Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Назир СОБИРОВ: Янги вазирликнинг вазифалари нима?

Назир СОБИРОВ: Янги вазирликнинг вазифалари нима?

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар қаторида транспорт ва транспорт коммуникациялари соҳасини жадал ривожлантириш, барча турдаги ташишларнинг хавфсизлигини таъминлаш, ушбу соҳадаги бошқарув тизимини такомиллаштириш ҳамда малакали кадрлар тайёрлашга катта эътибор қаратилмоқда. Бу борада мамлакатимиз Президентининг қатор фармон ва қарорлари қабул қилинди.

Бугунги кунда барча турдаги транспорт хизматлари сифатини ва оммабоплигини таъминлашга йўналтирилган ягона транспорт сиёсатини амалга ошириш, мазкур соҳани замонавий технологиялари асосида ривожлантириш, интеллектуал тизимларни бошқаришни жорий этиш талаб этилмоқда.

Айни жиҳатни эътиборга олган ҳолда, шунингдек, юртимизда транспорт соҳасидаги давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш, мамлакатимиз инвестициявий жозибадорлигини ва экспорт салоҳиятини оширишда транспорт-коммуникацияларини стратегик ривожлантириш ҳамда барқарор фаолияти кўрсатишини таъминлаш мақсадида яқинда Ўзбекистон Республика Транспорт вазирлиги ташкил этилди.

Ушбу вазирлик автомобиль, темир йўл, ҳаво, дарё транспортлари, метрополитен ва йўл хўжалигини ривожлантириш соҳасидаги ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиб, уни тўлиқ амалга оширишга масъул этиб белгиланди. Шунингдек, у транспорт ва йўл соҳасидаги ташкилотлар фаолияти доирасида норматив–ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқади ва қабул қилади. Тегишли транспорт воситалари бўйича лицензия ва рухсатномалар беради, сертификатлаштириш, техник ва тарифлар сиёсатини амалга ошириш йўли орқали давлат томонидан тартибга солиш вазифасини бажаради.

Вазирликнинг асосий вазифаларидан яна бир — транспортларнинг барча турларининг ягона транспорт тармоғига интеграциялашувига, халқаро транспорт коридорларини, янги транспорт ва логистика тизимини ҳамда уларнинг хизматлар бозорини ривожлантириш, соҳага инвестицияларни жалб этиш, транспорт ва йўл хўжалиги соҳасида давлат–хусусий шерикчилигини кучайтириш, тизимни рақамлаштириш бўйича илғор ахборот технологияларни жорий этиш, соҳада назоратни амалга ошириш, кадрлар тайёрлаш ва малакасини ошириш кабиларни қамраб олган.

Автомобиль йўллар қўмитаси, Фуқаро авиацияси агентлиги, Темир йўлларда юк ва йўловчилар ташиш хавфсизлигини назорат қилиш ва Йўл қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш инспекциялари, Ўзбекистон кемачилик регистри, “Ўзаэронавигация” маркази ва бошқалар вазирлик таркибига ўтказилиб, унинг ҳузурида Транспорт ва логистикани ривожлантириш муаммоларини ўрганиш маркази ташкил этилди. Тошкент шаҳар Транспорт ва йўл–транспорт инфратузилмасини ривожлантириш департаменти эса тугатилди.

Вазирлик ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда жорий йилнинг 1 ноябрига қадар барча турдаги транспортларнинг оптимал, мувозанатлашган ўзаро алоқасини назарда тутувчи ҳамда халқаро ҳуқуқ меъёрларини инобатга олган ҳолда “Транспорт тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонун лойиҳасини ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан уч ой муддатда Ўзбекистон Республикаси 2025 йилгача транспортни ривожлантириш концепциясини ва уни амалга оширувчи “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқилиши белгиланди.

Албатта, ушбу қонун лойиҳасини тайёрлаш, уни қабул қилиш биз депутатлардан катта масъулият талаб этиши табиий. Зеро, вақт, ривожланиш бир жойда тўхтаб турмайди. Фаолият, ҳаракат бор экан, унинг қонуний асоси ҳам шунга монанд, мукаммал бўлмоғи лозим. Транспорт соҳасида қабул қилинган ва қабул қилинажак ҳужжатлар юртимизда транспорт соҳаси ривожини яна бир поғона юқорига кўтаришга, жадал тараққий эттиришга хизмат қилади.

 

Назир СОБИРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг

Саноат, қурилиш ва савдо масалалари

қўмитаси аъзоси


Кўришлар сони: 77

Депутатлар минбари

Янгиликлар

21.02.2019
ОИВ-инфекцияси профилактикаси борасидаги вазият қандай?

Ҳозирги кунда мамлакатда 140 дан зиёд «ишонч хоналари» мавжуд бўлиб, улар аҳолининг ОИВга нисбатан...

20.02.2019
Тиббий кадрлар таъминоти 88,8 фоизни ташкил қилиши нимани англатади?

Ўрганиш чоғида ишчи гуруҳ аъзолари ҳар бир туманда аҳоли хонадонларида бўлиб, сурункали касалликларга...

20.02.2019
Соғлом ҳаёт сари ташланган қадам

– Ҳар қандай давлатнинг энг муҳим бойлиги мамлакат аҳолисининг саломатлиги, миллат генофондининг м...

Тадбирлар тақвими