Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Ўткир ТУРСУНОВ: Қонун лойиҳаси парламентда принципиал муҳокама этилди

Ўткир ТУРСУНОВ: Қонун лойиҳаси парламентда принципиал муҳокама этилди

2018 йил 30 август куни Ўзбекистон Республикаси ҳукумати Олий Мажлис Қонунчилик палатасига "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги қонун лойиҳасини тақдим этди. Ушбу қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 мартдаги "Психиатрия ёрдами кўрсатиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.

Қонунчилик палатаси томонидан биринчи ўқишда қабул қилинган қонун лойиҳаси "Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида"ги, "Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида"ги, "Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида"ги, "Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида"ги, “Жиноят ишини юритиш чоғида қамоқда сақлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунлари ва 7 кодексга ўзгартиш киритишни назарда тутади.

Таъкидлаш жоизки, ушбу қонун лойиҳаси иккинчи ўқишга тайёргарлик жараёнида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси сиёсий партиялар фрациялари мажлисларида қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Муҳокамалар давомида парламент аъзолари қонун лойиҳасининг концептуал асослари бўйича бир қатор танқидий фикрлар билдирдилар. Бунинг натижасида, қонун лойиҳаси қуйи палата мажлисида иккинчи ўқишда кўриб чиқиш жараёнида етарли миқдорда овоз тўплай олмади ва Қонунчилик палатасининг масъул қўмитасига лойиҳани маромига етказиш учун қайтарилди.

Ҳозирги вақтда қонун лойиҳаси Олий Мажлис қуйи палатасининг мажлисида иккинчи ўқишда қайта муҳокама қилиш мақсадида масъул қўмита томонидан тайёрланмоқда. Қонун лойиҳасининг бир қатор концептуал янгиликлари мавжуд. Хусусан, биринчидан, қонунчилигимиз амалиётида биринчи марта "ақли норасолар тоифасига кирмайдиган руҳий ҳолати бузилган шахслар", яъни ижтимоий хавфли қилмишни содир этиш вақтида руҳий касаллиги сабабли ўз ҳаракатларининг аҳамиятини англай олмаган ёки ҳаракатларини бошқара олмаган шахс тушунчаси киритилмоқда. Бундай шахслар учун суд асосий жазо билан бирга, тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаши мумкин. Ушбу нормалар ривожланган демократик мамлакатларнинг суд юритиш қоидалари ҳамда халқаро ҳуқуқий амалиёт стандартларига тўлиқ мос келади.

Иккинчидан, амалдаги қонунчиликдаги тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари рўйхати пенитенциар муассасаларнинг терапевтик-профилактика муассасалари ва маҳбуслар учун ихтисослашган шифохоналарда даволаш ва мажбурий амбулатория кузатувини ўтказиш каби чоралар билан тўлдирилмоқда. Ушбу чоралар руҳий ҳолати бузилган шахсларга мажбурий тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини эркинлаштиради.

Учинчидан, амалдаги қонунчилик руҳий ҳолати бузилган шахсларни кўрикдан ўтказиш вақтини назарда тутмайди. Натижада, руҳий касал деб ташхис қўйилган шахслар ҳатто соғлиғининг яхшиланганига қарамай, алоҳида тиббий муассасаларда даволанишни давом эттирмоқда. Ушбу камчиликни бартараф этиш мақсадида, хорижий амалиётни чуқур таҳлил қилган ҳолда, Жиноят-процессуал кодекси тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланилган, руҳий ҳолати бузилган шахслар тиббий ва тиббий-маслаҳат комиссиялари томонидан ҳар олти ойда бир марта кўрикдан ўтказилиши тўғрисидаги норма билан тўлдирилиши таклиф этилаяпти. Кўрикдан ўтказиш натижаларига кўра, шахсга нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўлланишини узайтириш, ўзгартириш ёки бекор қилиш масаласини ҳал этиш мумкин бўлади.

Ва ниҳоят, тўртинчидан, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсияларини инобатга олган ҳолда, ҳозирги миллий қонунчиликдан “руҳий касал”, “руҳий хасталик” ва «руҳий нуқсон» каби тушунчаларни чиқариб ташлаш, бунинг ўрнига “руҳий ҳолати бузилган шахслар” тушунчасини киритиш таклиф қилинмоқда.

Кўпчилик депутатларнинг фикрига кўра, ушбу янгиликлар асосан руҳий ҳолати бузилган шахсларга нисбатан муносабатлар тубдан ўзгаришига, уларга нисбатан қўлланиладиган тиббий йўсиндаги чораларни инсонпарварлаштиришга қаратилган.

Ушбу қонун лойиҳасининг кўплаб қоидаларини амалда қўллаш амалиётда руҳий касалликлардан азият чекаётган фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини бузиш хавфини туғдириши мумкинлигини инобатга олган ҳолда, масъул қўмита ушбу қонунни тўғридан-тўғри ишлайдиган қонун сифатида қабул қилишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Шу муносабат билан қонун лойиҳасининг кўпгина қоидалари қўшимча норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилишни талаб этмайдиган шаклга келтирилган. Шу маънода, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасида қўйилган вазифаларнинг амалда бажарилиши таъминланмоқда.

Ўткир ТУРСУНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати


Кўришлар сони: 1921

Депутатлар минбари

Янгиликлар

16.10.2019
Тилга эътибор парламентдан бошланмоғи лозим

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Девонида турли соҳа мутахассислари билан тажриба алмашиш ва малака...

16.10.2019
Парламентлараро Иттифоқ Ассамблеяси сессиясида “Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсати” мавзусида тақдимот ўтказилди

Аввал хабар берганимиздек, парламентимиз аъзоларидан иборат Ўзбекистон делегацияси Сербия пойтахти...

15.10.2019
Мактабгача таълим тизимига хусусий секторни фаол жалб қилиш қандай натижа беради?

Мутахассисларнинг фикрича, инсон ўз умри давомида оладиган барча ахборот ва маълумотнинг 70 фоизини...

Тадбирлар тақвими