Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Давлат дастури лойиҳаси: Халқ билан кенгашишнинг ўзига хос амалиёти

Давлат дастури лойиҳаси: Халқ билан кенгашишнинг ўзига хос амалиёти

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясида 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури лойиҳаси чуқур ўрганилиб, таҳлил қилинди.

Давлат дастури лойиҳаси мамлакатимизда сўнги йилларда амалга оширилаётган шиддатли ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлиб, ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамияти, шунингдек, бозор иқтисодиёти тамойилларини ҳаётимизга амалда кенг жорий этишга, жаҳонда юз бераётган ўзгаришларга мослашишга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномаси мазмун-моҳиятига мувофиқ тайёрланган.

Лойиҳада мамлакатимизни демократик ривожлантиришга, Олий Мажлис палаталари ва сиёсий партияларнинг ролини янада кучайтиришга, Вазирлар Маҳкамаси, вазирликлар, суд ҳокимияти мустақиллигини янада мустаҳкамлаш, айни пайтда уларнинг масъулиятини кучайтиришга, иқтисодиётни либераллаштиришга, ижтимоий барқарорликни таъминлашга, энг муҳими, оддий одамлар учун фаровон турмуш шароитини яратишга алоҳида эътибор қаратилган. Зеро, Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида таъкидланганидек, “Юртимизда яшаётган ҳар қайси инсон миллати, тили ва динидан қатъи назар, эркин, тинч ва бадавлат умр кечириши, бугун ҳаётдан рози бўлиб яшаши – бизнинг бош мақсадимиздир”.

Энди бевосита парламент ҳаётига доир бир масала хусусида сўз юритсак. Биласиз, тўғридан-тўғри амал қиладиган қонун лойиҳаларини қабул қилишда парламент палаталарининг юридик хизматига бўлган эҳтиёж тубдан ортиб боради. Шу боис, дастур лойиҳасида Олий Мажлис палаталари юридик хизматлари негизида Юридик бошқармалар ташкил этиш масаласининг белгилангани энг долзарб масалалардан бири ҳисобланди. Шу билан бирга, лойиҳада идоравий ҳужжатларни қабул қилиш амалиётини тўхтатиш масаласини ҳам белгилаш, шунингдек, парламент назоратини самарали ташкил этиш учун худди юридик бўлимни ислоҳ этиш каби палаталарнинг ташкилий-назорат ва таҳлил бўлимлари фаолиятини ҳам хорижий давлатлар тажрибаси асосида тубдан қайта кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ.

Лойиҳада Олий Мажлисда Давлат бюджети бошқармасини ташкил этиш кўрсатилгани ҳам депутат ва сенаторлар учун парламентнинг асосий функцияларидан бири – Давлат бюджетининг даромад ва харажатларини мунтазам кузатиб бориш, назорат қилиш, профессионал тарзда муҳокама этиш имкониятини яратади.

Таъкидлаш лозимки, ривожланган давлатларда Давлат бюджети лойиҳасини қабул қилиш ва назорат этишнинг очиқ, самарали ва демократик механизми яратилган. Унга кўра, навбатдаги йил учун бюджет харажатлари ҳар бир вазирлик ва идора кесимида парламентга тақдим этилганидан кейин, белгиланган муддат ичида барча вазирлик ва идоралар ўзлари Давлат бюджетидан сўраган навбатдаги йил учун харажатларни парламентнинг тегишли қўмитасига келиб исботлаб беришлари лозим. Бундан ташқари, Давлат бюджети қабул қилинганидан кейин унинг ижроси устидан самарали парламент назорати ўрнатилган. Унга кўра, ҳар ойнинг охирида бюджетнинг даромад ва харажат қисмлари бўйича батафсил, тўлиқ ахборот ёки ҳисобот электрон шаклда парламентга тақдим этиб борилади. Депутатлар маблағлар тасдиқланган мақсадлар учун сарфланяптими, ўз вақтида молиялаштириляптими, бюджет дефицити юзага келмаяптими, юзага келган бўлса, унинг сабаблари нимадан иборат, каби долзарб саволларга жавоб топиши, заруратга қараб, бюджет ижросини ўз вақтида тўғрилаш бўйича масалани кўриб чиқиш имконига эга.

Шу боис, фракциямиз аъзолари лойиҳада Олий Мажлис палаталарида Давлат бюджети лойиҳасини қабул қилиш, унинг ижроси устидан парламент назорати самарадорлигини оширишнинг юқоридаги каби механизмларини белгилаш мақсадга мувофиқ бўлар эди, деган фикрда. Шунингдек, Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида “Мурожаатномада баён қилинган ҳар бир устувор йўналиш бўйича Бош вазир ва Ҳукумат аъзолари амалга оширилган ишлар ҳақида Сенат ва Қонунчилик палатаси олдида ҳар чоракда ҳисобот бериб боради”, мазмундаги ғоясидан келиб чиқиб, лойиҳанинг 1-бандида кўрсатилган Олий Мажлис палаталарининг норма ижодкорлиги ва парламент назорати йўналишидаги фаолиятини кучайтириш, самарадорлигини ошириш йўналишига мазкур ғояни парламент назоратининг янги шакли сифатида Қонунда мустаҳкамлашни белгилаш мақсадга мувофиқ.

Сўнги йиллардаги ислоҳотлар натижасида маҳаллий Кенгашларнинг ваколатлари, айниқса, назорат йўналишидаги ваколатлари кенгайтирилмоқда. Шундан келиб чиқиб, Давлат даустури лойиҳасида “Парламент назорати тўғрисида”ги қонунга ўхшаб, “Маҳаллий Кенгаш назорати тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш масаласини ҳам кўриб чиқиш лозим, деб ҳисоблаймиз.

Яна бир муҳим масала шуки, лойиҳада депутат ва сенаторларнинг жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш масаласига ҳам эътибор қаратилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Боиси, аксарият ҳолатларда депутатлар мурожаатларни тегишли ташкилотларга юбориш билан чекланиб қолмоқда. Парламент фаолиятига оид қонунларга тизимли муаммолар бўйича тушаётган мурожаатларни депутатлар ҳамда мутасадди вазирлик ва идоралар вакиллари иштирокида жойига чиқиб ўрганиб, ҳал этиш чораларини кўриш юзасидан тегишли нормаларни киритиш кўплаб муаммоларни амалда ҳал этиш имконини беради.

Умуман олганда, Давлат дастури лойиҳасини кенг муҳокамага қўйилиши демократик тамойилларга мослиги ҳамда халқ билан маслаҳатлашишнинг ўзига хос амалиёти экани билан алоҳида аҳамиятга эга.

Партиямизнинг барча депутатлари ва ташкилотлари ходимлари лойиҳани ривожлантиришга оид таклифларни Ишчи гуруҳига тақдим этиб, уни янада такомиллаштиришга ўз ҳиссасини қўшади.

Нодир МУХТОРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Ўзбекистон “Миллий тикланиш”

демократик партияси фракцияси аъзоси


Кўришлар сони: 2597

Депутатлар минбари

Янгиликлар

22.07.2019
Депутатлар жариманинг 70 фоизини тўлаш ғоясини илгари сурди

2019 йил 22 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Мамлакат...

20.07.2019
Миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик — демократик жамиятнинг асосий тамойилларидан бири

Пойтахтимиздаги Корейс маданияти ва санъати уйида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар ...

19.07.2019
ЎзХДП фракцияси фаолияти юзасидан ахборот берди

Қонунчилик палатасига киритилган қонун лойиҳалари бўйича фракциянинг 134 та таклифи ишлаб чиқилиб, ...

Тадбирлар тақвими