Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Зумрад БЕКАТОВА: Вазифаси бир хил, аммо ёндашуви турлича

Зумрад БЕКАТОВА: Вазифаси бир хил, аммо ёндашуви турлича

Малакали кадр — ҳамма жойда долзарб масала. Айниқса, соғлиқни сақлаш соҳаси учун яхши кадр, малакали мутахассис ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари иштирокидаги республика ишчи гуруҳи томонидан жойларда тиббиёт соҳасидаги аҳволни ўрганиш, мавжуд муаммоларни таҳлил қилиш ва уларни жойида бартараф этиш, шунингдек, вилоят ва республика даражасида ҳал этилиши лозим бўлган масалаларни аниқлаш ҳамда тегишли чора-тадбирлар дастури лойиҳасини ишлаб чиқиш борасидаги ишлар қизғин паллага кирган шу кунларда айни масалага жиддий эътибор қаратилмоқда.

Парламент қуйи палатаси депутатлари томонидан аксарият тиббиёт муассасаларининг фаолияти жойида таҳлил қилиниб, улардаги беморлар ва тиббиёт ходимлари билан бевосита суҳбатлар ўтказилмоқда. Жойларда кадрлар таъминоти ва салоҳияти масаласи чуқур ўрганилмоқда.

Маълумки, 2017 йилда мавжуд қишлоқ врачлик пунктлари мақбуллаштирилиб, улар негизида қишлоқ оилавий поликлиникалари ташкил этилди. Қишлоқ врачлик пунктидан фарқли ўлароқ, ушбу поликлиникаларда тор соҳа мутахассислари, шунингдек, стоматолог шифокори фаолияти йўлга қўйилди. Ультратовуш текшируви (УТТ) жорий қилинди. Куну тун ишлайдиган мобиль тез тиббий ёрдам бригадалари фаолият юрита бошлади. Кундузги стационар ташкил этилди.

Буларнинг барчаси аҳолига қулайлик яратиш, касалликларни барвақт аниқлаш ва ўз вақтида даволаш, соғломлаштириш чораларини кўриш имконини беради.

Бироқ, шаҳарда-чи? Вилоят тасарруфидаги шаҳарларнинг оилавий поликлиникаларида фақат умумий амалиёт шифокорлари, шунингдек, иммунолог шифокори ва лаборант шифокор учун штат белгиланган, холос. Мазкур муассасалар аҳолисига тор соҳа мутахассислари кўп тармоқли шаҳар марказий поликлиникаларидан режа-жадвал асосида хизмат кўрсатади. Бироқ бу етарлими?

Дастлабки маълумотларга кўра, бугунги кунда тизимдаги тиббиёт муассасалари учун ажратилган шифокор штатлари бандлиги Самарқанд вилоятида 91,2 фоиз, Наманган вилоятида 90,2 фоиз, Фарғона вилоятида эса, 89,9 фоизни ташкил этади.

Бундан ташқари, шаҳар ва қишлоқ оилавий поликлиникалари штатларида ҳам муаммолар мавжудлиги аниқланган. Масалан, Фарғона шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникасида 47 та акушер-гинеколог, Самарқанд шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникасида 70 та акушер-гинеколог фаолият юритаётган бир вақтда шаҳар оилавий поликлиникасида тор соҳа мутахассисларига штат бирликлари белгиланмаган.

Мазкур муассасаларга кўп тармоқли шаҳар марказий поликлиникаларидан тор соҳа мутахассислари режа-жадвал асосида хизмат кўрсатади.

Шунингдек, 2017 йилда бандлик ва меҳнат муносабатлари ҳамда молия вазирлари билан келишилган ҳолда соғлиқни сақлаш вазири томонидан тасдиқланган “Қишлоқ туманлари бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари тиббий персоналининг вақтинчалик штат нормативи”да педиатр штати 500 нафардан ортиқ ўқувчи таҳсил оладиган мактабларга ажратилиши, ҳамшира штати ўқувчи сонига қараб, бироқ муассасага камида 0,25 ставкадан кам бўлмаган миқдорда ажратилиши белгиланган. Аммо Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманида кўп тармоқли марказий поликлиниканинг штатлар жадвалида умумтаълим мактабларида хизмат кўрсатиш учун тиббиёт ходимлари штатлари кўзда тутилмагани натижасида 11853 нафар ўқувчи таълим оладиган туманда фақатгина 1 та мактабда шифокор-педиатр фаолият юритиб келмоқда.

Худди шунингдек, Оқдарё туманидаги мавжуд 55 та умумтаълим мактабидан фақат 3 тасида мактаб ҳамшираси штати (2) ажратилган. Бир қарашда ўқувчилар умумий саломатлигини назорат қилиш, профилактика тадбирларига зарурат бўлмагани учун шундай туюлади. Ваҳоланки,
2017-2018 ўқув йилида тумандаги 52 та умумтаълим мактаби ўқувчилари тиббий кўрикдан ўтказилган. 22,6 минг боладан 11,2 минг нафарида турли хил касалликлар аниқланган. Шундан нафас тизими касалликлари
17,7 фоизни, эндокрин хасталиклар 9,8 фоизни, камқонлик эса 19,5 фоизни ташкил қилган.

Умуман олганда, бугунги кунда туман (шаҳар) марказий кўп тармоқли поликлиникалари ва шаҳардаги оилавий поликлиникалар фаолиятини тартибга солувчи ҳужжатларни, қишлоқ оилавий поликлиникаларнинг вақтинчалик низомини, уларнинг штат меъёрларини қайта кўриб чиқиш тақозо этилади.

Депутатлар ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддиларидан иборат республика ишчи гуруҳи жойларда бу каби муаммоларни аниқлаб, тегишли сессияларда кўриб чиқмоқда. Тизимли муаммоларни ҳал этишга қаратилган чора-тадбирлар режаларини муҳокама этиб, қабул қилмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси томонидан айни масала юзасидан ўтказилган йиғилишда ҳам ушбу масала кўриб чиқилди. Қўмитанинг таклиф ва тавсиялари акс этган тегишли қарор қабул қилиниб, Соғлиқни сақлаш вазирлигига жўнатилди.

Буларнинг барчаси мамлакатимизда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, барча даражадаги тиббиёт муассасалари фаолиятини такомиллаштириш, айниқса, кадрлар таъминотини яхшилаш борасидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга ёрдам беради.

Зумрад БЕКАТОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари

қўмитаси аъзоси


Кўришлар сони: 1194

Депутатлар минбари

Янгиликлар

22.04.2019
Болаларни мактабгача таълим муассасаларига қамраб олиш ҳолати қандай?

Бугунги кунда республикамиз бўйича 7 104 та мактабгача таълим муассасаси фаолият кўрсатиб келмоқда....

20.04.2019
Гулистонда энг замонавий, намунали поликлиника қуриладиган бўлди

Депутатларнинг Гулистон шаҳридаги ўрганишлари жараёнида тиббиёт муассасаларининг дислокацияси нотўғри...

19.04.2019
Жанубий Корея Республикаси Президенти парламент аъзолари олдида нутқ сўзлади

Корея Республикаси Президенти Мун Чже Ин Ўзбекистонга давлат ташрифи доирасида 2019 йил 19 апрель...

Тадбирлар тақвими