Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Баркамол авлод юртни юксалтиради

Баркамол авлод юртни юксалтиради

Ҳамма нарса инсоннинг ўзига боғлиқ, аммо инсон тақдири онага боғлиқ, деган гапда катта ҳикмат бор. Дарҳақиқат, келажак авлодни баркамол инсон этиб тарбиялаш, ўлмас миллий қадриятларимизни кейинги авлодларга етказиш улуғ зот — оналаримиз, тарбиячиларимиз ҳисобланган аёл зиммасида. Шу боис ҳам онани келажакни яратувчи бунёдкор куч, деб таърифлаймиз.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари сифатида иш бошлаган дастлабки кунлардаёқ мамлакатда маънавиятни юксалтиришга катта эътибор берди. У кишининг илк учрашуви ҳам зиёлилар, маданият ва маърифат тарқатувчи устозлар билан ўтганини ҳаммамиз яхши эслаймиз.

Ёшларни ҳар томонлама баркамол қилиб тарбиялаш, шубҳасиз, бугун долзарб масалалардан биридир. Бу масалани маънавияти юксак оналарнинг иштирокисиз ечиб бўлмайди. Чунки, фарзанднинг илк тарбиячиси унинг онасидир. Шунинг учун ҳам мамлакатимизда аёлларга муносиб турмуш шароитини яратиш, улар ҳақида ғамхўрлик қилиш, қонуний манфаатлари, ҳуқуқларини таъминлаш давлатимиз сиёсатининг устувор вазифаси ҳисобланади. Кейинги икки йил ичида қабул қилинган аксарият қонун, фармон ва қарорлар аёлни қадрлашга, эъзозлашга, ижтимоий ҳимоясини янада кучайтиришга қаратилгани билан аҳмиятлидир. 2018 йилнинг 2 февраль куни давлатимиз раҳбарининг “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Мазкур ҳужжатга мувофиқ, барча фуқаролар йиғинларида хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис лавозими жорий этилди. “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази ва унинг ҳудудий бўлимларининг ташкил этилиши оила институтининг мустаҳкамланишида амалий қадам бўлди. Шунингдек, ФҲДЁ органларининг фаолияти туман, шаҳар ҳокимликларига бўйсундирилди. Уларнинг фаолиятини назорат қилиш ҳоким ўринбосари — хотин-қизлар қўмитаси раиси зиммасига юклатилди.

Шу билан бирга, 2018 йил 14 март куни Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ташкил этилди. Хотин-қизларни ва оилани ҳар томонлама қўллаб қувватлаш, оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларга, оилаларга, ногиронлиги бўлган аёлларга ёрдам кўрсатиш, уларнинг бандлигини таъминлаш кабилар фонднинг асосий вазифаси этиб белгиланди.

Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишда бандлик масаласи муҳим ҳисобланади. Бандлик қатор ҳаётий муаммоларнинг ечими, жиноятларнинг, оиладаги ажримларнинг олдини олувчи омиллардан саналади. Ишли аёл рўзғорининг бут, хонадони дастурхонининг тўкин бўлишига ҳисса қўшади. Шу маънода, бугун жамоат фондининг маблағлари айнан аёллар бандлигини таъминлашга йўналтирилмоқда.

Яқинда Президентимизнинг “Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Мазкур қарор мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш, меҳнат ҳуқуқини кафолатлаш, аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашга кенг имкониятлар яратади. Амалдаги Меҳнат кодексининг 100-моддасида пенсия ёшига етган фуқаро билан меҳнат шартномаси иш берувчи томонидан бекор қилиниши мумкин эди. Давлатимиз раҳбарининг мазкур қарори эса, аёл 60 ёшга тўлгунича иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилиш тақиқланди. Шунингдек, ушбу ҳужжат асосида Ўзбекистон Республикасининг хотин-қизлар гендер тенглигини ҳимоя этиш бўйича комиссия ҳам тузилди.

Таъкидлаш керакки, мамлакатимизда хотин-қизлар ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида қонун ижодкорлиги ҳам қизғин давом этади. “Эркак ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ва имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги, “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳалари ишлаб чиқилиши кўзда тутилмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2019 йил 19 март куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида болаларимизнинг тарбиясида эътибор қаратишимиз зарур бўлган вазифаларни яна бир бор ёдимизга солди. Давлатимиз раҳбари ушбу видеоселектор йиғилишида ёшларга эътиборни кучайтириш, ёш авлодни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, уларда ахборот технологияларидан тўғри фойдаланиш кўникмасини шакллантириш, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш ҳамда хотин-қизлар бандлигини таъминлаш масалалари юзасидан бешта йўналишда ташаббус кўрсатиб, муҳим вазифани белгилаб бердилар.

Мазкур вазифалар мағзини чаққан ҳар киши бир нарсани аниқ англаб етади: юрт ва жамият ривожида ғоятда аҳамиятли бу ташаббус ёшларни жисмонан бақувват, руҳан тетик этиб тарбиялаш учун уларни спорт тўгараклари томон бошлаб боришимиз, юрагида китобга ҳавас уйғотиб, ўзимиз китобхонликда намуна бўлишимиз талаб этилади. Ахир, шу кўзмунчоқ болаларимиз эртага спортда, фанда, санъатда дунёни забт этса, унинг билими, одобига дунё ҳавас қилса, шу бизнинг бахтимиз, шу бизнинг фахримиз…

Ана шундай дунё тан оладиган, ҳавас қиладиган ўғил-қизларни тарбиялашга эса асосан биз — аёллар масъулмиз. Биз яна аёлни эъзозлайдиган, юртига таянч бўладиган марди майдонларни вояга етказишга бурчлимиз.

Бугун мамлакатимизда ислоҳотлар шиддат билан давом этаяпти. Биз тарбиялаётган фарзандларимиз ҳам ана шундай шаҳд ва шиддат билан бунёдкорлик ишларига камарбаста бўлади. Ниятимиз ҳам аслида шу.

 

Комила КАРОМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати


Кўришлар сони: 2769

Депутатлар минбари

Янгиликлар

20.07.2019
Миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик — демократик жамиятнинг асосий тамойилларидан бири

Пойтахтимиздаги Корейс маданияти ва санъати уйида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар ...

19.07.2019
ЎзХДП фракцияси фаолияти юзасидан ахборот берди

Қонунчилик палатасига киритилган қонун лойиҳалари бўйича фракциянинг 134 та таклифи ишлаб чиқилиб, ...

18.07.2019
Депутатлар автомобиль ойналарини қорайтириш масаласини қандай ҳал қилмоқчи?

“Адолат” СДП фракцияси депутатларига халқимиз томонидан ҳайдовчи ва йўловчиларни ёзнинг жазирама...

Тадбирлар тақвими