Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Элдор ТУЛЯКОВ: Дунё рейтингларида мавқеимиз янада юксалади

Элдор ТУЛЯКОВ: Дунё рейтингларида мавқеимиз янада юксалади

Президентимиз Шавкат Мирзиёев олиб бораётган узоқ истиқболни кўзловчи прагматик сиёсат натижасида кейинги қисқа давр мобайнида мамлакатимизнинг халқаро майдондаги обрў-эътибори анча мустаҳкамланди. Дадил ислоҳотлар, креатив ёндашувлар, кутилмаган қарорлар ва шиддатли одимлар туфайли Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати жаҳон ҳамжамиятининг эътирофига сазовор бўлди. Хорижий давлатлар билан ўзаро манфаатли алоқаларимиз кенгайиб, юртимизнинг дунё миқёсидаги ижобий имижи шаклланди.

Давлатимиз раҳбарининг ўтган йил охирида Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида ҳам ташқи сиёсат борасида эришилган ютуқлар таъкидланиб, бу борада галдаги вазифалар сифатида дунё ҳамжамиятида Ўзбекистонга бўлган қизиқишни ошириш, унинг халқаро майдондаги нуфузини янада мустаҳкамлаш масаласига алоҳида урғу берилди.

Таъкидлаш жоиз, бу ўринда Ўзбекистоннинг халқаро рейтинг ва индексларда юқори ўринларни эгаллашига эришиш муҳим аҳамият касб этади. Чунки халқаро рейтинг ва индекслар дунёдаги институционал муҳитнинг сифатини баҳолаш – иқтисодий ривожланишнинг асосий шарти сифатида дунёда умум қабул қилинган восита ҳисобланади.

Бугунга келиб бу каби рейтинг ва индекслар нафақат экспертлар, балки давлатлар даражасида ҳам ислоҳотлар ва иқтисодий сиёсатнинг муваффақияти мезонлари сифатида қўлланила бошланди. БМТнинг Инсон камолоти индекси (Human Development Index), Жаҳон иқтисодий форумининг Глобал рақобатбардошлик индекси (Global Competitiveness Index), Жаҳон банкининг бизнес юритиш рейтинги (Doing Business) ва шу сингари бошқа қатор омиллар бўйича натижалар давлатларда, шу жумладан Ўзбекистонда турли даражадаги дастурлар ишлаб чиқилишида мақсадли йўналиш сифатида хизмат қилмоқда.

Жаҳон миқёсидаги халқаро ижтимоий-иқтисодий рейтинглар орасида, биринчи навбатда, Жаҳон банкининг “Бизнес юритиш” рейтингини қайд этиш лозим. “Бизнес юритиш” рейтинги ҳисоботи Жаҳон банкининг ҳар йили ўтказадиган тадқиқотлари натижаси ҳисобланиб, унга кўра, 190 мамлакатда 10 кўрсаткич бўйича бизнес юритиш қулайлиги баҳоланади. Ҳисобот кичик ва ўрта бизнеснинг ҳаётий фаолияти давомида уни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни баҳолашга, амалиётда қўллаш тартибига йўналтирилган. Ушбу ҳисобот Жаҳон банки томонидан 2003 йилдан бери тайёрланиб келинади ва ҳар йили кузда эълон қилинади.

Қувонарлиси шундаки, кейинги 5 йил давомида “Бизнес юритиш” рейтингида Ўзбекистон жаҳоннинг 190 мамлакати орасида 2012 йилдаги 166-ўриндан 2017 йилда 74-ўринга кўтарилиб, бизнес юритиш учун энг қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш кўрсаткичи бўйича ислоҳотчи мамлакатларнинг биринчи ўнталигидан жой олди. Ўзбекистон 2022 йилгача Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг “Бизнес юритиш” ҳисоботидаги жаҳон мамлакатларининг биринчи йигирматалиги даражасига мос келадиган энг қулай шарт-шароитларни яратишга интилмоқда. Бу мақсад Президентимизнинг 2018 йил 13 июлдаги “Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг “Бизнес юритиш” йиллик ҳисоботида Ўзбекистон Республикасининг рейтингини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорида ўз ифодасини топган.

Бироқ, шу кунга қадар бизда тегишли йўналишлар бўйича миллий рейтингларни юритишга ёрдам берадиган, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг халқаро мезонлар ва стандартларга мувофиқлигини баҳолашнинг яхлит тизими яратилмагани сабабли мамлакатимиз халқаро рейтингларда пастки ўринларни эгаллаб келаётганини ҳам ёдда тутишимиз лозим.

Мамлакатимизда иқтисодий ўсишнинг ишончли базасини яратиш ва аҳоли фаровонлигини ошириш биз учун, ҳозирги кундаги жаҳон иқтисодиётидаги замонавий жараёнлар фонида, айниқса, долзарб аҳамиятга эга. Бинобарин, инвестициялар оқимини сезиларли даражада ошириш, институционал ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш борасидаги муаммоларни ҳал қилишнинг самарали усулларидан бири бу юртимизнинг умумэътироф этилган халқаро рейтингларда фаол иштирокини таъминлаш ва ушбу тадқиқотларда муайян натижаларни қўлга киритишдир. Бу, ўз навбатида, нафақат Ўзбекистонга бўлган ишончнинг ортишига, балки долзарб масалаларни аниқ белгилаб олиб, энг мақбул халқаро амалиётга асосланган бизнес ва инновацион фаолият шароитларини шакллантириш борасида ҳам муваффақият омили бўлади.

Шунинг учун ҳам 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегиясида “Ўзбекистон Республикасининг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш, мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотлар тўғрисида жаҳон ҳамжамиятига холис ахборот етказиш” назарда тутилган.

Президентимиз томонидан куни кеча имзоланган “Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтинглар ва индекслардаги ўрнини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарор бу йўналишдаги ислоҳотларнинг яна бир янги босқичини бошлаб берди.

Мазкур ҳужжатга мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтинглардаги ўрнини мониторинг қилиш ва баҳолаш миллий тизими яратилади. Миллий мониторинг тизимини ташкил этишнинг дастлабки босқичи сифатида тадқиқот институтларига халқаро рейтинглар бириктирилиб, улар зиммасига халқаро рейтингларнинг методологик ва бошқа таркибий қисмларини аниқлаш, уларни амалдаги қонунчиликка имплементация қилиш, Ўзбекистоннинг халқаро рейтинглардаги паст кўрсаткичларига сабаб бўлаётган асосий омилларни аниқлаш вазифаси юклатилди.

Шунингдек, жорий йил 1 апрелига қадар интернет тармоғида “Ўзбекистон Республикаси халқаро рейтингларда” ягона портали ишга туширилади. Мазкур порталда халқаро рейтинглар бўйича йиллик ҳисоботлар, шунингдек, ҳисоботларни ўрганиш ва эълон қилиш муддатларини кўрсатган ҳолда тегишли йўналишлар бўйича ишлар аҳволини яхшилашга қаратилган халқаро ташкилотлар ва экспертларнинг тавсиялари ёритиб борилади. Ўз навбатида, Ўзбекистоннинг миллий манфаатларини ҳисобга олган ҳолда хорижий давлатларнинг ижобий тажрибасига асосланган рейтинглар методологияси тасдиқланиб, мамлакатимизнинг халқаро рейтинглардаги ўрнини, шу жумладан, тадқиқот институтларининг маълумотлари ва ўрганиш натижаларини ҳисобга олган ҳолда яхшилаш бўйича ҳар йили «Йўл хариталари» ишлаб чиқилади.

Албатта, ушбу Қарорда белгиланган вазифаларнинг тўлиқ бажарилишида қуйидаги омилларни эътиборга олиш мақсадга мувофиқ:

– Қарорда қайд этилган халқаро рейтинг ва индексларда етишмаётган ва мавжуд бўлмаган кўрсаткичлар бўйича Ўзбекистонда статистик ҳисоботлар (маълумотлар) базасини шакллантириш ва жорий қилиш;

– халқаро рейтингларнинг омиллари ва кўрсаткичларини таҳлил қилиш асосида иқтисодий жараёнларни прогнозлаштириш ва тартибга солишда фойдаланиладиган мезонлар тизимини аниқлаштириш;

– мамлакатимиз ҳар бир халқаро рейтинг ёки индексда аниқ рақам кўрсаткичлари кўринишида кўзлаётган манзилли мақсадларни белгилаш;

– устувор халқаро рейтинглар ва индекслар, уларнинг таркибий қисмларини, шу жумладан, тартибга солиш таъсирини баҳолашнинг умумий принциплари доирасида бошқариш амалиётида таҳлил қилиш ва ҳисобга олишни таъминлайдиган усулларни ишлаб чиқиш;

– рейтинг ташкилотчилари билан конструктив алоқаларни ўрнатиш, шу жумладан, методологик масалалар, таҳлилий ахборот алмашиш, шунингдек, тавсиялар олиш.

Шуни ҳам қайд этиш лозимки, мамлакатимизда халқаро рейтинг ва индексларда илдамлаш мақсадида, ушбу рейтинг ва индекслар доирасидаги индикаторлар билан чекланиб қолмай, балки параллел равишда Ҳаракатлар стратегиясида назарда тутилган барча соҳалардаги вазифаларни амалга ошириш бўйича аниқ мақсадли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини камайтириш, хусусий секторнинг ролини кучайтириш, суд-ҳуқуқ тизимини янада либераллаштириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш ва бошқа масалаларда қатор чор-тадбирлар ишлаб чиқилиб, ҳаётга тадбиқ қилиниб келинмоқда. Айниқса, кичик бизнес субъектларининг муаммоларини ҳал этишда судлар томонидан адолат ўрнатиш, иқтисодий судлар фаолиятини такомиллаштириш, умуман, аҳолининг суд-ҳуқуқ тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлаш давлат фаолиятида устувор аҳамият касб этмоқда.

Биргина ўтган йилнинг ўзида давлатимиз раҳбарининг ўндан ортиқ муҳим халқаро ташаббуси тўлиқ амалга оширилди. Хусусан, АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистонни “Диний эркинликни тизимли, давомий ва жиддий равишда бузишда иштирок этувчи мамлакатлар рўйхатидан” чиқарди. 2018 йил охирида БМТ Бош ассамблеясининг ялпи сессиясида «Маърифат ва диний бағрикенглик» деб номланган махсус резолюциянинг қабул қилиниши Президентимиз томонидан илгари сурилган халқаро ташаббуснинг дунё ҳамжамияти томонидан қўллаб-қувватланганлигининг яққол исботидир.

Хулоса ўрнида алоҳида таъкидлаш керакки, мамлакатимизда савдо-иқтисодий, инвестициявий, ижтимоий соҳаларни ривожлантириш моделларини ишлаб чиқиш, дунёнинг етакчи халқаро таҳлил ва илмий-тадқиқот, ишлаб чиқариш муассасалари билан алоқаларни мустаҳкамлаш орқали Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги имижини янада юксалтириш долзарб масаладир. Бу борада самарали ва кенг кўламли тарғибот-ташвиқот ишларини йўлга қўйиш, миллий туристик брендни яратиш, хорижий нодавлат ташкилотлар ва оммавий ахборот воситалари билан ўзаро манфаатли келишувларга эришиш, халқаро ташкилотлар вакилларини юртимизга таклиф қилиш ва уларни юз бераётган ўзгаришлар билан таништириш каби жиҳатлар алоҳида ўрин тутади. Ўзбекистонни дунёга кўрсатиш, халқаро рейтинглар ва индекслардаги ўрнини юксалтириш фақат ва фақат халқимиз фаровонлиги, мамлакатимизнинг барқарор тараққиёти ҳамда давлатимиз куч-қудратининг мустаҳкамланишига хизмат қилади.

 

Элдор ТУЛЯКОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори


Кўришлар сони: 2187

Депутатлар минбари

Янгиликлар

25.06.2019
Ногиронликни белгилашда фуқаролар сарсон бўляптими?

Жорий йил 25 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси ...

25.06.2019
Фракция йиғилишида 2019-2025 йилларда соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепцияси доирасидаги ишлар таҳлил қилинди

Соғлиқни сақлаш вазирлигига мазкур йўналишда алоҳида тартиб жорий қилиш мақсадида тегишли норматив-ҳуқуқий...

25.06.2019
Институт фаолиятида “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги Қонун ижроси қандай таъминланяпти?

2019 йил 25 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати...

Тадбирлар тақвими