Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Аваз ЎРИНБОЕВ: Ер ресурсларини ҳисобга олишда маъсулият ошади

Аваз ЎРИНБОЕВ: Ер ресурсларини ҳисобга олишда маъсулият ошади

Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши учун яроқли ерлар ҳамда сув ресурслари чекланган бир шароитда аграр ва иқтисодий муносабатларни ислоҳ қилишга қаратилган қонунларнинг ижроси, уларга сўзсиз риоя этишни таъминлаш ҳамда бу борада таъсирчан чораларни қўллашни ҳаётий заруратга айлантирмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 7 январда Прокуратура органлари ходимлари куни олдидан бир гуруҳ соҳа ходимлари билан учрашувдаги маърузасида бугунги кунда қишлоқ хўжалиги тармоғида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, ерларни муҳофаза қилиш масалаларида бир қатор камчиликлар мавжудлиги қайд этиб ўтилган эди. Хусусан, кейинги йилларда мансабдор шахсларнинг экин экиладиган, суғориладиган ерларни қишлоқ хўжалиги оборотидан чиқариш билан боғлиқ ўз мансаб вазифасини суиистеъмол қилиш ва ҳаракатсизлиги ҳолатлари кўпайиб бораётгани кузатилган. Масалан, 2012-2016 йилларда “Ергеодезкадастр” органлари томонидан жисмоний шахслар томонидан ўзбошимчалик билан фойдаланилган 5.224 гектар ер участкаси ҳақидаги маълумотлар давлат солиқ идораларига тақдим этилмаган. Бунинг оқибатида жисмоний шахсларга Солиқ кодексининг 121-моддасида назарда тутилган жарималар қўлланилмаган.

Ҳолбуки, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 2153-моддасида солиқ тўловчиларнинг мажбуриятлари юзага келгани тўғрисида ахборотларни тақдим этиш тартибини бузганлик учун жавобгарлик белгиланган.

2012-2016 йиллар даврида юқорида қайд этилган қонун бузилишларни содир этилгани учун 724 нафар мансабдор шахс маъмурий жавобгарликка тортилган бўлиб, шундан 279 нафари ёки 51,2 фоизи “Ергеодезкадастр” давлат қўмитасининг мансабдор ходими ҳисобланади.

Президентимиз томонидан 2019 йил 5 мартда имзоланиб, матбуотда эълон қилинган “Ер тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ана шундай ҳолатларга барҳам беришга хизмат қилади. Таъкидлаш жоизки, ушбу Қонун билан Жиноят, Жиноят-процессуал, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, Фуқаролик, Ер ҳамда Солиқ кодексларига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар ер эгалари, ундан фойдаланувчилар, ижарачилар ҳамда мансабдор шахсларнинг масъулияти ҳамда жавобгарлигини кучайтиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Хусусан, Солиқ кодексининг 84, 329 ва 330-моддаларига киритилган қўшимчаларга асосан, ер ресурсларини ҳисобга олишни амалга оширувчи органлар ер участкасига бўлган ҳуқуқи юзага келган (тугатилган) шахсларни кўрсатган ҳолда ер участкасига бўлган ҳуқуқ берилгани (тугатилгани) тўғрисида, шунингдек, ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатсиз ёки ҳужжатда кўрсатилганига нисбатан катта ҳажмдаги ер участкаларидан фойдаланилганлик, ер участкасига бўлган эгалик қилиш, фойдаланиш, ижара ва мулк ҳуқуқининг рўйхатдан ўтказилмагани ҳоллари ҳақида ер участкаси жойлашган ердаги давлат солиқ хизмати органларига мазкур ҳоллар аниқланган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда маълум қилиши шартлиги белгилаб қўйилди. Шунингдек, ер ресурсларини ҳисобга олишни амалга оширувчи ва (ёки) баҳоловчи органлар ҳар бир қишлоқ хўжалиги маҳсулотини ишлаб чиқарувчи бўйича қишлоқ хўжалиги ерларининг норматив қиймати тўғрисида Давлат солиқ қўмитасига ҳар йили январь ойининг биринчи ўн кунлигида, йил давомида норматив қиймат ўзгарган тақдирда, ўн кунлик муддатда электрон шаклда ахборот тақдим этилиши талаби мустаҳкамланган.

Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, унинг жойлардаги органлари – ер тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилгани билан боғлиқ даъволар бўйича Фуқаролик ишлари бўйича судларда ҳамда иқтисодий судларда давлат божини тўлашдан озод қилиниши кўзда тутилган.

Қишлоқ хўжалик ерларига (қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши) энг кам ойлик иш ҳақининг бир баробаридан кўп бўлган миқдорда зарар етказилганда, “Ергеодезкадастр” давлат қўмитасининг мансабдор шахслари етказилган зарарни қоплаш юзасидан судга мурожаат қилиш заруратини вужудга келтиради. Аммо давлат божини тўлаш учун маблағлар йўқлиги сабабли давлат назоратини амалга оширувчи “Ергеодезкадастр” давлат қўмитасининг мансабдор шахслари қишлоқ хўжалик ерларини тиклаш мақсадида давлат бюжетига тушадиган маблағларни суд тартибида ўндириш имкониятига эга эмас. Шу сабабли, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, унинг жойлардаги органлари – ер тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилгани билан боғлиқ даъволар бўйича иқтисодий ва Фуқаролик ишлари бўйича судларда давлат божини тўлашдан озод қилинмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, қабул қилинган қонун билан киритилган ўзгартиришлар жисмоний ва юридик шахслар томонидан ҳужжатсиз тарзда ёки ҳужжатларга нисбатан кўп бўлган миқдорда фойдаланиб келаётган ер участкалари ҳақидаги маълумотларни ўз вақтида давлат солиқ идораларига тақдим этилишини таъминлайди. Бу эса, аниқланган қонун бузилишларни бартараф этиш бўйича тезкор чора-тадбирларни қабул қилиш имконини яратади.

Аваз ЎРИНБОЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси депутати


Кўришлар сони: 1481

Депутатлар минбари

Янгиликлар

25.05.2019
Молиявий режалаштиришдаги бюрократизм Давлат дастурини бажаришда тўсиқ бўлмоқда

– Давлат дастурининг амалиётга татбиқ этилишидаги молиявий муаммоларнинг ечимида бюрократизмнинг мавжудлигини...

23.05.2019
Қуйи палата қўмиталарида Давлат бюджети ижроси муҳокама этилди

2019 йилнинг 1-чорагида Давлат бюджети даромадлари 23 065,9 млрд. сўмни ташкил қилди ва ўтган ...

23.05.2019
Бюджет маблағлари сарфида хато ва ноқонуний ўзлаштириш ҳолатларига барҳам берилмоғи лозим

Депутатлар томонидан соғлиқни сақлаш соҳасига Давлат бюджетидан ажратилган 9 408,4 млрд. сўм мабла...

Тадбирлар тақвими