Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Тўлқин КАРИМОВ: Оилавий поликлиникаларда нега тор доирадаги мутахассислар йўқ?

Тўлқин КАРИМОВ: Оилавий поликлиникаларда нега тор доирадаги мутахассислар йўқ?

Мамлакатимизда соғлиғини сақлаш тизимида юритилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, қилинаётган ишлар соҳада йиллар давомида тўпланиб қолган муаммоларни ечишда муҳим омил бўлмоқда. Ушбу соҳадаги ишларнинг самарадорлигини янада ошириш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери бошчилигидаги биз – депутатлар, соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари, вазирликнинг масъул ходимлари ҳамда ихтисослаштирилган марказларининг раҳбар ўринбосарлари ва етакчи шифокор мутахассислардан таркиб топган ишчи гуруҳи ҳудудларда тиббиёт муассасаларининг аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш борасидаги фаолиятини ўрганиб, таҳлил қилмоқдамиз.

Мазкур жараёнларда асосан тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базаси ҳолати, тиббий асбоб-ускуналар билан таъминланганлик ва улардан самарали фойдаланиш даражаси, кадрлар таъминоти, касалланиш кўрсаткичларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу билан бирга, ўз ечимини кутаётган муаммолар, аҳолини ўйлантираётган масалаларнинг бартараф қилинишида ҳам амалий ишлар олиб борилмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг 2-4 февраль кунлари Фарғона вилоятидаги ўрганишда сурункали касалликларга чалинган қарийб 2 минг нафар фуқаро ва эҳтиёжманд оила аъзолари тиббий кўрикдан ўтказилди. Улардан 333 нафарига амбулатор, 69 нафарига вилоят соғлиқни сақлаш муассасаларида ҳамда 14 нафарига республика соғлиқни сақлаш муассасаларида даволаниш учун йўлланмалар берилди. Шунингдек, 10 та юқори технологик тиббий амалиёт бажарилди.

Ўрганишлар шуни кўрсатдики, вилоятда тиббиёт муассасалари биноларини қуриш, реконструкция қилиш, капитал ва жорий таъмирлаш ишларига олдинги йилларга нисбатан кўпроқ эътибор қаратилаётгани маълум бўлди. Масалан, инвестиция дастури доирасида 24 та соғлиқни сақлаш объектида 39,7 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилган. “Обод қишлоқ” дастури доирасида 18 та тиббиёт муассасаси ҳамда 2 та шифокорлар хизмат уйида 5 миллиард 193 миллион сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, фойдаланишга топширилган. Манзилли рўйхат асосида маҳаллий бюджетдан 11 та тиббиёт муассасасида 10,1 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилгани ҳам эътиборга молик.

Соҳада кўрилаётган чораларга қарамай, умумий касалланиш кўрсаткичлари орасида қон ва қон яратувчи, нафас олиш аъзолари ҳамда ошқозон-ичак касалликлари кўрсаткичлари юқорилигича қолмоқда. Шу билан бирга, тизимдаги мавжуд тиббий техника ва асбоб-ускуналарни янгилаш зарурати мавжудлиги аниқланди. Уларнинг қарийб 40 фоизи маънан эскиргани, 2,4 фоизи яроқсиз экани маълум бўлди. Ўрганиш давомида ҳудудий тиббиёт муассасалари шифокорлари билан биргаликда ҳар бир туманда аҳоли хонадонларига бориб, улар учун тиббий кўриклар ташкил этилди.

Шунингдек, соҳада ишлаб турган мутахассислар ва аҳоли билан ўтказилган суҳбатлар жараёнида тизимда қатор муаммолар борлиги аниқланди. Хусусан, аҳоли бирламчи тиббиёт муассасаларини мақбуллаштириш натижасида қишлоқ оилавий поликлиникалари ташкил қилиниб, уларда тор доирадаги мутахассислар фаолият юритаётган бир пайтда, шаҳарлардаги мавжуд оилавий поликлиникалар ҳанузгача Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2013 йил 4 апрелдаги буйруғи асосида фаолият юритаётгани, уларга тор доирадаги мутахассислар ажратилмагани маълум бўлди. Биргина, Фарғона шаҳрида 7 та оилавий поликлиника мавжуд бўлиб, уларда тор доирадаги мутахассислар йўқ. Барча тор доирадаги мутахассислар, яъни 27,5 акушер-гинеколог, 21 нафар отоларинголог, 47 нафар педиатр, 10 нафар невропатолог, 10 нафар жарроҳ шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникасида фаолият кўрсатмоқда. Бу эса, шаҳар аҳолисига ноқулайликлар туғдирмоқда.

Ўрганиш якунлари бўйича тизимдаги мавжуд камчиликларни бартараф этиш мақсадида чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг 4 февралда бўлиб ўтган сессиясида ўрганиш якунлари атрофлича муҳокама этилиб, қарор қабул қилинди. Чора-тадбирлар режаси ҳам тасдиқланди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, 2019 йил дастурига кўра, соғлиқни сақлаш борасида белгиланган мақсад-вазифаларни бажариш учун барча манбалар ҳисобидан жами 186,6 миллиард сўм ва 26,7 миллион АҚШ доллари йўналтирилиши кўзда тутилган. Албатта, бу бир вилоятдаги масалаларни ҳал қилиш учун яхшигина молиявий манба вазифасини ўтайди.

Вилоятда 2018 йилда жами 407 та хусусий клиника, шундан 310 таси амбулатор ва 97 таси стационар шароитда 37 турдаги ихтисослик бўйича фаолият юритган бўлса, 2019 йилда қўшимча 7 та хусусий тиббиёт муассасасини ташкил этиш ва 18 та хусусий тиббиёт муассасасининг фаолиятини кенгайтириш режалаштирилди.

Ҳудудлардаги амалий ишларга бой бўлган бу каби ўрганишлар, албатта, соҳанинг истиқболига, аҳоли фаровонлигининг юксалишига, энг муҳими, халқимизнинг тиббиётдан рози бўлиб яшашига шароит яратади.

 

Тўлқин КАРИМОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати


Кўришлар сони: 69

Депутатлар минбари

Янгиликлар

21.02.2019
ОИВ-инфекцияси профилактикаси борасидаги вазият қандай?

Ҳозирги кунда мамлакатда 140 дан зиёд «ишонч хоналари» мавжуд бўлиб, улар аҳолининг ОИВга нисбатан...

20.02.2019
Тиббий кадрлар таъминоти 88,8 фоизни ташкил қилиши нимани англатади?

Ўрганиш чоғида ишчи гуруҳ аъзолари ҳар бир туманда аҳоли хонадонларида бўлиб, сурункали касалликларга...

20.02.2019
Соғлом ҳаёт сари ташланган қадам

– Ҳар қандай давлатнинг энг муҳим бойлиги мамлакат аҳолисининг саломатлиги, миллат генофондининг м...

Тадбирлар тақвими