Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Саттор РАҲМАТОВ: Ҳудудларнинг соғлиқни сақлаш тизимидаги тизимли муаммолари ўрганилмоқда

Саттор РАҲМАТОВ: Ҳудудларнинг соғлиқни сақлаш тизимидаги тизимли муаммолари ўрганилмоқда

Халқимиз соғлиғини сақлаш, фуқароларнинг соғлом турмуш кечиришига эришиш — юртимизда тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг туб мазмун-моҳиятини ташкил этади. Мамлакатимизда ушбу соҳадаги ислоҳотларнинг самарадорлигини таъминлашдек муҳим вазифа учун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси масъул этиб белгилангани ҳам бежиз эмас. Зеро, анчайин йирик бу соҳадаги тизимли муаммо ва камчиликларни қисқа муддатда бартараф этиш мушкул.

Буни мен депутат сифатида айни кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери, депутатлар ryруҳи, Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддилари ҳамда ихтисослаштирилган марказлари раҳбарлари, шифокор-мутахассислардан иборат ишчи гуруҳи таркибида юриб, республикамиз вилоятларида аҳолига кўрсатилаётган тиббий-санитария ёрдами сифати ва самарадорлигини ошириш, тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш, уларнинг кадрлар таъминотини яхшилаш, санитария-эпидемиологик барқарорликни таъминлаш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи, соғлом овқатланиш маданиятини тарғиб қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳолатини чуқур ўрганиш асносида янада теранроқ англаб етдим.

Жорий йилнинг 28-30 январь кунлари ана шундай ўрганишларнинг навбатдагиси Андижон вилоятида бўлди.

Бир неча кун мобайнида вилоятдаги барча тиббиёт муассасалари фаолиятини яқиндан ўрганиб, таҳлил этдик. Аҳоли ҳамда беморлар билан юзма-юз туриб, мулоқот қилдик, улар учун тиббий кўриклар ташкил этдик. Республикадан ташриф буюрган мутахассислар билан биргаликда ҳудудий тиббиёт муассасалари шифокорлари ҳам Андижон вилоятининг ҳар бир туманида уйма-уй юрган ҳолда, тиббий текширувлар ташкил қилди.

Эътиборлиси, масалаларни жойида ҳал этиш чоралари кўрилди. Аниқланган камчилик ва муаммоларга халқ вакиллари, соҳа мутасаддилари ҳамда масалага алоқадор давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари иштирокида ечим топишга қаратилган бу ишлар туфайли асосий мақсад — аҳолининг тиббий хизматдан розилигини таъминлашга эришилмоқда.

Шу ўринда айрим рақамларга эътибор қаратсак.

Ўрганишлар давомида вилоятда яшовчи 5 минг нафардан ортиқ энг оғир, сурункали касалликка чалинган ва эҳтиёжманд оилалар аъзолари тиббий кўрикдан ўтказилди. Улардан 638 нафарига амбулатор, 217 нафарига вилоят ва республика муассасаларида даволанишга йўлланмалар берилди.

Ўрганиш жараёнида асосий эътибор вилоятдаги тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасининг ҳолати, асбоб-ускуналар билан таъминланганлик даражаси ва улардан самарали фойдаланиш, кадрлар таъминотига қаратилди. Вилоятда касалланиш кўрсаткичлари таҳлилдан ўтказилди.

Аниқланган тизимли камчиликларни бартараф этиш мақсадида аниқ муддатли, масъул ижрочилари ва молиявий манбаси белгиланган чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди ҳамда жорий йилнинг 30 январь куни вилоят депутатлари сессиясида таҳлилий-танқидий муҳокама этилиб, тасдиқланди.

Албатта, муаммолар бор. Уларнинг ечимлари ҳам таклиф этилмоқда. Чора-тадбирлар режалари тузилмоқда. Аммо масалаларни бартараф қилиш учун молиявий ресурс ҳам етарлича бўлмоғи лозим. Шу боис ҳам вилоятда 2019 йилга мўлжалланган дастурга кўра, жорий йилда барча манбалар ҳисобидан соҳага жами 113,8 миллиард сўм ва 8,9 миллион долларлик маблағ йўналтирилиши кўзда тутилган. Шундан республика бюджети маблағлари 60,3 миллиард сўм ва 4,8 миллион доллар, маҳаллий бюджет маблағлари 52,2 миллиард сўм, тадбиркорлар ва банк кредитлари маблағлари эса, 96 миллиард сўм ва 1 миллион долларни ташкил этади.

Қайд этиш жоизки, дастур доирасида республика бюджетининг 60,3 миллиард сўмга тенг маблағи ҳисобидан 20 та объектда, хусусан, Қўрғонтепа, Хўжаобод, Булоқбоши, Жалақудуқ, Балиқчи, Андижон, Бўз, Улуғнор, Шаҳрихон туман тиббиёт бирлашмалари бўлинмалари, вилоят перинатал маркази, Андижон шаҳрининг 3, 5, 18-сонли оилавий поликлиникалари, Андижон давлат тиббиёт институти клиникаси, вилоят юқумли касалликлар шифохонаси, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Андижон филиали, вилоят психоневрология, вилоят тери-таносил касалликлари ҳамда наркология диспансерларида қурилиш-таъмирлаш ишларини олиб бориш кўзда тутилган.

Шунингдек, республика бюджетининг 4,8 миллион долларга тенг маблағлари ҳисобидан Республика кардиология марказининг Андижон филиали, вилоят эндокринология диспансери, вилоят юқумли касалликлар шифохонаси, вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази, вилоят тери-таносил касалликлари диспансери, вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази, 15 та туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмаси ҳамда санитария-эпидемиология назорати муассасалари тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланади. Бундан ташқари, дастурга асосан, жорий йилда вилоятда жами 150 та хусусий тиббиёт муассасаси ташкил этилиши ҳам режалаштирилмоқда.

Бугун соғлиқни сақлаш тизимидаги яна бир муҳим муаммо — кадрлар таъминоти ва салоҳияти масаласига ҳам дастурда алоҳида эътибор қаратилган. Дастлабки маълумотларга кўра, Андижон вилоятида тизимдаги тиббиёт муассасалари учун ажратилган 8414,75 штат бирлигида 7 049 нафар шифокор ишлайди. Яъни, бандлик даражаси 8012,75 киши (95,2 фоиз)ни ташкил тади. 402 та (4,8 фоиз) бўш иш ўрни мавжуд.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари иштирокида ҳар бир тyманда биттадан қишлоқ маҳалла фуқаролари йиғинида соғлиқни сақлаш муассасалари раҳбарларининг масъулиятини оширишга қаратилган ахборотлари эшитилди.

Бир сўз билан айтганда, соҳадаги тизимли муаммолар аниқланиб, айримлари жойида ҳал қилинмоқда, қолганларини туман, шаҳар, вилоят, республика миқёсида ечиш чоралари кўрилмоқда.

Мамлакатимиз вилоятлари кесимидаги бундай ўрганиш ишлари давом этмоқда.

 

Саттор РАҲМАТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати


Кўришлар сони: 66

Депутатлар минбари

Янгиликлар

21.02.2019
ОИВ-инфекцияси профилактикаси борасидаги вазият қандай?

Ҳозирги кунда мамлакатда 140 дан зиёд «ишонч хоналари» мавжуд бўлиб, улар аҳолининг ОИВга нисбатан...

20.02.2019
Тиббий кадрлар таъминоти 88,8 фоизни ташкил қилиши нимани англатади?

Ўрганиш чоғида ишчи гуруҳ аъзолари ҳар бир туманда аҳоли хонадонларида бўлиб, сурункали касалликларга...

20.02.2019
Соғлом ҳаёт сари ташланган қадам

– Ҳар қандай давлатнинг энг муҳим бойлиги мамлакат аҳолисининг саломатлиги, миллат генофондининг м...

Тадбирлар тақвими