Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Фарҳоджон ҚУВВАТОВ: Давлат дастури лойиҳаси нимаси билан аҳамиятли?

Фарҳоджон ҚУВВАТОВ: Давлат дастури лойиҳаси нимаси билан аҳамиятли?

Мамлакатимизда табиатдан оқилона фойдаланиш сиёсати изчиллик билан олиб борилмоқда. Ер ва сув ресурсларини бошқаришни такомиллаштириш, қишлоқ хўжалигини интенсивлаштириш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Чунончи, кўрилган чора-тадбирлар натижасида йиллик сув истеъмолини 14 миллиард куб метрга қисқартиришга, қишлоқ хўжалигида бир гектарга бўлган сув сарфининг солиштирма ҳажмини эса, икки баравардан кўпроқ камайтиришга, суғориладиган ерлар майдонининг ярмидан ортиғининг мелиоратив ҳолатини яхшилашга эришилди. Фақат Оролбўйи минтақсидаги экологик вазиятни барқарорлаштириш мақсадининг ўзига 5,5 миллиард доллардан ортиқ маблағ йўналтирилди. Хорижий мамлакатлардаги шериклар ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда Орол денгизининг қуриб қолган тубида ўрмон иҳота дарахтзорларини ҳамда янги муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудларни барпо этиш, коллектор-дренаж сув тармоғи тизимини яхшилаш, аҳолининг турмуш даражасини янада ошириш бўйича қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Сўнгги ўн йил давомида денгизнинг қуриган тубида саксовул ва бошқа шўрга чидамли ўсимлик турларидан иборат 350 минг гектарга яқин ўрмон барпо этилди.

Аммо мамлакатимиз ва умуман, Марказий Осиё минтақасида ҳосил бўлган экологик муаммоларнинг, жумладан, Орол инқирозининг миқёси ва кўлами экологик ҳолатни соғломлаштириш муаммоларини комплекс ҳал этишга жаҳон ҳамжамияти эътиборини қаратиш, бу борадаги саъй-ҳаракатларни бирлаштиришни тақозо этади.

Айни мана шу мақсадларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йил 28 декабрдаги Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида “экологик хавфсизлик, биринчи навбатда, сув ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш доимо эътиборимиз марказида туриши зарур”лигини таъкидлаб, БМТнинг Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосида траст фондининг тузилиши ўзбек дипломатиясининг катта ютуғи бўлди, дедилар.

Бугун кенг жамоатчилик муҳокамаларига ҳавола этилган 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури лойиҳаси Юртбошимизнинг Мурожаатномада белгилаб берган устувор йўналишлар ва тавсиялари асосида ишлаб чиқилган бўлиб, унда экологик хавфсизликни ҳам таъминлашга қаратилган бир қатор салмоқли ишлар амалга оширилиши режалаштирилмоқда.

Жумладан, Давлат дастури лойиҳасида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш концепциясини, Биологик хилма-хилликни сақлаш бўйича стратегияни ҳамда Ўзбекистон Республикасининг 2019-2028 йилларга мўлжалланган қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш стратегиясини ишлаб чиқиш, санитар-тозалаш хизматлари фаолиятини янада кенгайтириш, маҳсулотлар ва хизматларни экологик хавфсизлик белгиси билан маркировкалаш амалиётини жорий этиш каби муҳим вазифалар белгиланган. Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг Париж битимига қўшилиши муносабати билан экологик ва “яшил иқтисодиёт”га ўтиш бўйича давлат стратегиясини, Марказий Осиёда сув ресурсларидан оқилона фойдаланишнинг минтақавий дастури концепциясини ишлаб чиқиш, Оролбўйи минтақасида янги муҳофаза этиладиган, шу жумладан, трансчегаравий табиий ҳудудларни ташкил этиш, Оролбўйи ҳудудида экологик инновациялар ва технологиялар зонасини яратиш бўйича халқаро анжуман ўтказиш каби тадбирлар ҳам дастур лойиҳасидан ўрин олган.

Албатта, ушбу тадбирлар доирасида аҳоли саломатлиги учун қулай шароитлар яратиш, экологик мувозанатни сақлаш ҳамда мамлакатнинг самарали ва барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланишида табиий ресурслардан оқилона фойдаланишни тартибга солиш, ер, ер ости бойликлари, сув, ўрмонлар, муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудлар, ҳайвонот ва ўсимлик дунёси объектларини муҳофазалаш, биологик хилма-хилликни сақлаш, қаттиқ маиший чиқиндиларни ҳосил бўлишини камайтиришга қаратилган чора-тадбирлар ҳам кўрилади. Айни мақсадлар учун ҳудудларда 644 та чиқинди йиғиш майдончаси қурилиши, 3 623 та контейнер ўрнатилиши ва 245 та махсус техника харид қилиниши белгиланган.

Шунингдек, дастур лойиҳасида Ўзбекистон Республикасини дунёнинг ривожланган 45 та мамлакатида амал қилувчи экологик маркировканинг глобал тармоғи (The Global Ecolabelling Network, GEN)га аъзо бўлиш имкониятини яратиш, Марказий Осиёда сувдан тежамкор фойдаланиш, сув манбаларини бошқариш ва оқилона фойдаланиш масалаларида минтақавий ҳамкорликни янги босқичга кўтариш, Оролбўйи минтақасида янги муҳофаза этиладиган, жумладан, трансчегаравий табиий ҳудудларни ташкил этиш орқали атроф-муҳитни комплекс муҳофаза қилишга қаратилган муҳим вазифалар ҳам ҳам ўз ифодасини топган.

Умуман айтганда, 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури лойиҳасидан ўрин олган тадбирларнинг ҳаётий рўёби, энг аввало, халқимиз турмуш фаровонлигини янада оширишга, қолаверса, экологик хавфсизликни таъминлаш орқали атроф-муҳит ва инсон саломатлигини муҳофаза қилиш, сув ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш орқали бу неъматларни келажак авлодларга ҳам етказишга хизмат қилади.

 

Фарҳоджон ҚУВВАТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Ўзбекистон экологик ҳаракати депутатлик гуруҳи аъзоси


Кўришлар сони: 2521

Депутатлар минбари

Янгиликлар

22.07.2019
Депутатлар жариманинг 70 фоизини тўлаш ғоясини илгари сурди

2019 йил 22 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Мамлакат...

20.07.2019
Миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик — демократик жамиятнинг асосий тамойилларидан бири

Пойтахтимиздаги Корейс маданияти ва санъати уйида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар ...

19.07.2019
ЎзХДП фракцияси фаолияти юзасидан ахборот берди

Қонунчилик палатасига киритилган қонун лойиҳалари бўйича фракциянинг 134 та таклифи ишлаб чиқилиб, ...

Тадбирлар тақвими