Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Азамат ПАРДАЕВ: Кластерлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш – давр талаби

Азамат ПАРДАЕВ: Кластерлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш –  давр талаби

Мамлакатимизда сўнгги икки йилда барча соҳалар, хусусан, саноатда илғор технологияларга асосланган инфратузилмани яратиш, айниқса, қишлоқ хўжалигида кластер тизимини қўллаб-қувватлашга жиддий эътибор қаратилмоқда. Бу борада давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 2017 йил 9 декабрда республикамизда илк бор нишонланган “Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни” байрам тадбирида Навоий вилоятининг Қизилтепа туманида амалда қўлланилган – пахтани етиштиришдан тортиб, ундан тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган босқичларни ўз ичига қамраб олган кластер усулини эътироф этиб, биз ушбу тизимга Ўзбекистон пахтачилигининг келажаги сифатида қарамоқдамиз, деб таъкидлаганлари алоҳида аҳамият касб этади.

Дарҳақиқат, юртимизда пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришини ташкил этишнинг замонавий шаклларини жорий қилиб, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни таъминлаш мақсадида 2017 йил 14 декабрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5285-сонли Фармони қабул қилингани ушбу соҳани янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилмоқда. Бу борада Ҳукуматнинг тегишли қарорлари, хусусан, 2018 йил 31 март куни “Пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ва кластерлари фаолиятини ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 253-сонли қарори қабул қилингани эътиборга молик. Бунда, энг муҳими, кластер корхоналари билан фермер хўжаликлари ўртасида бозор муносабатларига асосланган ҳолда интеграциялашуви натижасида пахтачиликда илғор агротехнологиялар ва услублар жорий қилиниб, замонавий қишлоқ хўжалиги техникалари билан жиҳозлашга эришилмоқда.

Натижада Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 2018 йилда 14 та пахта-тўқимачилик кластерлари ташкил қилиниб, 20 та туманида 160 минг гектар майдонда кластер шакли жорий этилиши натижасида улар томонидан 368 минг тонна пахта хомашёси етиштирилди. Жорий йилда эса 74 та пахта-тўқимачилик кластерлари фаолияти йўлга қўйилди. Ушбу корхоналарга қишлоқ хўжалиги экинлари маҳсулотларини етиштириш учун 700 минг гектардан ортиқ суғориладиган ер майдонлари белгиланган тартибда ажратиб берилди.

Диққатга сазовор томони пахта-тўқимачилик кластерларини ташкил этиш даврида ташкилотчилар томонидан жойларда босқичма-босқич замонавий қишлоқ хўжалиги техникалари паркини яратиш, етишмайдиган қишлоқ хўжалиги техникаларини харид қилиш бўйича 2020 йил 1 январга қадар олиб келинадиган янги техникалар учун божхона тўловларини тўлашдан озод қилиниши ҳисобига кластер корхоналари томонидан ўтган йилда 1 минг 397 дона замонавий, ресурс тежамкор қишлоқ хўжалиги техникалари олиб келинди.

Бугунги кунда давлат саноат маҳсулотлари, айниқса, тайёр маҳсулот экспортидан манфаатдор. Шу боис айни пайтда соҳада инновацион иқтисодиётга ўтишнинг муҳим босқичи бошланди, десак асло муболаға бўлмайди. Оддий қилиб айтганда, инновацион кластер бу – бир мажмуа доирасида бир жамоа бўлиб ерларни шудгорлаш, чигит экиш, пахтани парваришлаш, ҳосилни йиғиб-териб олиш, хомшаёни чуқур қайта ишлаш билан боғлиқ корхоналарни ягона мақсад сари бирлаштирувчи ишлаб чиқаришнинг янгича услубидир. Шундай экан, кластерни яратиш орқали хомашё қайта ишлашнинг барча босқичидан ўтиб, экспортбоп тайёр маҳсулотга айланади.

Илғор хорижий мамлакатлар тажрибаси шуни кўрсатадики, саноатсиз қишлоқ хўжалигини ривожлантириб бўлмайди. Зеро, қишлоқ хўжалиги барча саноат тармоқлари билан чамбарчас боғлиқ. Шу нуқтаи назардан фермер нафақат хомашё етиштиради, балки уни қайта ишлаш саноат тизимини яратади. Натижада қайта ишлаб чиқарувчи корхонада ўзига хомашё баъзасини яратиш ва таъминлаш имкони пайдо бўлади. Жорий йилда пахта тўқимачилик кластерлари республиканинг 88 та туманида жами 657,042 минг гектарни эгаллаб, мамлакатимиз ҳудудида пахта экиладиган умумий ер майдонининг 63,6 %ни, шу жумладан, 52 минг гектар ер майдонларида хорижий инвестициялар иштирокида пахта етиштиришни амалга оширмоқда. Масалан, ўтган йили Бухоро вилояти Ромитан туманида “ВСТ Cluster Agrokomplex” МЧЖ ташкил этилди ва лойиҳа ташаббускорлари томонидан 123,1 млн АҚШ доллари миқдорида инвестиция йўналтирилиб, дунёнинг етакчи давлатларида ишлаб чиқарилган замонавий калава, уни бўяш ва тўқув-трикотаж фабрикаларини ташкил этиш белгиланди.

Кластер тизимининг яна бир афзаллиги, мазкур жараёнда ҳамма меҳнаткашларнинг манфаатлари уйғунлашади, яъни хомашё етиштирувчидан бошлаб, уни қайта ишловчиларга бўлган барча ишчи-ходим маҳсулот сифатига бирдек жавобгар бўлади. Чунки якуний жараён натижасига кўра, товарни сотишдан тушган қўшимча қийматнинг бир қисми шу ишга ҳисса қўшган меҳнаткашларга тақсимланади. Ҳозирда мазкур кластер тизимига Ромитан туманидан 8 минг гектар ер майдони ажратилган. Агар ушбу ҳолатни қиёсласак, илгари шунча майдонга атиги 436 киши меҳнат қилган бўлса, айни кунда улар сони 2 мингдан ошди.

Бу борада саноат соҳасида босқичма-босқич амалга оширилаётган ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда. Агар буни қиёсласак, 2017 йилда пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан 8 минг гектар майдонда чигит экилган бўлса, 2018 йилда эса ушбу кўрсаткич 160 минг гектарга етказилиб, қарийб 20 баробарга кўпайганлиги кузатилди. Бошқача айтганда, шу йил республика бўйича етиштириладиган 2 млн 958 минг тонна пахта хомшаёсининг қарийб 1 млн 831 минг тоннаси ёки 62 фоизи кластер корхоналари ҳиссасига тўғри келмоқда.

Ушбу кластер корхоналари ўзига ажратилган майдонларда ҳудудий шароитдан келиб чиқиб, сув тежайдиган технологияларни мустақил равишда жорий этиши шарт. Бундан ташқари пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлардан эркин фойдаланиши, маҳсулотлар нархини ва уларни сотиш ҳажмини мустақил равишда белгилаши мумкинлигига истисно сифатида рухсат берилган. Шу боис жорий мавсумдан бошлаб, пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариши ташкилотчилари ер, сув ва бошқа ресурслардан самарали ҳамда оқилона фойдаланишга, экинлар ҳосилдорлигини оширишга ва етиштириладиган пахта хомашёсини ўз вақтида йиғиб-териб олишга кўмаклашиши орқали уни чуқур қайта ишлаш ва юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириши лозим бўлади.

Бу вазифаларни амалга оширишда биринчи навбатда, барча даражадаги раҳбарлар ўз фаолиятини танқидий таҳлил қилиши, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик асосида ташкил этиш давр талабига айланди. Бундан ташқари, жорий йилнинг 1 март куни муҳтарам Президентимиз Наманган вилояти фаоллари билан ўтказилган учрашувда қишлоқ хўжалиги йўналишидаги кластер корхоналари фаолиятини ташкил этиш, уларнинг вазифалари, мажбуриятлари, ер ва сув ресурсларидан фойдаланишнинг ҳуқуқий асосларини ўз ичига олган тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берган эдилар. Мазкур соҳанинг янгилиги сабабли бугунги кунгача кластер корхоналари фаолиятини ташкил этиш ва унинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгиловчи ҳамда фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мавжуд эмас. Ҳозирда Адлия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар биргаликда норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини тайёрлаш бўйича тегишли ишлар олиб борилмоқда.

Бу борада жорий йилнинг 5 апрель куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси томонидан “Ўзбекистон тўқимачилик саноатининг ривожланишида Кластер тизимининг афзалликлари” мавзусида семинар ўтказилди. Унда инновацион кластерлар фаолияти, янгича услубда бир мажмуа доирасида ерларни шудгорлаш, чигит экиш, пахтани парваришлаш, ҳосилни йиғиб-териб олиш, хомшаёни чуқур қайта ишлаш билан боғлиқ корхоналарни бирлаштирувчи ишлаб чиқаришни ўрганиш ҳамда соҳани тартибга солувчи қонунчиликни янада такомиллаштириш масалалар муҳокама қилинди.

Демак, бугун турли соҳадаги, хусусан, қишлоқ хўжалиги ёки соғлиқни сақлашдаги мавжуд муаммоларни қайд этиш эмас, балки уни саноат билан уйғун ҳолда бартараф этиш чораларини биргаликда излаш ва ҳал этиш вақти келди. Кластер тизими афзалликларини тушуниш, уни молиялаштириш механизми ишлаб чиқиш ва истиқболини кўра олиш ҳар бир раҳбар учун муҳим ҳисобланмоқда. Албатта, бунда турли мулкий муносабатлар, хусусан, давлат мулки объектларини беришни шошма-шошарлик ёки пала-партиш эмас, балки тизимли ва мақсадли амалга ошириш талаб этилади. Натижада фермерлар фаолиятининг трансформациялашуви кластерлар билан ўзаро истиқболли ҳамкорликка кенг йўл очиб беради.

Масалага шу нуқтаи назардан ёндашсак, Қўмита ташаббуси билан кластерлар фаолиятига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг қабул қилиниши натижасида қишлоқ хўжалигини саноат билан интеграциялашувига эришилиб, соҳада яккаҳокимлик ва монополияни тугатишга, ривожланган мамлакатлар тажрибасини қўллаш орқали давлат-хусусий шерикчилиги асосида хусусий тадбиркорлик субъектлари билан бевосита алоқаларини кенгайтириш, рақобатбардош экспортбоп маҳсулотлар тайёрлаш тизимига ўтилади. Бошқача айтганда, кластерларнинг ҳуқуқий ҳимояланиши ундаги иштирокчилар, яъни олимлар, фермерлар, тўқимачилик корхоналари ходимлари, хизмат кўрсатувчи корхоналар вакиллари ва бошқаларнинг мақсадли ишдан манфаатдорлиги ошишига хизмат қилади.

Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси томонидан жамиятда кластерларнинг фаолиятини ҳуқуқий жиҳатдан йўлга қўйиш учун амалдаги қонунларни такомиллаштириш, янги қонунларни яратиш ва бугунги кун талабига жавоб бермайдиган айрим қонунларни бекор қилиш бўйича тегишли ишлар олиб борилмоқда. Бу, ўз навбатида, кластерлар фаолияти бўйича парламент назорати ва депутат назоратини ўрнатиш орқали жамоатчилик назоратини амалда таъминлашга хазмат қилади. Ўз навбатида, янги қонунларнинг қабул қилиниши фермерлар тасарруфидаги ерлар ҳолатидан келиб чиқиб, илмий ишланмаларни амалиётга тезроқ жорий этишга, назарий ёндашувларни амалиёт билан уйғун ҳолда янги технологияларни қўлланилишига ва пировардида, соҳаларни саноатлаштириш орқали давлат томонидан амалга оширилаётган ислоҳотларни сифат жиҳатдан янги босқичга кўтаришга эришилади.

 

 

 

Азамат ПАРДАЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Саноат, қурилиш ва савдо масалалари

 қўмитаси раиси ўринбосари


Кўришлар сони: 2424

Депутатлар минбари

Янгиликлар

20.07.2019
Миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик — демократик жамиятнинг асосий тамойилларидан бири

Пойтахтимиздаги Корейс маданияти ва санъати уйида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар ...

19.07.2019
ЎзХДП фракцияси фаолияти юзасидан ахборот берди

Қонунчилик палатасига киритилган қонун лойиҳалари бўйича фракциянинг 134 та таклифи ишлаб чиқилиб, ...

18.07.2019
Депутатлар автомобиль ойналарини қорайтириш масаласини қандай ҳал қилмоқчи?

“Адолат” СДП фракцияси депутатларига халқимиз томонидан ҳайдовчи ва йўловчиларни ёзнинг жазирама...

Тадбирлар тақвими