Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Қодир ЖЎРАЕВ: Мамлакатимиз ташаббуслари — халқаро ҳамжамият эътирофида

Қодир ЖЎРАЕВ: Мамлакатимиз ташаббуслари — халқаро ҳамжамият эътирофида

2 март куни биз учун Ўзбекистон БМТга аъзо бўлиб кирган сана сифатида жуда қадрли. Мана, 27 йилдирки, мамлакатимиз байроғи мазкур ташкилотнинг Нью-Йоркдаги бош қароргоҳи олдида ҳилпираб турибди. Айнан ана шу кундан эътиборан юртимиз глобал ва минтақавий муаммолар муҳокамасида ҳамда муҳим халқаро қарорларни қабул қилиш жараёнида бевосита қатнашиш имкониятига эга бўлди.

Даставвал БМТ билан ҳамкорликнинг устувор йўналишлари белгилаб олинди. Булар хавфсизлик ҳамда бар­қарорликка таҳдидларга қарши кураш, Афғонистонни қайта тиклаш, оммавий қирғин қуролларини тар­қатмаслик, экологик муаммоларни ҳал этиш, хусусан, Орол денгизи ­фожиасининг оғир оқибатларини юмшатиш, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш каби йўналишлардир.

Ўтган даврда Ўзбекистон томонидан илгари сурилган қатор ташаббуслар мунтазам қўллаб-қувватлаб келинаётгани барчамизни мамнун этади. Жумладан, Марказий Осиёда ядровий қуролдан холи ҳудудни (МОЯҚХҲ) ташкил этиш ташаббуси асосида 2006 йил 8 сентябрда Қозоғистоннинг Семипалатинск шаҳрида минтақа давлатлари томонидан “МОЯҚХҲ ташкил этиш тўғрисида”ги шартнома имзоланди ва у 2009 йилга келиб тўлиқ кучга кирди. 2014 йилнинг 6 май куни эса БМТ бош қароргоҳида ядровий “бешлик” давлатлари томонидан ушбу Шартноманинг хавфсизлик бўйича кафолатлари тўғрисидаги Протокол ҳам имзоланди.

2015 йилда БМТнинг “Барқарор тараққиёт мақсадлари” деб номланган стратегияси эълон қилинди. Ташкилотга аъзо давлатларнинг барчаси учун муҳим аҳамиятга эга бўлган, 2030 йилга қадар инсониятни равнақ топтиришнинг 17 та йўналишини ўз ичига олган мазкур стратегияда белгиланган мақсадларни амалга ошириш бобида юртимизда қатор ютуқлар қўлга киритилмоқда. Масалан, таълим сифатини юксалтириш, хотин-қизларнинг жамиятдаги роли ва фаоллигини ошириш, болалар ўлимини камайтириш, оналар соғлиғини яхшилаш, юқумли ҳамда хавфли касалликларнинг олдини олиш, экологик барқарорликни таъминлаш борасида ижобий натижаларга эришилаётир. Бунга мисол қилиб республикамизда Давлат бюджетининг салкам 60 фоизи ижтимоий соҳа учун сарфланаётганлигини келтириш мумкин.

Таъкидлаш жоизки, 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган устувор вазифалар инсоннинг фаровон ҳаёт кечириши учун муносиб ша­роитларни яратиб беришга қаратилган бўлиб, унинг мазмун-моҳияти БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларига тўла ҳамоҳангдир.

Президентимиз БМТ Бош Ассам­б­леясининг 72-сессиясидаги нутқида (2017 йил сентябрь) жаҳон ҳамжамияти эътиборини халқаро аҳамиятга эга бўлган бир қатор долзарб масалаларга қаратди. Халқаро терроризм, диний экстремизм, диний бағрикенглик, Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш, Орол фожиасининг оқибатларини юмшатиш, Марказий Осиёда яхши қўшничилик, ўзаро ҳамжиҳатлик ва конструктив ҳамкорлик муҳитини барпо этиш шулар жумласидандир. Айниқса, давлатимиз раҳбари ёшлар масалаларига алоҳида эътибор қаратиб, глобаллашув ва ахборот-коммуникация технологиялари жадал ривожланиб бо­раётган бугунги шароитда ёшларга оид сиёсатни шакллантириш ва амалга оширишга қаратилган умумлаштирилган халқаро ҳуқуқий ҳужжат — БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини, Маърифат ва диний бағрикенглик бўйича алоҳида ҳужжатини ишлаб чиқиш ташаббусини илгари сурди. Бу таклифларнинг барчаси халқаро жамоатчилик томонидан катта қизиқиш ­билан кутиб олинди.

Бундан ташқари, Юртбошимизнинг қўшни Афғонистондаги вазиятни бар­қарорлаштириш ҳамда Ўзбекистон ҳеч қандай блокка қўшилмаслик мақомини сақлаб қолган ҳолда, очиқ мулоқотга тайёр эканлиги борасида билдирган қатъий позицияси ҳам ­халқаро жамоатчилик томонидан ­юксак баҳоланди. Эътиборлиси, бу ташаббус асосида 2018 йилнинг 26-27 март кунлари пойтахтимизда БМТ шафелигида “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзуида Афғонистон бўйича юқори даражадаги конференция ташкил этилди. Унинг якунлари  бўйича “Тошкент декларацияси” деб номланган тарихий ҳужжат қабул қилинди. У бугунги кунда Афғонистонда тинчлик ўрнатиш, унинг бар­қарор ривожланиши учун шароит ­яратиш, афғон халқининг фаровонлигини ошириш ҳамда унинг минтақа ва бутун дунёдаги ижобий жараёнларга жалб қилинишини ­таъминлашда муҳим аҳамият касб ­этмоқда. 

Афғонистон бўйича ўтказилган Тошкент конференцияси Декларация­си 2018 йил апрелда БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессияси ва Хавфсизлик Кенгашининг расмий ҳужжати сифатида таcдиқланди. Бундан ташқари, Афғонистонда тинчлик ўрнатиш бўйича Ҳукуматимиз томонидан олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар ва Афғонистон бўйича Тошкент конференцияси тўғрисидаги маълумотлар 2018 йил сентябрда БМТ Бош котибининг “Афғонистондаги ҳолат ҳамда унинг халқаро тинчлик ва хавфсизлик учун оқибатлари” деб номланган маърузасида ҳам алоҳида эътироф ­этилди.

Ўтган йилнинг 20 июнида БМТ Бош Ассамблеясининг ялпи мажлисида “Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тарақ­қиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш” резолюцияси қабул қилинди.

Айнан Ўзбекистон ташаббуси билан қабул қилинган мазкур резолюцияда, энг аввало, Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш, минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мус­таҳкамлашда минтақадаги давлатлар роли эътироф этилгани ҳолда, уларнинг хавфсизлик ва тараққиёт борасидаги ташаббуслари қўллаб-қувватлангани айни муддаодир.

Мазкур резолюцияда Марказий Осиёда хавфсизликни мустаҳкамлаш, сув ва энергия манбаларидан унумли ва комплекс фойдаланиш, Орол денгизи қуриши билан боғлиқ экологик ва ижтимоий-иқтисодий асоратни юмшатиш, минтақада замонавий транспорт ва транзит тизимини ташкил этиш, маърифат, фан, технология, инновация, туризм, маданият, санъат ва спорт соҳаларидаги алоқаларни чуқурлаштириш йўналишларида икки томонлама ва минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш муҳимлиги ҳам қайд этилган.

Ўтган йил 27 ноябрда Нью-Йоркда БМТ томонидан Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосида траст фондини ташкил қилиш бўйича ўтказилган тақдимот маросими Ўзбекистон амалга ошираётган саъй-ҳаракатларнинг яна бир амалий ифодаси бўлди. Бу маросимда БМТ Бош котиби А. Гутерриш, БМТнинг махсус муассасалари, Жаҳон банки, Халқаро валюта жамғармаси, йирик компания ва банк-молия институтлари, халқаро ноҳукумат экологик бирлашмалар ва илмий-ўқув доиралари вакиллари иштирок этди. Унда БМТ раҳбари Ўзбекистоннинг Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосида траст фондини ташкил қилиш бўйича ташаббусини алоҳида эътироф этиб, мамлакатимиз билан яқиндан ҳамкорлик қилишга тайёр эканлигини яна бир бор таъкидлади.

Шунингдек, 2018 йил 12 декабрда БМТ Бош Ассамблеяси ялпи сессиясида “Маърифат ва диний бағрикенг­лик” деб номланган махсус резолюция қабул қилинди. 2017 йили ­давлатимиз раҳбари илгари сурган ташаббус асосида ишлаб чиқилган бу резолюцияни Осиё, Африка ва Лотин Америкасидаги 50 дан ортиқ мамлакатлар қўллаб-қувватлаб, унинг ҳаммуаллифи бўлди.

Бугун мамлакатимизнинг нафақат БМТ, балки унинг таркибига кирувчи бир қатор ихтисослаштирилган муассасалар билан ҳам ўзаро самарали ҳамкорлиги тобора чуқурлашиб бораётганини кузатиш мумкин. Чунончи, ЮНИСЕФ ҳамкорлигида болалар саломатлигини асраш, улар орасида турли юқумли касалликлар тарқалишининг олдини олиш, эмлаш, мактаблар ва мактабгача таълим муассасаларида тиббий маданиятни ошириш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш бўйича кўплаб тадбирлар ўтказилмоқда.

ЮНЕСКО билан ҳам изчил ҳамкорлик йўлга қўйилган. Чунончи, бир қатор қадимий шаҳарларимиз ва буюк аждодларимиз юбилей тадбирлари ушбу халқаро ташкилот шафелигида кенг нишонланмоқда.

Умуман олганда, мамлакатимиз БМТ билан узвий ҳамкорлик қилиб, дунёда ва минтақада тинчлик ва бар­қарорликни таъминлашга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Ўзбекистон бундан кейин ҳам мазкур ташкилот ва унинг ихтисослаштирилган муассасалари билан изчил ҳамкорликни давом эттиради. Бу эса, ўз навбатида, мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузини янада юксалтиришга, юртимиз тинчлигини мус­таҳкамлашга ва барқарор тараққиётини таъминлашга хизмат қилади. 

 

Қодир ЖЎРАЕВ,

Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг
 Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси аъзоси


Кўришлар сони: 681

Депутатлар минбари

Янгиликлар

26.03.2019
Навбатдаги “Ҳукумат соати”да депутатлар саволларига Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси раиси жавоб беради

Қонунчилик палатасидаги навбатдаги “Ҳукумат соати” жорий йилнинг 2 апрель кунига режалаштирилган б...

26.03.2019
Истиқболли вазифалар белгилаб олинди

2019 йил 26 март куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси томони...

26.03.2019
Хотин-қизларга муносиб иш ўринлари яратиш – устувор вазифа

2019 йил 26 март куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси ҳамда партия ...

Тадбирлар тақвими