Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Абдуғани УМИРОВ: Экспорт – иқтисодиёт барқарорлигининг асосий омили

Абдуғани УМИРОВ: Экспорт – иқтисодиёт барқарорлигининг асосий омили

Жаҳон иқтисодиётида кечаётган мураккаб жараёнлар, маҳсулот сотиш учун бозор топиш масаласи бугунги кунда нафақат ривожланаётган мамлакатларни, балки энг ривожланган давлатларни ҳам жиддий ўйлантирмоқда. Бошқача айтганда, бозор учун кескин рақобат кетмоқда.

Бундай шароитда рақобатга чидамли, арзон ва шу билан бирга, сифатли маҳсулот ишлаб чиқариш янгидан-янги талабларни қўйиши табиий.

Шу сабабли, бизда ҳам мамлакат иқтисодиётини жаҳон бозорига интеграция қилиш ва экспортни қўллаб-қувватлаш масаласи устувор вазифалардан бири бўлиб қолмоқда. 

Бу борада экспортга маҳсулот чиқараётган, инновацион ва юқори технологик ишлаб чиқаришни йўлга қўйган маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга ва чет эллик инвесторларга кенг имкониятлар яратиш, уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашга катта эътибор қаратилмоқда. Хусусан, давлат томонидан кафолатланган коммуникация тармоқларига эга эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналарига биринчи навбатда рақобатдош, экспортга маҳсулот чиқаришга мўлжалланган ишлаб чиқарувчиларни жойлаштириб, уларга имтиёз ва преференциялар беришнинг ташкилий-ҳуқуқий асослари такомиллаштирилмоқда.

Шунингдек, маҳсулотларни экспорт қилишда мавжуд қийинчиликларнинг олдини олиш, маҳсулотлар ташиш нархларини оптималлаштириш мақсадида “Ўзбекистон ҳаво йўллари” ва “Ўзбекистон темир йўллари” компаниялари томонидан замонавий логистика йўналишлари ташкил қилиш, экспорт юкларини қўшни давлатлардан темир йўл орқали имтиёзли нархларда ўтказиш, божхона тартибларини кескин соддалаштириш, божхона назорати пунктлари ҳамда юкларни расмийлаштириш постларини тубдан ислоҳ қилишга жиддий эътибор қаратилмоқда.

2019 йилнинг 6 февраль куни Президентимиз раислигида ўтказилган селектор йиғилиши ҳам айнан шу масалага бағишланди. Унда иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларда экспорт ҳажмларини ошириш борасидаги энг муҳим вазифалар бирма-бир кўриб чиқилди.

Йиғилишда экспорт – иқтисодиёт барқарорлигининг асосий омили, валюта захираларини кўпайтиришнинг ягона йўли экани алоҳида таъкидланиб, 2019-2025 йилларга мўлжалланган Миллий экспорт стратегиясини ишлаб чиқиш, экспортбоп маҳсулотлар таркибини диверсификация қилиш, экспортда хомашё бўлмаган маҳсулотлар улушини камида 60 фоизга етказишга эришиш зарурлиги белгиланди.

Мазкур стратегияда экспортёрларга кўрсатилаётган давлат хизматларини тўлиқ электрон шаклга ўтказиш орқали барча ҳужжатлаштириш ишларининг очиқлигини, холислигини ва тезкорлигини таъминлаш, уларни молиявий қўллаб-қувватлашга қаратилган масалалар қамраб олинади.

Бундан ташқари, илғор хориж тажрибаларидан келиб чиқиб, экспорт қилувчилар фаолиятини мувофиқлаштириш, уларга ҳар томонлама кўмаклашиш мақсадида Ўзбекистон экспортёрлар ассамблеясини ташкил этиш ҳам белгиланди.

Йиғилишда таъкидланганидек экспорт прогнозини таъминлашни аниқ ҳисоб-китоб асосида ташкил этиш, бу борада янги тизим йўлга қўйиш ва Республика экспорт штаби фаолиятини ҳам тубдан такомиллаштириш, эндиликда ҳар бир ҳудудда экспорт бўйича доимий ишлайдиган вилоят штаблари, туманлар ва шаҳарларда ишчи штаблар ташкил этилади.

Штаблар масъуллигида экспортбоп маҳсулотлар экинларини оптимал жойлаштириш, хўжаликларни сифатли уруғлар ва кўчатлар билан таъминлаш, ҳосилни нобуд қилмасдан йиғиб олиш, саралаш, қадоқлаш, сақлаш ва қайта ишлаш, маҳсулотларни ташқи бозорга чиқаришгача бўлган яхлит тизим йўлга қўйилади. Шунингдек, ушбу штаблар ички ва ташқи логистика, сертификация масалаларига, кичик бизнес субъектларининг экспортини кўпайтириш, айланма маблағлар учун кредитлар ажратилишига ва экспортёрлар билан доимий равишда ишлаб, муаммоларининг тезда ҳал қилинишига кўмаклашиши белгилаб қўйилди.

Яна бир энг муҳим масала. Маҳсулотга харидор топиш ишларида ҳудудларга бириктирилган элчилар ҳокимликларга ташқи бозорларда харидор топиш ҳамда маҳаллий корхоналарни хорижий давлатлардаги кўргазмаларга юборишга кўмаклашади.

Селектор йиғилишида мамлакат транспорт-логистика тизимини яхшилашга ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, логистика ва йўл инфратузилмаси, чегара божхона пунктлари қуввати тобора ўсиб бораётган транзит талабларига жавоб бермаётгани айтилди. Бу борада чегара божхона пунктлари техник ҳолати ва ўтказувчанлик қобилиятини яхшилаш, транспорт воситалари ва юкларни расмийлаштиришда ахборот технологияларини фаол жорий қилиш, самолётда йўловчи ва товарлар ташиш учун тариф сиёсатини оптималлаштириш, хусусий операторларга вагонлар паркини ташкил этишда кўмаклашиш, транзит давлатлардан чегирмалар олиш ва экспортёрларга татбиқ этиш вазифалари қўйилди.

Мамлакатимиз ҳудудида кўплаб қадимий шаҳарлар, тарихий-маданий ёдгорликлар, бетакрор табиатимиз, миллий қўриқхоналар ва баланд тоғларимиз борлиги бизда туризмни ривожлантириш учун катта имконият яратади. Шу сабабли йиғилишда яна бир долзарб вазифа – хизматлар экспортини кенгайтириш, айниқса, туризмни ривожлантириш истиқболлари аниқ кўрсатиб берилди.

Хулоса ўрнида айтиш керакки, бу улкан вазифаларнинг амалга оширилиши ҳисобидан, аввало, мамлакатимизда рақобатдош маҳсулот ишлаб чиқариш ва тайёр маҳсулотлар экспорти ҳажми кўпайиб, жорий йилда маҳсулотлар экспорти ҳажмини 2018 йилга нисбатан 30 фоизга оширишга эришилади.

 

Абдуғани УМИРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати


Кўришлар сони: 2715

Депутатлар минбари

Янгиликлар

16.10.2019
Тилга эътибор парламентдан бошланмоғи лозим

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Девонида турли соҳа мутахассислари билан тажриба алмашиш ва малака...

16.10.2019
Парламентлараро Иттифоқ Ассамблеяси сессиясида “Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсати” мавзусида тақдимот ўтказилди

Аввал хабар берганимиздек, парламентимиз аъзоларидан иборат Ўзбекистон делегацияси Сербия пойтахти...

15.10.2019
Мактабгача таълим тизимига хусусий секторни фаол жалб қилиш қандай натижа беради?

Мутахассисларнинг фикрича, инсон ўз умри давомида оладиган барча ахборот ва маълумотнинг 70 фоизини...

Тадбирлар тақвими