Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Клара ЖУМАМУРАТОВА: “ЯШИРИН” ИҚТИСОДИЁТГА БУТКУЛ БАРҲАМ БЕРМОҒИМИЗ КЕРАК

Клара ЖУМАМУРАТОВА: “ЯШИРИН” ИҚТИСОДИЁТГА БУТКУЛ БАРҲАМ БЕРМОҒИМИЗ КЕРАК

Янги йил шукуҳи кезаётган шу кунларда поёнига етаётган йил сарҳисоби ва келаси йилда амалга ошириладиган ишлар, кутилаётган янгиликлар барчада катта қизиқиш уйғотиши табиий, албатта. Мен ҳам Мурожаатномани алоҳида қизиқиш ва ҳаяжон билан тингладим. Унда белгилаб берилган вазифалар халқ вакили сифатида зиммамдаги масъулиятни янада оширишини теран ҳис этдим.

Мурожаатнома аниқ, стратегик мақсадларни қамраб олгани билан нафақат биз депутатларни, балки, бутун халқимизни, хорижлик меҳмонларни ҳам бефарқ қолдирмади. Ўзим депутат бўлгунимга қадар кўп йиллар тадбиркорлик билан шуғулланганман. Шундан келиб чиқиб айтишим мумкинки, фаол инвестицион сиёсат юритмасдан, фаол тадбиркорлик муҳитини яратмасдан туриб, иқтисодий тараққиётга эришиб бўлмайди. Бозор иқтисодиётига ўтишнинг энг мақбул ва ўз навбатида, мураккаб йўли айнан иқтисодиётга хорижий сармояларни фаол жалб этиш, бунинг учун қулай шароит яратиш масаласига бориб тақалади.

Яна бир эътиборга молик жиҳати, бу ерда гап фақат юқори иқтисодий ўсишга эришишда эмас, балки ундан ким наф кўриши ҳақида ҳам кетмоқда. Иқтисодий ўсиш, аввало, аҳолининг турмуш тарзини яхшилаш учун зарурдир. Чунки бунга эришиш йўлида амалга ошириладиган ислоҳотлар жамиятнинг барча жабҳаларини қамраб олади. Натижада аҳоли юқорироқ даромадга эга бўлади, сифатли тиббий хизматдан фойдаланади, пировардида одамларнинг умр кўриш даражаси ошади. Айнан ана шу жойда фаол инвестицион сиёсат ижтимоий ривожланишни таъминлашда қанчалик муҳим аҳамиятга эга экани аён бўлади.

Давлатимиз раҳбарининг Мурожаатномасида ижтимоий-сиёсий ҳаётимизда бир қатор оғриқли муаммоларга барҳам бериш йўллари айтилди. Жумладан, шу кунга қадар жойларда партия ташкилотларининг депутатлик ўринлари учун муносиб баҳс олиб бориши, қолаверса, партия гуруҳларининг эмин-эркин фаолият юритиши, кўтараётган масалалари юзасидан халқ депутатлари Кенгаши сессияси қарорларининг қабул қилинишида ҳокимнинг Кенгаш раиси экани маълум маънода салбий таъсир кўрсатар эди. Келаси йилдан эътиборан, ушбу тартиб бекор қилинаётгани кўпчиликни ўйлантираётган масалага ижобий якун ясади.

Айтиш керакки, бу ислоҳот партия гуруҳлари орасида соғлом рақобатни шакллантиришга хизмат қилади. Аҳолини ўйлантираётган муаммолар маҳаллий ҳокимият билан биргаликда жойида ҳал этилишини таъминлайди.

Эътиборга молик яна бир жиҳат шуки, эндиликда Вазирлар Маҳкамаси аъзоларини Олий Мажлис томонидан тасдиқлаш амалиётининг киритилаётгани, энг аввало, вазирликлар иш фаолиятини халққа янада яқинлаштиришга имкон беради. Депутатларнинг вазирликлар фаолияти устидан доимий парламент назоратини кучайтиришига шароит яратади.

Давлатимиз раҳбари Мурожаатномада “Ислоҳот – бу янгиланиш, ўзгариш дегани, ислоҳотларнинг ижобий натижа бериши учун, аввало, раҳбарларимиз ва одамларимиз ўзгариши керак. Агар инсон ўзгарса, жамият ўзгаради” дея алоҳида қайд этдилар. Бу мақсадга эришиш учун, биринчи навбатда, барча даражадаги раҳбарлар, халқ депутатлари ва масъул ходимлар ўз фаолиятини танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик асосида ташкил этишини бугун ҳаётнинг ўзи талаб этмоқда.

Бундан ташқари, Мурожаатномада мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотида “яширин” иқтисодиётнинг улушини буткул йўқотиш ечими сифатида солиқ юкини камайтириш, бизнес юритиш учун янада қулай шароитлар яратиш ҳамда иқтисодиётнинг барча соҳаларини рақамли технологиялар асосида янгилашни назарда тутадиган Рақамли иқтисодиёт миллий концепциясини ишлаб чиқиш лозимлиги айтилди. Дарҳақиқат, жаҳон тажрибасидан маълумки, рақамли иқтисодиётда “яширин” иқтисодиёт ва “қора бозор”га ўрин қолмайди. Энди бу борадаги кураш янги босқичда изчил давом эттирилади.

Умуман олганда, Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномоси мамлакатимиз ҳаётининг бундан кейинги тараққиёт уфқларига барчамизнинг нигоҳимизни қаратгани билан тарихий аҳамиятга эга бўлди. Шу маънода, эндиликда барчамиз Мурожаатномада белгиланган улкан, ҳаётий вазифалар ижросини таъминлашда янада фаол ва ташаббускор бўлишимиз талаб этилади. Ўзимизнинг амалий ишларимиз билан Президентимиз бошлаган ислоҳотларнигн амалда ўз тасдиғини топиши учун кечаю кундуз меҳнат қилмоғимиз шарт. Чунки, бу вазифалар фақатгина давлат идоралари ёки муайян ваколатли органларга эмас, балки барчамизга алоҳида масъулият юклайди. Қайси соҳада ишламайлик, фаолиятимиз қанчалик самарали бўлиши айнан шу дастуриламал ҳужжат билан бевосита боғлиқ эканини ҳис этишимиз лозим.

 

Клара ЖУМАМУРАТОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати


Кўришлар сони: 2492

Депутатлар минбари

Янгиликлар

22.07.2019
Депутатлар жариманинг 70 фоизини тўлаш ғоясини илгари сурди

2019 йил 22 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Мамлакат...

20.07.2019
Миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик — демократик жамиятнинг асосий тамойилларидан бири

Пойтахтимиздаги Корейс маданияти ва санъати уйида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар ...

19.07.2019
ЎзХДП фракцияси фаолияти юзасидан ахборот берди

Қонунчилик палатасига киритилган қонун лойиҳалари бўйича фракциянинг 134 та таклифи ишлаб чиқилиб, ...

Тадбирлар тақвими