Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Акмалжон УМРЗОҚОВ: Миллий манфаатларни ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асоси

Акмалжон УМРЗОҚОВ: Миллий манфаатларни ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асоси

Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида халқаро муносабатларда очиқ ва амалий, фаол ташқи сиёсат олиб борилаётгани туфайли ишончли ҳамкор сифатида мамлакатимизнинг халқаро обрўси тобора ортиб бораётгани, барча қўшниларимиз билан дўстона, ўзаро ишонч руҳидаги муносабатларни янада мустаҳкамлаш бизнинг асосий вазифаларимиздан бирига айлангани алоҳида қайд этиб ўтилган эди.

Дарҳақиқат, кейинг пайтларда мамлакатимиз ташқи сиёсатида юз бераётган ижобий ўзгаришлар, табиийки, давлатимизнинг жаҳон ҳамжамиятининг тенг ҳуқуқли, тўлақонли субъекти сифатида икки ва кўптомонлама алоқаларини давлатлар ёки халқаро, минтақавий даражада сифат жиҳатдан янги босқичга кўтаришни тақозо этаётган эди. Шу боис, бугун шиддат билан ўзгариб бораётган замоннинг чақириқлари, дунё миқёсида рўй бераётган манфаатлар кураши, тобора авж олаётган рақобат, кескинлашиб бораётган халқаро вазият бундан йигирма тўрт йил илгари қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг халқаро муносабатларининг ҳуқуқий асоси саналиб келинган “Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисида”ги Қонунини бутунлай янги қонун сифатида қабул қилишга заруратни пайдо қилган эди.

Зеро, мустақилликка эришилганидан сўнг ўтган даврда Ўзбекистон дунёнинг 165 давлати томонидан тан олинган бўлиб, уларнинг 133 таси билан дипломатик алоқаларни ўрнатган. Бугунги кунда республикамизда 45 та давлатнинг элчихонаси, Европа Иттифоқининг делегацияси, дипломатик мақомга эга бўлган 3 та савдо ваколатхонаси, хорижий давлатларнинг 11 та ҳукумат ва ҳукуматлараро ташкилоти, 5 та халқаро молиявий ташкилот ваколатхонаси, 8 та давлатнинг фахрий консули фаолият олиб бормоқда.

Давлатимиз томонидан дунёнинг 33 та давлатида элчихона, 10 та мамлакатида Бош консуллик ва БМТ ҳамда Европа Иттифоқи сингари нуфузли халқаро ташкилотлар қошида 3 та доимий ваколатхона очилган. Қолаверса, Ўзбекистон БМТ, ЕХҲТ, ОТБ, ШҲТ, МДҲ ва яна кўплаб халқаро ва минтақавий ташкилотларга аъзоликка қабул қилинди.

Ана шундай кенг кўламли ташқи сиёсат ва ҳамкорлик жараёнида Ўзбекистон Республикасининг йил сайин ўсиб бораётган шартномавий-ҳуқуқий базаси, ўз навбатида, уларнинг ижроси юзасидан мониторинг олиб бориш, вақти-вақти билан уларни давр талаблари нуқтаи назаридан инвентиразициядан ўтказишни тақозо этади.

Халқаро майдонда мамлакатимиз сиёсий-иқтисодий манфаатларини илгари суриш учун давлатимизнинг ташқи иқтисодий-сиёсий фаолиятига доир қонунчилик базасини янада такомиллаштириш мақсадида ишлаб чиқилган бутунлай янги “Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисида”ги Қонуни жорий йилнинг 7 февраль куни Президентимиз томонидан имзоланди.

Бу сана давлатимизнинг халқаро муносабатлари соҳасидаги чинакам тарихий кун бўлди. Чунки, энг аввало, соҳадаги асосий халқаро ҳуқуқий ҳужжат бўлган Вена Конвенцияси (1969 йил 23 май)га мувофиқ, мазкур қонунимизда халқаро шартномаларда энг кўп учрайдиган тушунчалар ва атамалар ёритиб берилди. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси халқаро шартномалар эълон қилинадиган расмий манба сифатида белгиланди ҳамда қонун лойиҳасини такомиллаштиришга қаратилган таҳририй ўзгартиришлар киритилиб, ундаги нормалар қонунчилик техникасига мувофиқлаштирилди.

Айниқса, мазкур қонуннинг амалий аҳамияти беқиёслигини инобатга олган ҳолда, уни ишлаб чиқиш жараёнидаёқ «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг муҳокамаси» давлат портали ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг расмий веб-сайтига жойлаштирилди. Жамоатчилик муҳокамалари натижасида келиб тушган барча асослантирилган таклиф, фикр ва мулоҳазалар инобатга олинди.

“Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисида”ги янги Қонунининг ўзига хосликлари бир қанча жиҳатларда яққол кўринади. Биринчидан, ушбу қонун билан халқаро шартномаларни ҳуқуқий (Ташқи ишлар ва Адлия вазирликларида) ва бошқа турдаги (иқтисодий, молиявий, илмий, экологик ва лингвистик) экспертизадан ўтказиш механизмлари белгиланди. Халқаро шартнома тузишнинг мақсадга мувофиқлиги ва амалий аҳамиятини асослантириш бўйича талаблар кучайтирилди, ҳар бир шартнома лойиҳасига тушунтириш хатини тайёрлаш бўйича янги қоида киритилди. Ташқи ишлар вазирлиги ва бошқа давлат органлари томонидан халқаро шартномаларнинг бажарилиши бўйича мониторинг олиб бориш механизми белгилаб берилди. Ваколатли давлат органлари томонидан халқаро шартномаларни қўллаш масалалари юзасидан тушунтиришлар тақдим этиш имконияти назарда тутилди.

Шунингдек, ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий базаси ҳолатини ҳар томонлама таҳлил қилиш имкониятини яратиш мақсадида Ўзбекистоннинг халқаро шартномаларини инвентаризация қилиш бўйича қоидалар қўшилди. Давлат органлари томонидан халқаро шартномалар шартларининг бошқа иштирокчилар бажармаслиги ёки лозим даражада бажармаслиги аниқланган ҳолатлар тўғрисида дарҳол Ташқи ишлар вазирлигига ахборот бериш бўйича қоидалар киритилди.

Яна бир янгилик шуки, юридик мажбурий хусусиятга эга бўлмаган халқаро актларнинг (декларация, қўшма баёнот, англашув меморандуми ва бошқалар) ҳуқуқий ҳолати белгиланди, уларни қабул қилиш тартиби енгиллаштирилди.

Хулоса қилиб айтганда, “Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисида”ги янги Қонунининг қабул қилиниши бир нечта алоҳида ҳужжатларда акс этган қоидаларни ўзида мужассамлаштириш орқали қонуннинг тўғридан-тўғри қўлланилишини таъминлаш, давлат органлари иш самарадорлигини ошириш, уларнинг жавобгарлигини ва ишлаб чиқилаётган ҳужжатларнинг сифатини ошириш, томонлар битимларни лозим тарзда бажараётгани устидан назоратни таъминлашга хизмат қилади. Энг муҳими, мамлакатимиз учун истиқболли ва фақатгина амалий аҳамият касб этадиган шартномалар тузиш имконини беради.

Акмалжон УМРЗОҚОВ,

Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати,

«Миллий тикланиш» ДП фракцияси аъзоси


Кўришлар сони: 614

Депутатлар минбари

Янгиликлар

22.04.2019
Болаларни мактабгача таълим муассасаларига қамраб олиш ҳолати қандай?

Бугунги кунда республикамиз бўйича 7 104 та мактабгача таълим муассасаси фаолият кўрсатиб келмоқда....

20.04.2019
Гулистонда энг замонавий, намунали поликлиника қуриладиган бўлди

Депутатларнинг Гулистон шаҳридаги ўрганишлари жараёнида тиббиёт муассасаларининг дислокацияси нотўғри...

19.04.2019
Жанубий Корея Республикаси Президенти парламент аъзолари олдида нутқ сўзлади

Корея Республикаси Президенти Мун Чже Ин Ўзбекистонга давлат ташрифи доирасида 2019 йил 19 апрель...

Тадбирлар тақвими