Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Шуҳрат ЯКУБОВ: Наманганликларнинг қувончи нимадан?

Шуҳрат ЯКУБОВ: Наманганликларнинг қувончи нимадан?

Жорий йилнинг 26 февралидан 2 мартига қадар Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг барча депутатлари каби ўзим сайланган сайлов округига — Наманган вилоятига бориб, сайловчилар билан учрашувлар ўтказдим.

Аввалги чиқишларимиздан фарқли жиҳати, мазкур учрашувларимиз Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Наманган вилоятига ташрифи арафасига тўғри келди. Бу, ўз-ўзидан, мулоқотларнинг янада жонли, самимий, мазмунли ва ҳаяжонли кечишига сабаб бўлди. Биз юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, қабул қилинаётган янги қонунлар, уларнинг мазмун-моҳияти ҳақида фикр билдирар эканмиз, халқимизнинг Президент фаолиятига алоҳида қизиқиш билдириб, юритаётган сиёсатига катта рағбат билан қараётганига ишонч ҳосил қилдик. Тиббиёт, таълим, туризм, тадбиркорлик, ижтимоий ҳимоя, солиқ, пенсия ва бошқа соҳалардаги янги қонунлар давлатимиз раҳбарининг ташаббусига уйғунлиги эътироф этилмоқда. Ёши, касби, турмуш тарзи ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, барча суҳбатдошларимизнинг юртимизда амалга оширилаётган инсон ҳуқуқ ва манфаатларига йўғрилган ислоҳотлардан мамнунлигини кузатдик.

...Тонгда водий томон отланиб, йўловчи ташувчи машинага ўтирар эканмиз, уни бошқараётган ҳайдовчининг гаплари эътиборимни тортди.

“Ака, — дея гап бошлади у, — Президентимизнинг вилоятларга тез-тез келаётгани, оддий одамлар ҳолидан хабар олаётгани биз учун жуда маъқул бўляпти-да! Йўллар яхшиланмоқда, раҳбарларимизнинг масъулияти ортмоқда, кўчаларимиз обод бўляпти. Юртбошимиз ўтган йили келганида вилоят марказидан 60 километргача бўлган ер асфальтланиб, йўллар равон бўлганди. Бу йил яна қанча йўллар таъмирланди... Билсангиз, тараққиётга ўнқир-чўқир эмас, ана шундай равон йўллардан борилади. Халқимиз бундан жуда хурсанд!”

Маҳаллаларни айланиб, уйма-уй, хонадонма-хонадон кирар эканмиз, йўлда ҳудуд шифокори ва патронаж ҳамширасини учратдик. Яқинда Андижон тиббиёт олийгоҳини тамомлаб, ишга келган умумий амалиёт шифокори Аброржон Жўраев мазкур ҳудудга бириктирилган экан. У кейинги йилларда давлатимиз раҳбарининг тиббиёт соҳасига жиддий эътибори туфайли аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш тизимига янгича мазмун олиб кирилганини тўлқинланиб гапириб берди. Кадрлар тайёрлаш тизимидан тортиб, дори-дармон таъминоти, “Тез ёрдам” хизмати сифати янги босқичга кўтарилди. Унинг айтишича, авваллари тиббиёт олийгоҳини битираётган талабалар қаерга ишга бораман, қандай ишга жойлашаман, деган ўткир муаммога дуч келар эди. Ҳозирда вилоят, туман тиббиёт бирлашмаларининг раҳбарлари ўзлари келиб, ўз ҳудудига ишга боришга чорлаяпти. Кадрларни уй-жой билан таъминлаш ва бошқа имтиёзлар беришга ҳам алоҳида эътибор қаратилаётгани ҳам илгари кузатилмаган янгиликлардан. Президентимизнинг қарорлари асосида тиббиёт ходимларининг ойлик маоши икки баробар оширилгани уларни янада руҳлантирди, иқтисодий имкониятлари билан бирга, масъулиятини ҳам оширди.

Аброржон Жўраев билан бирга ҳудуд айланаётган патронаж ҳамшира Раъно Холиқова ҳам ислоҳотлардан мамнунлигини қайд этиб, ёнидаги сумкасини фахрланиб кўрсатар экан, шундай деди: “Авваллари шундай кўринишдаги сумкамиз ҳам йўқ эди. Ҳозирда сумка билан бирга, ичида 20 дан ортиқ дори-дармон ва тиббий буюмларимиз ҳам бор. Булар аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатишимизга ёрдам бермоқда”.

Учрашувлар жараёнида қишлоқ хўжалиги соҳасида қабул қилинган янги қонунлар моҳиятини тушунтириш учун бир қатор фермер хўжаликлари фаоллари билан мулоқотда бўлдик. Янги ислоҳотлар билан таништириб, уларнинг фикр ва мулоҳазаларини ҳам тингладик.

— Қишлоқ хўжалиги соҳасида жорий этилаётган кластер тизими бизни жуда қизиқтириб қўйди, — дея гап бошлади чортоқлик фермер Нуриддин Тўхтабоев. — Бунинг учта муҳим жиҳати бор экан: биринчидан, ўзимиз ишлаб чиқарган хомашё ўзимизда қайта ишланиб, тайёр маҳсулотга айланади. Иккинчидан, фақат мавсумда эмас, балки барча фаслда ишлаш, шу ҳудуддаги аҳолини иш билан таъминлашда яхши имконият яратилади. Учинчидан, ишчиларга муайян иш стажини ёзиш, келажакда уларни пенсия билан таъминлаш ва давлатга солиқлар тўлашда қонун устуворлигини таъминлашга эришилади. Умуман олганда, ишимизда тартиб ва унум бўлар экан. Шу жиҳатдан келгусида мен ҳам янги кластер ташкил этмоқчиман.

Яна уйма-уй юрамиз... Бугунги кунда табаррук 70 ёшини нишонлаб, фарзандлар роҳатини кўриб, яратилган имкониятлардан фойдаланиб, яқинда Ҳаж зиёратини амалга ошириб келган Мамадали бобо Шодмонов билан гурунг айниқса қизиқ кечди.

— “Ҳаётингизда қандай ўзгариш сезяпсиз?” дейсизми, болам? — дея гап бошлайди отахон самимият билан. — Жавобим кўп. Лекин иккитасини айтсам ҳам, фикримни тушуниб оласиз. Биринчидан, хонадонларимизда икки йил аввал қиш кунлари чироғимиз суткасига 3-4 соатгина бўларди. Бундан айниқса кексаси, ёш боласи бор оилалар қийналар эди. Ҳозир бу муаммо деярли ҳал этилди. Бизни янада хурсанд қилгани Президентимиз куни кеча Тўрақўрғон туманида барпо этилаётган Иссиқлик электр станцияси қурилишини янада тезлатиш ҳақида топшириқ бердилар. Энди нафақат бизда, балки бутун водийда электр муаммо бўлмайди. Иккинчидан, илгари биз каби пенсионерларга нафақа фақат пластик картада бериларди. Оддий озиқ-овқат сотиб оламан десангиз ҳам  нақд пул муаммосига дуч келардингиз. Президентимиз битта қарор билан бу муаммони ҳал этгани кимни қувонтирмайди дейсиз. Бўлар экан-ку...

Ҳа, отахоннинг сўзлари давлатимиз раҳбарининг куюнчаклик билан айтган,  одамларимиз ислоҳотлар самарасини бугун ўзининг ҳаётида сезиши, ҳис қилиши зарур, деган гапи ҳаётда ўз инъикосини топаётганини англатади.

Учрашувларимиз давомида ижтимоий соҳа объектлари, хусусан, таълим муассасаларида ҳам бўлдик. 25-ўрта мактаб ўқитувчиси Худойберди Болтабоевнинг халқ таълими соҳасидаги ислоҳотлар ҳақидаги фикрлари диққатимни тортди. Унинг фикрича, Президентимизнинг ташаббуси асосида мактабларда 11 йиллик таълим тизими қайта тиклангани, ўқитувчиларнинг ижтимоий ҳимояси кучайтирилгани, болаларни мажбурий меҳнатга жалб этиш каби салбий ҳолатларнинг тўлиқ бартараф этилгани таълим сифатига ижобий таъсир кўрсатмоқда. Айниқса, мактабгача таълим тизими бўйича алоҳида вазирлик ташкил этилгани, давлат ва хусусий шериклик асосида мактабгача таълим муассасалари очилаётгани кишини қувонтиради. Президентимизнинг навбатдаги ташрифи давомида ҳам Наманганда йигирмага яқин замонавий мактабгача таълим муассасасини қуриш бўйича топшириқлар берилгани вилоят аҳлини мамнун этди.

Мазкур ташрифни наманганлик тадбиркор Турсунбой Парпиев “жуда катта инвестициявий ташриф” сифатида баҳолашини қайд этди. Чунки, фаоллар йиғинида Президентимиз Наманган вилояти учун хомийлар томонидан 50 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағ ажратилганини таъкидлади. Тадбиркорнинг фикрича, “Россияда яшаётган таниқли тадбиркор, ватандошимиз Алишер Усмонов билан келишиб, у кишини ўз туғилиб-ўсган юртига инвестиция киритишига ишонтира олиш ва бунга эришиш давлатимиз раҳбарининг жуда катта сиёсий тажрибасини кўрсатади. Бундай инвестор ҳар кимга ҳам ишонмайди. У орқали бутун Наманган вилоят обод бўлади”.

Умуман, бу сафарги ҳудудларга чиқишимиз давомида сайловчилар билан учрашиб, асосан мамлакатимиздаги ислоҳотлар, Президентимизнинг Наманган вилоятига ташрифи ва унинг якунлари ҳақида фикр алмашдик. Мазкур амалий ташриф ҳар галгидек, аҳолининг кайфияти кўтарилишига, янги истиқболли режаларни белгилашга хизмат қилади.

Айниқса, Юртбошимизнинг халқ ичига кириб, улар билан дилдан суҳбатлашгани, савдо марказларини айланиб, нарх-наво ҳамда аҳолига яратилган шароитлар билан шахсан танишиши наманганликларнинг кўнглида фахр-ифтихор туйғуларини кучайтириб юборди. Ўз навбатида, бу саъй-ҳаракатлар бизга ҳам катта сабоқ бўлди. Доимо халқ дарду ташвиши билан яшаш, одамларнинг ҳаётини фаровонлаштиришга қаратилган амалий ишларда фаоллик кўрсатиш ҳар бир раҳбар каби биз депутатлар зиммамиздаги масъулиятли вазифадир. Биз ҳам мазкур ҳудуддан сайланган депутат сифатида аҳолининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда, қонун ижодкорлиги ва парламент назоратини амалга оширишда, умуман, келгуси депутатлик фаолиятимизни ташкил этишда эътибор қаратишимиз зарур бўлган устувор йўналишларни белгилаб олдик.

 

Шуҳрат ЯКУБОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси депутати


Кўришлар сони: 188

Депутатлар минбари

Янгиликлар

26.03.2019
Навбатдаги “Ҳукумат соати”да депутатлар саволларига Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси раиси жавоб беради

Қонунчилик палатасидаги навбатдаги “Ҳукумат соати” жорий йилнинг 2 апрель кунига режалаштирилган б...

26.03.2019
Истиқболли вазифалар белгилаб олинди

2019 йил 26 март куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси томони...

26.03.2019
Хотин-қизларга муносиб иш ўринлари яратиш – устувор вазифа

2019 йил 26 март куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси ҳамда партия ...

Тадбирлар тақвими