Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Янги таҳрирдаги «Туризм тўғрисида»ги қонун лойиҳасининг янгилиги нимада?

Янги таҳрирдаги «Туризм тўғрисида»ги қонун лойиҳасининг янгилиги нимада?

2019 йил 6 март куни Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси Марказий кенгаши ва партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси томонидан янги таҳрирдаги «Туризм тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасининг муҳокамасига бағишланган очиқ мулоқот ўтказилди.

Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси мамлакатимизнинг халқаро ижобий имижини шакллантиришда туризмни самарали восита деб билади ва уни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратади. Халқимизнинг ноёб маънавий бойлиги ва тарихий меросини тарғиб этишда муҳим аҳамиятга эга бўлган туризм иқтисодиёт тараққиётини янада жадаллаштирувчи омил сифатида иқтисодий-ижтимоий муаммолар ечимига, қўшимча иш ўринлари яратилишига, аҳоли бандлигини таъминлашга ҳамда инфратузилманинг ривожланишига хизмат қилади.

Тадбирда алоҳида таъкидланганидек, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимиз сайёҳлик салоҳиятини юксалтириш, соҳа фаолиятини халқаро талаблар даражасида такомиллаштириш ва ривожлантириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Боиси, Ўзбекистон замини қадимдан Буюк Ипак йўли чорраҳасидаги улкан салоҳиятга, табиий, тарихий ва маданий бойликларга, гўзал анъана ва урф-одатларга эга ҳудуд сифатида бутун дунё эътибори ҳамда эътирофига сазовор бўлган. Бугунги кунда мамлакатимиз нафақат сиёсий, иқтисодий-ижтимоий, маданий соҳаларда, балки туризмда ҳам янги ривожланиш босқичига қадам қўйди.

Давлатимиз раҳбарининг туризм соҳасидаги Фармон ва Қарорлари мамлакат иқтисодиётининг стратегик тармоғи сифатида туризмни жадал ривожлантириш учун қулай иқтисодий, ташкилий-ҳуқуқий шароитлар яратиш, ҳудудларнинг улкан сайёҳлик салоҳиятидан янада тўлиқ, самарали фойдаланиш имконини бермоқда. Соҳага инвестицияларни фаол жалб қилиш, инновацион ғоя ва технологияларни қўллаш, мамлакатимизнинг маданий-тарихий мероси, табиий бойликларини тарғиб этишга туртки бермоқда. Натижада юртимизга келаётган сайёҳлар оқими йилдан-йилга кўпаймоқда.

Аммо, мулоқотда таъкидланганидек, юртимиз сайёҳлик салоҳиятини ривожлантиришнинг қонуний асослари бугунги кун талабларига жавоб бермайди. Шундан келиб чиққан ҳолда, «Туризм тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси тайёрланиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан қабул қилинди.

Қайд этилганидек, ишчи гуруҳи томонидан ушбу қонун лойиҳаси давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 8 августдаги «Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги Фармонидан келиб чиқиб такомиллаштирилди. Ундаги ҳаволаки нормалар чиқарилиб, тўғридан-тўғри амал қилувчи моддалар киритилди ҳамда масъул вазирлик ва идоралар билан муҳокама этилди.

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини имкон қадар қисқартириб, улар қонун лойиҳасининг ўзида акс эттирилмоқда. Хусусан, қонун лойиҳасининг 3-моддасидаги асосий тушунчалар такомиллаштирилди. Мазкур моддага «инструктор-йўлбошловчи», «туристик маҳсулот» ҳамда «туристик маҳсулот буюртмачиси», «ихтиёрий туризм», «жойлаштириш воситаси», «туристик йўналиш», «экскурсиячи», «йўриқчи-йўлбошловчи» каби бир қатор янги тушунчалар киритилган бўлса, «туризм», «турист», «гид», «тур», «туристик ваучер» каби атамалар янада аниқлаштирувчи таҳрирга айлантирилди.

Шу билан бирга, қонун лойиҳасида туризм фаолиятини ташкиллаштиришни таъминлайдиган туризм корхоналари — туризм операторлари, агентликлари, фирмалари, экскурсия ташкилотларининг туризм фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи фақат лицензия асосида олиб борилиши белгилаб қўйилмоқда. Бу билан қонуний тартибда туризм фаолиятини ташкил этиш истагида бўлган юридик ёки жисмоний шахс мазкур лицензия асосида эркин равишда фаолият юритиши имконияти яратилади.

Шу билан бирга, қонун лойиҳасида алоҳида боб сифатида туристик ҳудуд ва туристик кластерлар киритилган, янги нормаларда эса, экскурсиячилар, гид, йўриқчи-йўлбошловчилар сертификати, туристик маҳсулотларни сотиш ва бошқалар келтирилган.

Қонун лойиҳсини маромига етказиш жараёнида АҚШ, Франция, Германия, Италия, Англия, Испания, Россия, Туркия, Грузия, Озарбайжон, Польша, Беларусь, Қозоғистон каби бир қатор хорижий давлатларнинг туризм соҳасидаги қонунчилиги ўрганилиб, таҳлил қилинди. Шунингдек, туризмга алоқадор халқаро шартномалар, жумладан, «Халқаро туризм соҳасидаги Манила декларацияси», «Минг йиллик Осака декларацияси» ҳамда халқаро ҳужжатлар — БМТнинг «Бутун жаҳон туризм ташкилотининг резолюцияси»нинг амалиётда қўлланишига эътибор қаратилди.

Қайд этилганидек, қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида жамоатчиликнинг фикр-мулоҳазаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси томонидан ҳам ҳудудий партия ташкилотлари ва партия гуруҳларида бир қатор учрашувлар ўтказилиб, таклифлар олинди.

Очиқ мулоқотда Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси фаоллари ва депутатлари янги таҳрирдаги «Туризм тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасига ўз таклифларини билдирди. Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши мамлакатимизда туризм соҳасини жадал ривожлантириш, соҳа тараққиётини таъминлаш ва унинг инфратузилмаларини жаҳон стандартларига мос равишда такомиллаштиришга хизмат қилиши таъкидланди.

Йиғиш якунида «Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси масъул қўмитага ушбу қонун лойиҳасини, тадбирда билдирилган таклифларни инобатга олган ҳолда, яқин кунларда янги таҳрирдаги «Туризм тўғрисида»ги қонун лойиҳаси тариқасида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисига киритишни таклиф этди.

 


Кўришлар сони: 1892

Депутатлар минбари

Янгиликлар

25.06.2019
Ногиронликни белгилашда фуқаролар сарсон бўляптими?

Жорий йил 25 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси ...

25.06.2019
Фракция йиғилишида 2019-2025 йилларда соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепцияси доирасидаги ишлар таҳлил қилинди

Соғлиқни сақлаш вазирлигига мазкур йўналишда алоҳида тартиб жорий қилиш мақсадида тегишли норматив-ҳуқуқий...

25.06.2019
Институт фаолиятида “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги Қонун ижроси қандай таъминланяпти?

2019 йил 25 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати...

Тадбирлар тақвими