Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Саҳобиддин АРЗИҚУЛОВ: Парламент назорати ва депутатлар муҳокамаси пухта бўлиши лозим

Саҳобиддин АРЗИҚУЛОВ: Парламент назорати ва депутатлар муҳокамаси пухта бўлиши лозим

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида Давлат бюджети ва Давлат мақсадли жамғармалари ижроси ҳамда келгуси йил бюджет параметрларининг Олий Мажлисда кўриб чиқилишида ижобий натижаларга эришилганига алоҳида эътибор қаратди. Айниқса, ўтган йил декабр ойида 2019 йилги Давлат бюджети параметрларини муҳокама қилиш жараёнида Молия вазирлиги ва тегишли вазирликлар мутахассислари томонидан депутатларнинг саволларига етарлича жавоб қайтарилмаганидан кейин овоз бериш натижаларига кўра, Давлат бюджети қабул қилинмасдан Ҳукуматга қайтарилгани анчагина шов-шувларга сабаб бўлди. Буни давлатимиз раҳбари ҳам алоҳида таъкидлаб ўтди. Бироқ, тан олишимиз керакки, депутатлар томонидан берилаётган саволлар янада пухтароқ бўлиши, саволларни амалиётдан олиш тартибини белгилаш, таклиф қилинган мутасадди раҳбарларга бюджет билан боғлиқ муаммолардан келиб чиққан ҳолда савол ва таклифлар берилиши бугунги кундаги долзарб масалалардан бири эди.

Шу нуқтаи назардан, Президентимиз ўз мурожаатида бу каби камчиликларни бартараф этиш, депутатларнинг фаоллигини янада ошириш мақсадида парламент назоратининг таъсирчан шаклларидан бири ҳисобланган Давлат бюджетини қабул қилиш, унинг ижросини кўриб чиқишга алоҳида аҳамият қаратишимиз зарурлигини таъкидлади. Бу ишни юқори профессионал даражада йўлга қўйиш учун Олий Мажлис ҳузурида Давлат бюджети бошқармасини ташкил этиш мақсадга мувофиқ, деган таклифни билдирди.

Давлатимиз раҳбарининг Мурожаатномасидан келиб чиққан ҳолда, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури лойиҳасида ҳам Молия вазирлиги Давлат молия назорати бош бошқармаси молиявий инспекторлари штат бирликлари асосида Олий Мажлисда Давлат бюджети бошқармасини ташкил этиш, бошқармага юқори малакали кадрларни жалб қилиш, 2019 йилда унинг жорий таъминоти, ходимлар меҳнатига ҳақ тўлашга маблағлар ажратиш назарда тутилиши таклиф қилинмоқда.

Шу ўринда айтиш лозимки, Олий Мажлисда нафақат Давлат бюджети ижроси ёки бюджет параметрлари муҳокама қилинади, балки бюджет билан бевосита боғлиқ бўлган кўплаб қонунлар қабул қилинади, турли даражадаги учрашувлар, тадбирлар ўтказилади ҳамда уларнинг ижроси юзасидан Ҳукуматга таклифлар ҳам бериб борилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисида ташкил этиладиган Давлат бюджети бошқармасига малакали мутахассисларнинг жалб этилиши биз депутатларга кўплаб енгилликлар яратади. Сабаби, депутатларнинг ҳаммаси ҳам иқтисодчи ёки молия соҳаси вакиллари эмас. Шу нуқтаи назардан эндиликда депутатлар ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларга бевосита янги ташкил этилажак бошқармадан етарлича жавоб ва тушунтиришлар олиши имконига эга бўлади. Шу билан бирга, бюджет билан боғлиқ қабул қилинадиган қонунларнинг ҳам маромига етказилиши таъминланади.

Биргина мисол. Муҳтарам Президентимизнинг Мурожаатномасида бугунги кунда ялпи ички маҳсулотда “яширин” иқтисодиётнинг улуши катта экани, бу мамлакатимиз ривожига салбий таъсир этаётганига тўхталиб ўтилди. Солиқ юкини камайтириш, бизнес юритиш учун янада қулай шароитлар яратиш “яширин” иқтисодиётга барҳам беришнинг ягона йўлидир. Шу боис, бу борада таъсирчан чораларни назарда тутадиган алоҳида дастур ишлаб чиқишимиз зарурлиги қайд этилди.

Шу асосда тақдим этилаётган дастур лойиҳасида иқтисодий фаолиятни легаллаштириш юзасидан қўшимча чораларни аниқлаш, солиқ юкини камайтириш ва солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш, нақд пулсиз ҳисоб-китобни рағбатлантириш механизмини ишлаб чиқиш, кўчмас мулк объектлари ва автотранспорт воситалари олди-сотдиси ва бошқа йирик миқдордаги битимлар бўйича ҳисоб-китобларни банк орқали амалга ошириш учун қулай шароит яратиш, тадбиркорлар фаолиятига давлат идоралари томонидан ноқонуний аралашувлар фактларига қатъий қўл қўймаслик каби долзарб чора-тадбирлар белгиланган.

Президентимиз ташаббуси билан жорий йилдан бошлаб йилнинг бош ҳужжати бўлган Мурожаатномада баён қилинган ҳар бир устувор йўналиш бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида Бош вазир Ҳукумат аъзолари билан бирга Сенат ва Қонунчилик палатаси олдида ҳар чоракда ҳисобот бериб боради. Бу жараён оммавий ахборот воситалари орқали кенг ёритилиши, шу тариқа фуқаролар Мурожаатномада ўртага қўйилган вазифаларни бажариш бўйича Ҳукумат қандай иш олиб бораётганидан хабардор бўлиб боради, унинг фаолиятига халқнинг ўзи баҳо беради.

Бу каби янгиликларни амалиётга самарали татбиқ этилишини таъминлашда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари имконият ва масъулиятни ҳис қилган ҳолда, янги ташкил этиладиган Бюджет бошқармаси билан бевосита биргаликда ва ҳамкорликда ишлайди. Жойларда сайловчилар билан бўладиган учрашувларда кўтарилган масала ва муаммоларнинг ечими бўйича мутасадди вазирликлар, қўмиталар билан янгича руҳда ишлаш тизими йўлга қўйилади.

Саҳобиддин АРЗИҚУЛОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси


Кўришлар сони: 257

Депутатлар минбари

Янгиликлар

23.01.2019
Репродуктив саломатлик масалалари депутатлар диққат марказида

Ушбу лойиҳанинг асосий ғояси аҳолининг репродуктив саломатлигини яхшилаш, аёллар ва эркаклар бепуштл...

23.01.2019
Кун тартибидаги муҳим қонун лойиҳаси

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида «Яйловлар тўғрисида»ги қонун лойиҳаси му...

23.01.2019
Давлат дастури ижросида “Адолат СДП” фракциясининг ўрни қандай бўлади?

Эътироф этилганидек, 2019 йилга мўлжалланган Давлат дастури лойиҳаси кенг жамоатчилик муҳокамаси...

Тадбирлар тақвими