва туз олис минтақа давлатлари ва халқлари ҳаётига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда. Шу боис давлатимиз раҳбари «Бир макон, бир йўл» халқаро форумида Орол денгизи қуриши оқибатида юзага келган экологик вазиятни бартараф этиш умумий вазифа эканини таъкидлар экан, шерикларни БМТнинг Оролбўйи минтақаси учун Траст фонди ҳамда Оролбўйи ҳудудида экологик инновациялар ва технологиялар зонаси фаолиятида иштирок этишга чақирди.

Туризм соҳасида алмашинувларни ривожлантириш, бунинг учун «Ипак йўли» бренди остида қўшма дастур ва маҳсулотларни илгари суриш бўйича долзарб таклифлар эса бу борадаги ўзаро ҳамкорлик белбоғини мустаҳкамлайдиган яна бир ҳаётий воситадир.

Давлатимиз раҳбари Хитой давлатига ташрифи жараёнида ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, узоқ муддатли тараққиётнинг умумий ёндашувларини муҳокама қилиш мақсадида бир қатор давлатлар раҳбарлари, шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби, Халқаро валюта жамғармаси бошқарувчи директори билан учрашувлар ўтказди. Учрашувларда мамлакатлар ва халқаро нуфузли ташкилотлар ўртасида дўстлик ва шериклик муносабатларини янада кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.

Учрашувларда Ўзбекистонда барча соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг амалий натижалари юқори баҳоланди. Дейлик, Халқаро валюта жамғармаси бошқарувчи директори Кристин Лагард Президентимиз билан бўлган учрашувда мамлакатимизнинг иқтисодий тараққиётини ижобий баҳолаб, жамғарма комплекс иқтисодий ва таркибий янгиланишларни амалга ошириш жараёнида Ўзбекистонга зарур барча ёрдамни кўрсатишни давом эттиришга қатъий интилишини таъкидлади.

Халқаро валюта жамғармаси экспертларининг фикрича, Ўзбекистон муҳим ислоҳотларнинг илк босқичини муваффақиятли амалга оширди. Валюта муомаласи либераллаштирилди, солиқ бошқаруви ислоҳ қилинди, давлат статистика тизими тубдан яхшиланди. Бунинг натижасида ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши жорий йилда 5,5 фоиз, келаси йили эса 6 фоизга етиши кутилмоқда.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш Президентимиз билан яна бир бор учрашиб турганидан мамнун эканини таъкидлаб, Ўзбекистон ташаббуслари халқаро ва минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш, маънавият, таълим, экология, туризм каби соҳаларни ривожлантиришда муҳим ўрин тутаётганини қайд этди.

БМТ Бош Ассамблеясининг Марказий Осиё бўйича тарихий аҳамиятга эга резолюцияси ҳамда Маърифат ва диний бағрикенглик бўйича резолюцияси қабул қилингани Ўзбекистоннинг бу борадаги саъй-ҳаракатларининг халқаро эътирофи бўлди. Мамлакатимиз Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенцияни тайёрлаш ва қабул қилиш бўйича муҳим ташаббусни ҳам илгари сурган.

Ўзбекистон Марказий Осиёда ишонч ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш, минтақадаги барча мамлакатлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришга қатъий интилмоқда. Энг муаммоли масалаларнинг ечими топилди, барча қўшнилар билан алоқалар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. Кейинги икки йилда минтақа давлатлари билан товар айирбошлаш ҳажми қарийб 2 баробар ортди.

Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши Доимий қўмитаси раиси Ли Чжаньшу билан бўлган учрашувда олий даражада эришилган келишувлар ижроси устидан парламент назоратини кучайтириш масалалари кўриб чиқилди. Бундан ташқари, парламентлараро мулоқот мамлакатларимиз ҳамкорлигини амалий мазмун билан бойитиш, янги дастур ва лойиҳаларни илгари суришга хизмат қилиши қайд этилди. 

Ли Чжаньшу мамлакатимизда янги босқичда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни, уларнинг реал натижалари ва самарадорлигини юксак баҳолади. Унинг фикрича, Ўзбекистон Президентининг сиёсати ва ислоҳотлари ўзининг миқёси ва мақсадларига кўра давлатимиз раҳбарини Хитойнинг буюк ислоҳотчиси Дэн Сяопинь билан таққослашга тўлиқ асос бўлади.
Албатта, халқаро ҳамжамият Ўзбекистонга, шахсан ислоҳотларга бош-қош бўлаётган Президентимиз Шавкат Мирзиёев номига билдираётган бундай эътирофлар, гапнинг очиғи, янгилик бўлмай қолди. Чунки мамлакатжимизда халқ фаровонлиги, юрт тараққиёти йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар қисқа вақт ичида ўзининг амалий натижасини кўрсатди. 

Американинг нуфузи иқтисодий-молиявий журнали «Forbes» Марказий Осиёнинг қадимий давлати ҳисобланган Ўзбекистонда ички ва ташқи иқтисодий-сиёсий ўзгаришлар кузатилаётганини маълум қилиб, Президент Шавкат Мирзиёевни ташқи дунёга кўпроқ очилаётган ўзбек етакчиси сифатида баҳоланганди ва давлатимиз раҳбарини Хитойнинг буюк ислоҳотчиси Дэн Сяопинга қиёслагани ҳали ёдимиздан кўтарилгани йўқ.

«Хитой мўъжизаси»нинг асосчиси Дэн Сяопин Хитойни қудратли давлатга айлантирган иқтисодий ислоҳотларни амалга оширган бўлса, Президент Шавкат Мирзиёевнинг ислоҳотлари халқни рози қилишга, Ўзбекистонни ҳар томонлама ривожланган қудратли давлатга айлантиришга қаратилган.

Осиё Журналистлари Ассоциацияси Ўзбекистон Республикаси Президентини 2018 йилнинг энг буюк давлат арбоби сифатида эътироф этиб, Шавкат Мирзиёевни «Осиёда йил одами» деб эълон қилганди ва бу барча ҳамюртларимиз қалбига чексиз фахр ва ифтихор, ғурур бағишлаган эди. Мамлакатимиз раҳбарининг Туркиянинг молиявий-иқтисодий нашри – «Turсomoney» томонидан тузиладиган ҳар йилги рейтингда «Йилнинг энг яхши хорижлик давлат арбоби» сифатида тан олингани юртдошларимизни янада қувонтирди. Президентимиз бу юксак эътирофга ташқи дунё, хусусан, Туркия ва Марказий Осиё давлатлари билан сиёсий-иқтисодий алоқалар ва ўзаро ҳамкорликнинг мустаҳкамланишига, Марказий Осиё минтақаси ва унинг атрофида ҳамкорликни жадал тус олишига қўшган муҳим амалий хизматлари, шунингдек, одамларнинг яшаш шароитларини тубдан яхшилашга қаратилаётган ислоҳотлари туфайли муносиб кўрилди. 

Энг муҳим ҳақиқат шуки, одамларнинг орзу-умидларини рўёбга чиқариш, ҳар бир оила, ҳар бир инсон тўкис ва фаровон ҳаёт кечириши, ўз умридан рози бўлиб яшаши учун барча шарт-шароитни яратиб бериш бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган шиддатли, кенг қамровли ва ҳаётбахш ислоҳотларнинг асосий мақсадига айланган. Президентимиз асос солган халқ билан мулоқотнинг яхлит тизими эса айни шу жараёнда барча ўзгариш ва янгиланишларни ҳаракатлантирувчи кучга айланиб, муаммоларга реал ечим топиш учун мустаҳкам платформани ҳосил қилмоқда. «Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак» деган умумбашарий эзгу ғоя бугун Ўзбекистоннинг давлат сиёсатида мустаҳкам асосга – қонуниятга айлангани боис ҳам бугун дунё Ўзбекистонни янгидан кашф этмоқда, мамлакатимиз раҳбарини бажараётган амалий ишлари учун ҳақли равишда эътироф этмоқда.

Биз бу ҳаёт ҳақиқатига 24-27 апрель кунлари Хитойда бўлиб ўтган «Бир макон, бир йўл» иккинчи ҳалқаро форумида ҳам такрор-такрор амин бўлдик. Форум доирасида томонлар 283 та амалий натижага, давлатлараро келишувлар ва ҳамкорлик лойиҳаларига эришгани, ишбилармонлар қиймати 64 миллиард доллардан зиёд бўлган битимлар имзолагани эса «Бир макон, бир йўл» лойиҳаси доирасидаги ҳамкорлик ўзаро манфаатли ва кенг кўламли тус олганидан далолат беради.

Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партиясининг дастурий мақсад-вазифаларидан келиб чиққан ҳолда мамлакатимизнинг миллий манфаатларни қатъий ҳимоя қилишга қаратилган ташқи сиёсатини, халқаро ташкилотлар билан самарали ҳамкорлигини ҳамда халқаро лойиҳалардаги иштирокини қўллаб-қувватлаймиз. Партиямиз аъзолари, Давлатимиз раҳбари томонидан халқаро даражада тузилган келишувлар ижросини таъминлашда фаол иштирок этишга ҳамда парламент ва депутатлик назоратини ўрнатишга ҳаракат қиладилар.



Сарвар ОТАМУРАТОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари,
ЎзМТДП фракцияси раҳбари



Кўришлар сони: 2657

Депутатлар минбари

Янгиликлар

20.07.2019
Миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик — демократик жамиятнинг асосий тамойилларидан бири

Пойтахтимиздаги Корейс маданияти ва санъати уйида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар ...

19.07.2019
ЎзХДП фракцияси фаолияти юзасидан ахборот берди

Қонунчилик палатасига киритилган қонун лойиҳалари бўйича фракциянинг 134 та таклифи ишлаб чиқилиб, ...

18.07.2019
Депутатлар автомобиль ойналарини қорайтириш масаласини қандай ҳал қилмоқчи?

“Адолат” СДП фракцияси депутатларига халқимиз томонидан ҳайдовчи ва йўловчиларни ёзнинг жазирама...

Тадбирлар тақвими