Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Азамат ПАРДАЕВ: Энди ягона энергетика сиёсати юритилади

Азамат ПАРДАЕВ: Энди ягона энергетика сиёсати юритилади

Бугунги кунда юртимизда энергетик салоҳияти замон талабларига жавоб бера олмай қолган, соҳадаги ишлаб чиқариш технологияларнинг маънан ва жисмонан эскиргани сабабли тизимда жуда катта йўқотишларга сабаб бўлаётган эди. Бу эса, ўз навбатида, иқтисодиёт тармоқлари ва ўсиб бораётган мамлакат аҳолисининг талабини қондириш имкониятларини пасайтирмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг шу йил 1 февралда энергетика тизимини тубдан ислоҳ қилиш бўйича қабул қилинган фармони ва қарори бугунги кунда мамлакатимизда мазкур соҳада олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг навбатдаги босқичини бошлаб берди.

Қандай қилиб?

Албатта, айни пайтдаги реал воқеаликка назар солсак, тизимда соғлом рақобат муҳитининг йўқлиги унинг замон талабларига мос тарзда ривожланиш имкониятини чеклаётгани, ёқилғи-энергетика соҳасининг инвестициявий  жозибадорлигига салбий таъсир кўрсатаётгани ойдинлашади. Шунингдек, энергия ресурсларини назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимларини ҳамда замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ишлари суст олиб борилаётгани соҳада ҳанузгача истеъмолчилар ва энергия етказиб берувчилар ўртасида келишмовчиликларни туғдираётгани ҳам бор ҳақиқат.

Давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган ушбу Фармон билан мамлакатнинг энергетика хавфсизлигини таъминлаш, иқтисодиёт соҳалари ва аҳолининг энергия ресурсларига тобора ўсиб бораётган эҳтиёжини қондиришга қаратилган ягона энергетика сиёсатини юритувчи янги давлат органи сифатида Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлигининг ташкил этилиши, ўйлайманки, соҳада йиғилиб қолган кўплаб муаммоларнинг ечимини таъминлаш баробарида, қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг тарғиб қилиш ҳамда ривожлантиришга қаратилган ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга хизмат қилади.

Энергетика соҳасида давлатнинг ва хўжалик фаолияти функцияларини аниқ белгилаш, давлат-хусусий шерикликнинг ҳуқуқий, институционал базасини такомиллаштириш, бунда соғлом рақобат муҳитини яратиш соҳага янги инвесторларнинг кириб келишига, мавжуд муаммоларнинг бартараф этилишига асос бўлади.

Фармон билан энергия тежамкорлик ва иқтисодиётнинг энергия сарфини камайтириш соҳасида давлат сиёсатини юритиш мамлакатимизда муқобил энергия манбаларини кенг ривожлантиришга имкон бериб, бунда халқимизнинг ҳам фаол иштирокини таъминлашга замин яратади.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атом энергетикасини ривожлантириш агентлиги, Ўзбекистон нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш давлат инспекцияси ҳамда Электр энергетикада назорат бўйича давлат инспекциясининг Энергетика вазирлиги тизимига ўтказилиши эса, давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида илгари сурилган ғоянинг, яъни вазирликларнинг мустақиллигини ошириш бўйича қўйилган қадамлардир. Узоқ келажакни ўйлаб бошланган бу ишларнинг самарадорлиги яқин йиллар ичида ўз мевасини беради, шубҳасиз. Чунки, энергетика вазирига Президент қарори билан, зарур бўлганда, бошқарув ходимларининг белгиланган умумий сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида вазирликнинг марказий аппарати, “Ўзнефтгазинспекция” ва “Ўзэнергоинспекция” тузилмасига ўзгартиришлар киритиш, вазирликка юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш доирасида давлат органлари, ташкилотлари, лойиҳа институтлари, илмий-таълим муассасалари, шунингдек, энергетика соҳасида етакчи халқаро ва хорижий компаниялар мутахассисларини консультант сифатида жалб қилиш каби ваколатлар берилмоқда.

Бу, ўз навбатида, иқтисодиёт тармоқлари ва маиший секторда мавжуд муаммоларнинг босқичма-босқич ҳал этилишига, ёқилғи-энергетика тармоғида инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга, энергия ресурсларини қазиб олиш ва ишлаб чиқариш жараёнларига хусусий капитални фаол жалб қилишга, халқаро молия институтлари, донор мамлакатлар, компаниялар, банклар ва бошқа тузилмалар билан ҳамкорликни йўлга қўйишга, энергетика соҳасига корпоратив бошқарувнинг замонавий усулларини, илғор ахборот-коммуникация технологияларини ҳамда бошқарув, ҳисобга олиш ва назоратнинг автоматлаштирилган тизимларини жорий этишга жуда катта имкон беради.

Давлатимиз раҳбарининг қарори билан 2019 йил 15 мартга қадар электр энергиясини ишлаб чиқариш, узатиш, тақсимлаш ва сотишни ташкил қилишнинг замонавий схемасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекэнерго” АЖни реструктуризация қилиш тўғрисидаги қарори лойиҳасини киритиш, 2019 йил 1 апрелга қадар бошқарувнинг самарасиз тузилмаларини мақбуллаштириш, нефть ва газ соҳаси корхоналарини фаолият йўналишидан келиб чиқиб қайта ташкил этиш, уларни ривожлантиришга хусусий ҳамда хорижий, тўғридан-тўғри инвестицияларни, шу жумладан, давлат-хусусий шериклик шартлари асосида жалб қилишни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекнефтгаз” АЖни реструктуризация қилиш тўғрисидаги қарори лойиҳасини киритилиши соҳада кардинал ўзгаришларни таъминлашга, пировардида, мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришга, одамларнинг фаровон турмуш кечириши учун замин яратади.

Ўзбекистон янги тарихида иқтисодиёт тармоқларидаги бундай тизимли, ўта муҳим янгиликлар қилинаётгани мамлакатимизнинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга, дунёнинг ривожланган давлатлари қаторидан ўрин олишига имкон яратади. Мазкур жараёнларда парламент аъзоларининг ҳам ҳукумат вакиллари билан яқин ҳамкорликда ишлаши, парламент назоратининг таъсирчан механизмларидан унумли фойдаланиши ислоҳотларнинг самарадорлигини оширишга ёрдам беради.

Азамат ПАРДАЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг

Саноат, қурилиш ва савдо масалалари

қўмитаси раиси ўринбосари


Кўришлар сони: 87

Депутатлар минбари

Янгиликлар

21.02.2019
ОИВ-инфекцияси профилактикаси борасидаги вазият қандай?

Ҳозирги кунда мамлакатда 140 дан зиёд «ишонч хоналари» мавжуд бўлиб, улар аҳолининг ОИВга нисбатан...

20.02.2019
Тиббий кадрлар таъминоти 88,8 фоизни ташкил қилиши нимани англатади?

Ўрганиш чоғида ишчи гуруҳ аъзолари ҳар бир туманда аҳоли хонадонларида бўлиб, сурункали касалликларга...

20.02.2019
Соғлом ҳаёт сари ташланган қадам

– Ҳар қандай давлатнинг энг муҳим бойлиги мамлакат аҳолисининг саломатлиги, миллат генофондининг м...

Тадбирлар тақвими