Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Мухтабар ҲУСАНОВА: Аёллар меҳнатига оид тақиқлар бекор қилинади

Мухтабар ҲУСАНОВА: Аёллар меҳнатига оид тақиқлар бекор қилинади

Президентимизнинг матбуотда эълон қилинган “Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида хотин-қизларимизнинг ҳуқуқларини янада мустаҳкамлаш, гендер тенглигини таъминлаш ва уларнинг ижтимоий ҳимояси билан боғлиқ кўплаб янгиликлар ифодаланган.

Аёлларга ўз бизнесини ташкил этиш, бизнес ғояларини тайёрлашда ёрдам бериш, узоқ вақт давомида бола тарбияси билан банд бўлган, оғир иқтисодий аҳволга тушиб қолган опа-сингилларимизни талаб катта бўлган касбга тайёрлаш ва ишга жойлашиши учун уларга кўмаклашиш каби бир қанча долзарб масалаларни қамраб олган ушбу ҳужжат хотин-­қизларнинг жамиятда ўз ўринларини эгаллашларида мус­таҳкам ҳуқуқий асос бўлиб ­хизмат қилади.

Қарорга мувофиқ, 2019 йил 1 майдан аёллар меҳнатини муайян соҳа ёки касбларда қўллаш бўйича тақиқлар бекор қилинади. Тавсиявий характердаги аёллар соғлиғига салбий таъсир этиши мумкин бўлган соҳа ёки касблар рўйхати тасдиқланади. Бундан ташқари, икки ёшга тўлмаган фарзандини ­тарбияловчи ота-оналарнинг бирига уларнинг иш пайтидаги дам олиш ва овқатланиш, болани овқатлантириш учун бериладиган танаффуслар ҳисобидан иш берувчи билан келишган ҳолда кун давомида фойдаланиладиган танаффус вақтини белгилаш ҳуқуқи берилади.

Пенсия ёшидаги аёлларимиз ҳам эътибордан четда қолгани йўқ. Эндиликда улар учун ҳам бир қатор имкониятлар назарда тутиляпти. Энг муҳими, аёлларнинг пенсия ёшига тўлгани ёки қонун ҳужжатларига мувофиқ ёшга доир давлат пенсиясини олиш ҳуқуқи вужудга келгани сабабли улар билан тузилган номуайян муддатли меҳнат шартномасини 60 ёшга тўлгунга қадар ёки муддатли меҳнат шартномасини муддати тугагунга қадар иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилиш тақиқланади.

Эркак ва аёллар ҳуқуқлари тенглиги бузилиши билан боғлиқ ишларнинг судларда кўриб чиқилишида аёлларга адвокатлар томонидан кўрсатиладиган юридик хизмат учун ҳақ уларнинг хоҳишига кўра давлат ҳисобидан қопланади. Бу ҳам жуда долзарб масала бўлиб, жойларда ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қила олмайдиган хотин-қизларимиз учун айни муддаодир.

Қарорнинг амалий ижросини таъминлаш биз, депутатларнинг зиммасига ҳам катта масъулият юклайди. Сабаби бу борада тегишли қонунлар ишлаб чиқилиши кўзда тутилган.

Аёлларнинг ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги ислоҳотларда иштирокини кучайтириш, ўзининг муносиб ҳиссасини қўшишга ундовчи бундай ташаббуслар уларнинг жамиятдаги роли ва мавқеини янада оширади.

Мухтабар ҲУСАНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати


Кўришлар сони: 153

Депутатлар минбари

Янгиликлар

26.03.2019
Навбатдаги “Ҳукумат соати”да депутатлар саволларига Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси раиси жавоб беради

Қонунчилик палатасидаги навбатдаги “Ҳукумат соати” жорий йилнинг 2 апрель кунига режалаштирилган б...

26.03.2019
Истиқболли вазифалар белгилаб олинди

2019 йил 26 март куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси томони...

26.03.2019
Хотин-қизларга муносиб иш ўринлари яратиш – устувор вазифа

2019 йил 26 март куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси ҳамда партия ...

Тадбирлар тақвими