Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Мақсуд ҚУРБОНБОЕВ: “Яширин иқтисодиёт”ни қандай бартараф этса бўлади?

Мақсуд ҚУРБОНБОЕВ: “Яширин иқтисодиёт”ни қандай бартараф этса бўлади?

Мамлакатимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Бу борада давлатимиз раҳбарининг қатор фармон ва қарорлари чиқди, қонунлар қабул қилинмоқда. Энг қувонарлиси, тадбиркорлар қўлга киритган сармояси орқали нафақат ўз оиласи бюджетини тўкис қилмоқда, балки, мамлакатимиз тараққиётига ҳам муносиб ҳисса қўшяпти.

Аммо юртимизда “яширин иқтисодиёт”нинг яшаб келаётгани иқтисодиётимизнинг ўсишига салбий таъсир кўрсатаётгани ачинарли ҳолдир.

Маълумки, “яширин иқтисодиёт”ни буткул йўқ қилиш ҳали ҳеч бир мамлакатда эришилмаган натижа ҳисобланади. Бу нобоп тизимнинг ялпи ички маҳсулотдаги каттагина “улуши” давлат бюджети даромадларига ва иқтисодиёт ривожланишига тўсқинлик қилиши табиий.

Шунинг учун ушбу масалада ривожланган давлатларнинг босиб ўтган йўли чуқур таҳлил қилиниб, ўзимизга мос бўлган йўналишларга таяниб, уни батамом йўқ қилиш борасида босқичма-босқич чоралар кўришимиз лозим, деб ўйлайман.

Кўплаб ривожланган мамлакатларда “яширин иқтисодиёт”нинг улуши ва таъсирини минимал даражада камайтиришга эришилган. Асосийси, бу натижа оддий аҳолининг турмуш даражаси юқори даражада бўлишига замин яратган.

Мамлакатимизда ҳам кейинги йилларда айнан “яширин иқтисодиёт”нинг таъсирини камайтириш бўйича диққатга сазовор бир қанча иш қилинди. Масалан, 2017 йилда Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги, 2018 йилда эса, “Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Коррупцияга қарши конвенциясига Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши тўғрисида”ги Қонунлари қабул қилинди.

“Яширин иқтисодиёт”да валюта қора бозорининг ўрни жуда катта ҳисобланади. Мамлакатимизда ҳам, энг йирик нақд пул айланмалари хорижий валюта бўлмиш АҚШ долларида амалга оширилади (ноқонуний йирик битимлар, уй-жой олди-сотдиси, автомобиль олди-сотдиси ва бошқа кўплаб товарлар олди-сотдиси).

Банкдан ташқари айланаётган бундай хорижий валютанинг бевосита миллий валютамизга нисбатан етказаётган зарари охир-оқибат сўмимизнинг қадрсизланишига билвосита таъсир кўрсатмоқда. Аксарият маҳсулотларнинг четдан нақд пулга сотиб олиб келтирилиши ёки хуфиёна битимлар туфайли маҳсулотларнинг мамлакатимизга олиб кириб сотилиши кўп жиҳатдан солиқдан яширган ҳолда фойда кўриб ишлаётган тадбиркорлар ва уларни қўллаб-қувватлаб турган бошқа шахсларга қўл келмоқда. Энг ёмони, бу ўз тадбиркорлигини йўлга қўйиб, ҳалол ишлаётган ёки ишлаб чиқараётган маҳсулотларини қонуний реализация этаётган, рақобатбардош маҳсулотларни кўпайтираётган шахсларга жиддий зиён етказади.

Дейлик, тўқимачилик фабрикасида тайёр ҳолда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг таннархи хуфиёна ишлаб чиқарилганникидан албатта юқори бўлади. Сабаби, фабрика ходимларга иш ҳақи тўлаши, ишлаб чиқаришдаги, асосий фоситалар амортизацияси ва шунга ўхшаш харажатларни қоплаши зарур. Бу каби харажатлар, албатта, маҳсулотнинг таннархида ўз ифодасини топади.

Яширин цехда ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг таннархида эса, бундай харажатлар йўқлиги сабабли, бозорда нархи асрзон, бозори чаққон бўлади.

Шу боис “яширин иқтисодиёт”га барҳам бериш, у билан шуғулланадиган тадбиркорларни аста-секинлик билан қонуний белгиланган тартибда ишлашга ўргатишимиз зарур бўлади.

Тадбиркорлик фаолияти билан ноқонуний шуғулланган ва ўз даромадларини яширган барча тадбиркорлик субъектларига амнистия қўллаш, яъни, белгиланган амнистия муддати ичида тадбиркорлар ўз даромадларини ҳеч қандай тўсиқсиз ва ортиқча текширувларсиз Ўзбекистонда қайд этиб, легаллаштиришлари ҳамда фаолиятини давом эттиришлари учун қонуний чоралар кўриш мақсадга мувофиқ.

Давлат томонидан нақд пулсиз савдо қилаётган тадбиркорларга имтиёз, преференциялар бериш орқали қўллаб-қувватлаш мамлакатимиз иқтисодиётининг янада барқарорлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Масалан, ривожланган давлатларда бугунги кунга келиб нақд пул муомаласи қисқартирилган. Демак, барча пул айланиши банк орқали амалга оширилиши давлатнинг иқтисодиёти тараққий этишига ёрдам беради.

Мухтасар айтганда, Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги, “Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Коррупцияга қарши конвенциясига Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши тўғрисида” ги Қонунларнинг мазмун-моҳиятини аҳолининг кенг қатламлари орасида тушунтириш-ташвиқот ишларини жонлантириш орқали “яширин иқтисодиёт”ни қисқартиришга эришишимиз мумкин. Бу жараёнда эса, барчамиз ҳамжиҳатликда фаол иштирок этишимиз шарт.


Мақсуд ҚУРБОНБОЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати


Кўришлар сони: 222

Депутатлар минбари

Янгиликлар

21.02.2019
ОИВ-инфекцияси профилактикаси борасидаги вазият қандай?

Ҳозирги кунда мамлакатда 140 дан зиёд «ишонч хоналари» мавжуд бўлиб, улар аҳолининг ОИВга нисбатан...

20.02.2019
Тиббий кадрлар таъминоти 88,8 фоизни ташкил қилиши нимани англатади?

Ўрганиш чоғида ишчи гуруҳ аъзолари ҳар бир туманда аҳоли хонадонларида бўлиб, сурункали касалликларга...

20.02.2019
Соғлом ҳаёт сари ташланган қадам

– Ҳар қандай давлатнинг энг муҳим бойлиги мамлакат аҳолисининг саломатлиги, миллат генофондининг м...

Тадбирлар тақвими