Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Наримон УМАРОВ: Халқ фаровонлиги кўзланган дастур

Наримон УМАРОВ: Халқ фаровонлиги кўзланган дастур

Қачон давлат қудратли бўлади, қачонки, халқ фаровон бўлса, қачон халқ фаровон бўлади, қачонки, у кузатувчи эмас, ислоҳотларнинг иштирокчисига айланса. Кейинги йилларда мамлакат ҳаётида муҳим ҳисобланган масалалар, қонун, қарор, фармон, дастур лойиҳалари халқимиз иштирокида қабул қилиш амалиёти жорий этилди. Бунга мисол тариқасида “Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар портали, “Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси” портали, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг расмий сайтларидаги “Жамоатчилик муҳокамаси” рукнларини келтириб ўтишимиз лозим.

Йирик марказлашган давлат асосчиси Амир Темур “Темур тузуклари” асарининг биринчи бобини “Кенгашлар ва тадбирлар” деб номлаши ҳам бежиз эмас. Шунингдек, ушбу бобда салтанат ишларида энг биринчи галда тўрт нарсага амал қилиниши лозимлиги таъкидланган. Кенгаш ва Машварату маслаҳатни давлат қудратининг асосларидан бири сифатида қараган. Бундан кўриниб турибдики, Соҳибқирон бобомиз ҳам ҳар қандай масалани халқ ва уламолар билан кенгашиб, маслаҳат ва машварат асосида қабул қилганлар.

Жорий йилда Ўзбекистон тараққиёти йўлида амалга оширилиши кўзда тутилган ислоҳотлар жамланмаси “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” Давлат дастури лойиҳасини янада такомиллаштириш ҳамда фуқаролар билан маслаҳатлашган ҳолда ишлаб чиқиш мақсадида жамоатчилик муҳокамаси учун тақдим этилгани ҳам давлат бошқарувида халқимиз иштирокини таъминлаш билан бирга очиқлик ва ошкораликка хизмат қилади.

Мазкур Давлат дастури лойиҳаси кенг халқ муҳокамасидан ўтказилётгани, турли соҳа вакиллари бўлган юртдошларимиз уни такомиллаштиришда фаол иштирок этаётгани унинг ҳар жиҳатдан пухта, ҳаётий, энг муҳими, халқимизнинг орзу-истакларига монанд бўлишига замин яратади.

Ижтимоий ва гуманитар соҳаларни янада демократлаштириш – аҳоли фаровонлигининг асосидир. Шу боис, партиямиз фаоллари томонидан Давлат дастури лойиҳасининг “Ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишлари” бобига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, Дастурнинг 132-бандидан ўрин олган Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг янги таҳририни ишлаб чиқишда партиямиз асосий электорати ҳисобланган ходимлар ҳуқуқлари муҳофазасига, яъни тадбиркорлар ўз ходимлари учун зарур ижтимоий, технологик, таълим шароитларини яратишга масъуллиги, оддий қишлоқ меҳнаткашларини, мавсумий иш билан банд бўлган аҳолини самарали ҳимоя қилиш механизмлари акс этиши лозим деб ҳисоблайди.

Мазкур йўналишнинг 141-бандида Пенсия тайинлаш учун зарур ҳужжатларни йиғиш жараёнини тубдан оптималлаштириш учун архивлардаги маълумотларнинг электрон базасини яратиш, идоралараро ахборот алмашувини жорий этиш, давлат хизматлари маркази орқали пенсия тайинлаш давлат хизматини йўлга қўйиш назарда тутилган. Дарҳақиқат, ушбу масала нафақат пенсияга чиқиш арафасидаги балки, барча фуқароларимизнинг қувончига сабаб бўлиши аниқ. Чунки, ўтган йилда Архивларга 100 минг нафардан ортиқ фуқаро меҳнат фаолиятига оид маълумотлар олиш юзасидан мурожаат қилган бўлиб, уларнинг 17 300 нафарига ҳужжатлари йўқолиб кетганлиги, ёки топширилмаганлиги сабабли мурожаатлари қониқтирилмаган. Бу рақамалар 2018 йилда партия томонидан “Ижтимоий соҳа ривожи – аҳоли фаровонлигининг гарови” лойиҳаси доирасида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ходимлар меҳнат фаолиятига оид ҳужжатларни давлат архивларига топшириш, жойларда ушбу соҳага оид қонунчиликка амал қилиш ҳолатлари ўрганилганда маълум бўлди. Бундан ташқари ўрганилган 1 800 та ташкилотларнинг 46 фоизи идоравий архивлари белгиланган талабларга жавоб бермаслиги, 15 фоизининг эса идоравий архив умуман шакллантирилмаганлиги аниқланди.

Ўрганиш натижаларида аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича “Ўзархив” агентлиги билан ҳамкорликда “Ўзбекистон Республикасининг “Архив иши тўғрисида”ги Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилди. Қонун лойиҳасида давлат ва нодавлат ҳамда идоравий архивларни ташкил этиш ва юритиш тартибини бузган корхона, ташкилотлар мансабдор шахсларни жавобгарликка тортиш, архивда ҳужжатларнинг электрон нусҳаларини яратиш ва ягона маълумотлар базасини яратиш орқали аҳолини ортиқча оворагарчиликдан халос этиш бўйича аниқ нормалар кўзланган. Мазкур қонун лойиҳасидаги ўзгаришларни норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасида акс эттириш мақсадга мувофиқ.

Дастурдаги Илмий ишланмаларни тижоратлаштириш, амалий натижадорлиги ва самарадорлигини ошириш мақсадида “буюртмачи-тадқиқотчи-инвестор” узлуксиз занжиридан иборат махсус портал ташкил этиш, илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини молиялаштириш ҳажмини босқичма-босқич оширишга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш, Илмий-тадқиқот ташкилотлари фаолиятини тубдан ислоҳ қилиш ва илмий ишланмалар бўйича амалий натижадорликни ошириш каби бандларнинг ўрин олганлиги мамлакатимиз сиёсий майдонида бир неча йиллардан буён илмга асосланган инновацион иқтисодиётга ўтиш ғоясини илгари суриб келаётган Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ва унинг барча даражадаги депутатлик гуруҳларидан алоҳида фаоллик талаб этади.

Дарҳақиқат, бугун дунё бозорида рақобат кучайган бир шароитда, шубҳасиз, келажак фақат инновацион ривожланиш йўлини танлаган, янги фикр, янги ғояларга таянган давлатникидир. Шу сабабли ҳам бугунги кунда юртимизда давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини тубдан янгилашга қаратилган инновацион ривожланиш йўлига ўтилмоқда. Бу эса “Адолат” партияси танлаган йўл тўғри эканлигини яна бир бор амалда намоён этмоқда.

Бундан ташқари фракция аъзолари томонидан Давлат дастури лойиҳасидан ўрин олган соҳалар кесимидан келиб чиқиб белгиланган вазифаларни янада ривожлантириш ҳамда жамият ва давлат ривожланишига хизмат қилувчи янги вазифаларни белгилашдан иборат бир қатор таклифлар тайёрланди.

Хусусан, Давлат ва жамият қурилиши соҳасида мансабдор шахслар томонидан депутатлик ва сенаторлик фаолиятининг кафолатларини бузганлик учун жавобгарлик механизмларини такомиллаштириш, бир қатор вазифалар, хусусан, сайловларни ўтказишнинг пропорционал тизими бўйича халқаро тажрибани ўрганиш, давлат идоралари ҳузурида тузилган Жамоатчилик кенгашлари фаолиятини кенгайтириш вазифаларни амалга ошириш механизмларига аниқликлар киритиш борасида ўз позициясини билдирди.

Шунингдек, Суд-ҳуқуқ соҳасида адвокатларнинг тадбиркорлик субъектларига ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш борасидаги фаолиятини кенгайтириш, “Адвокатура тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, Давлат архиви ва идоравий архивлар фаолиятининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш мақсадида “Архив иши тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги, “Давлат органлари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари тўғрисида”ги, “Жамоатчилик муҳокамаси тўғрисида”ги бир қатор Ўзбекистон Республикаси қонунларини ишлаб чиқиш ва бошқа таклифлар илгари сурилди.

Албатта, Давлат дастуридаги барча бандлар ўз ижросини топади. Бу, албатта, аҳолининг фаровонлиги учун хизмат қилиб, ҳар бир фуқаронинг ҳаётига ўз тасирини кўрсатади. Бунинг учун партиямизнинг барча даражадаги депутатлик корпуси самарали парламент ва депутатлик назоратини амалга ошириши талаб этилади.

Эртанги кунимиз яна ҳам фаровон бўлиши учун бугундан ҳаракат бошлашимиз лозим. Давлат дастури муҳокамасида барчамиз ўз таклифларимиз, фикрларимизни билдиришимиз нафақат ўзимизнинг балки, мамлакатимизнинг эртаси учун қўшаётган беқиёс ҳиссамиз эканлигини англасакгина, фаол инвестициялар ҳисобига ижтимоий ривожланишга эришамиз.

 

Наримон УМАРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Спикери ўринбосари,

“Адолат” СДП фракцияси раҳбари


Кўришлар сони: 1544

Депутатлар минбари

Янгиликлар

26.03.2019
Навбатдаги “Ҳукумат соати”да депутатлар саволларига Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси раиси жавоб беради

Қонунчилик палатасидаги навбатдаги “Ҳукумат соати” жорий йилнинг 2 апрель кунига режалаштирилган б...

26.03.2019
Истиқболли вазифалар белгилаб олинди

2019 йил 26 март куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси томони...

26.03.2019
Хотин-қизларга муносиб иш ўринлари яратиш – устувор вазифа

2019 йил 26 март куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси ҳамда партия ...

Тадбирлар тақвими