Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Расул КУШЕРБАЕВ: Шахсга оид маълумотлар муҳофаза қилинади

Расул КУШЕРБАЕВ: Шахсга оид маълумотлар муҳофаза қилинади

Айни кунларда Қонунчилик палатасида «Шахсий маълумотлар тўғрисида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишга тайёрланмоқда. Хўш, асосий мақсади шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш бўлган ушбу қонун лойиҳаси нимаси билан аҳамиятли? Унинг сизу биз учун аҳамияти қай даражада?

Парламент Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси томонидан депутатлар масъуллигида такомилига етказилаётган қонун лойиҳаси рақамли технологиялар даврида фуқароларга ўз шахсий маълумотлари устидан назорат қилиш, улардан фойдаланиш имкониятини соддалаштириш ҳамда қаерда қайта ишланишидан қатъи назар, маълумотлар ҳимоясини таъминлаш кафолатини беради.

Қонун лойиҳаси жисмоний шахслар томонидан шахсий, маиший, профессионал ёки тижорат мақсадидаги фаолиятга, миллий ва бошқа архив фондларида мавжуд бўлган шахсий маълумотларни тўплаш, сақлаш, фойдаланишга, давлат сири таркибига кирувчи шахсий маълумотларни қайта ишлашга, жиноятга қарши курашиш, разведка, контразведка, жиноий даромадларни легаллаштириш давомида қўлга киритилган шахсий маълумотларни қайта ишлашга нисбатан татбиқ этилмайди.

Қонун лойиҳасининг биринчи ўқишдаги вариантидан фарқли равишда шахсий маълумотлар тушунчасида жисмоний шахснинг электрон, қоғоз ва бошқа ташувчи жисмда қайд этилган маълумотлар эканлиги белгиланмоқда.

Шунингдек, қонунни қўллашда шахсий маълумотлар субъекти, шахсий маълумотлар базаси, шахсий маълумотларни қайта ишлаш, шахсий маълумотлар базаси оператори, шахсий маълумотлар базаси эгаси (мулкдори), учинчи шахс каби тушунчалар қўлланилиши кўзда тутилмоқда.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 27-моддасида ҳар бир шахс шахсий ҳаёт дахлсизлиги, шахсий ва оилавий сир, ўз қадри ва ғурурини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга экани кафолатлаб қўйилган. Ушбу қонун мазкур конституцион қоидани амалда намоён этишга хизмат қилади.

Қонуннинг асосий принциплари сифатида фуқароларнинг конституцион ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этиш, шахсий маълумотларни қайта ишлаш усули ва мақсадида қонунийлик ҳамда очиқликни таъминлаш, шахсий маълумотларнинг тўлиқ, ишончлилиги, шахсий маълумотларнинг конфеденциаллиги ва ҳимояланганлиги, субъект, мулкдор ва операторлар ўртасида тенглик, шахс, жамият ва давлат хавфсизлиги кабилар белгиланмоқда.

Қонун лойиҳасида шахсий маълумотлар соҳасида Вазирлар Маҳкамаси, ваколатли давлат органининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланмоқда. Алоҳида моддада шахсий маълумотларни қайта ишлашда иштирокчилар кимлар экани қайд этилган. Унга кўра, субъект ва оператор, шунингдек, зарур ҳолларда субъект, мулдор ва учинчи шахснинг қонуний вакили ҳам бўлиши мумкинлиги кўзда тутилган.

Шахсий маълумотларни тарихий, статистик, социологик, илмий изланишлар олиб боришда шахсий маълумотлар базаси мулкдори, оператори ёки учинчи шахслар албатта уни эгасизлантириши шарт. Шахсий маълумотни эгасизлантириш деганда унинг айнан қайсидир шахс(субъект)га тегишли эканини билиш имконини бермайдиган ҳаракат тушунилмоқда.

Шунингдек, лойиҳада шахсий маълумотларни қайта ишлашда вақтинчалик блоклаш масаласига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилмоқда. Унга кўра, шахсий маълумотлар эгаси унга тегишли маълумотлар тўлиқмас, эски, ноаниқ, ноқонуний йўл билан олинган, олдиндан билдирилган мақсаддан бошқа мақсад учун фойдаланилаётган ёки ўзининг қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилиш зарур деб ҳисобласа, оператордан шахсий маълумотларини блоклашни талаб қилиши мумкин.

Лойиҳада шахсий маълумотларни йўқ қилиш масаласига ҳам ойдинлик киритилмоқда.

Яна бир муҳим жиҳат шундаки, қонун лойиҳаси биометрик маълумотлар масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Биометрик маълумот сифатида шахснинг айнан ким эканини аниқлаш имконини берадиган анотомик ва физиологик хусусиятларини билдирувчи шахсий маълумотлар экани кўзда тутилмоқда.

Бугунги кунда кўпгина жойларда ўрнатилаётган видеокузатув ускуналарида қайд этилаётган маълумотларни ҳам шахснинг биометрик маълумотлари сирасига киритиш мумкин. Бу борада ҳам келгусида катта ўзгаришлар бўлиши кутилмоқда, албатта. Бунда видеокузатув мосламалари шасхнинг айнан ким эканини тасдиқлаш имконини берадиган бўлса, бу ҳақда олдиндан маълумот субъектининг розилиги асосида унга доир маълумотларни йиғиши ва шундан сўнггина у видеокузатув ускунасида тегишли шахс сифатида қайд этилиши мумкин.

Қонун келгусида маълумотлар билан ишлашда халқаро стандартлар ва қоидаларни жорий қилиш, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш самарадорлигини ошириш, фуқароларга зарар келтириши мумкин бўлган шахсий ҳаёт дахлсизлиги бўйича ҳуқуқлари бузилшининг олдини олишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Таъкидлаш жоизки, қонунларнинг амалиётда самарали ишлашида уни бузганлик учун жавобгарлик масаласи ҳам ҳал этилиши лозим. Шу боис, бир вақтнинг ўзида “Шахсий маълумотлар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси қабул қилиниши билан уни бузганлик учун жавобгарликни белгилаш мақсадида алоҳида қонун лойиҳаси сифатида Жиноят кодекси ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ҳам тегишли қўшимчалар киритишни кўзда тутувчи қонун лойиҳаси иккинчи ўқишга тайёрланмоқда.

Унга кўра, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига янги 1412-модда киритиш таклиф этилмоқда. Бунда шахсий маълумотларни ноқонуний тўплаш, жамлаш, сақлаш, фойдаланиш ва тарқатиш, шу жумладан, трансчегаравий узатиш, худди шунингдек, қонун ёки шахсий маълумотлар субъекти томонидан фойдаланиш чекланган шахсий маълумотларни янгилаш, ўзгартириш, эгасизлантириш, тизимлаштириш, тўсиб қўйиш ва йўқ қилиш ўша ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Ўша ҳаракатлар бир гуруҳ шахс томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилса, такроран ёки хавфли рецидивист томонидан, ғаразли ёки бошқача паст ниятларда, хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда содир этилса, оғир оқибатларга сабаб бўлса, энг кам иш ҳақининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексни ҳам янги 462-модда билан тўлдириш таклиф этилмоқда. Унга кўра, шахсий маълумотларни ноқонуний тўплаш, жамлаш, сақлаш, фойдаланиш ва тарқатиш, шу жумладан, трансчегаравий узатиш, худди шунингдек қонун ёки шахсий маълумотлар субъекти томонидан фойдаланиш чекланган шахсий маълумотларни янгилаш, ўзгартириш, эгасизлантириш, тизимлаштириш, тўсиб қўйиш ва йўқ қилиш фуқароларга энг кам иш ҳақининг уч бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса, беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида қонун лойиҳалари депутатлар томонидан ялпи мажлисда уч ўқишда кўриб чиқилиб қабул қилингач, Сенатга юборилади. Амалиётга кўра, бунда қонун лойиҳасининг моддама-модда кўриб чиқилиши зарур бўлган асосий ва ҳал қилувчи босқичи иккинчи ўқиш ҳисобланади.

 

Расул Кушербаев,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари
масалалари қўмитаси аъзоси


Кўришлар сони: 2661

Депутатлар минбари

Янгиликлар

21.09.2019
Халқаро шартномаларнинг ижроси ўз вақтида бажариляпти

Тадбирда халқаро шартномалар нормаларининг ўз вақтида бажарилишини таъминлаш, шунингдек, турли соҳалардаги...

20.09.2019
Депутатлар Фарғонада тадбиркорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилдилар

Сессия ошкора, қизғин мунозаралар ва ишчанлик руҳида ўтди. Унда туман ва шаҳарлардаги тадбиркорлик...

20.09.2019
Қабул қилинган қонун ҳақида мутухассисларнинг фикри қандай?

Куни кеча парламент қуйи палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар мамлакат ижтимоий-сиёсий, ...

Тадбирлар тақвими