Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Абдурашид ТЎХТАБОЕВ: Барча эзгу ниятларимизга албатта эришамиз

Абдурашид ТЎХТАБОЕВ: Барча эзгу ниятларимизга албатта эришамиз

Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Парламент олдида 2019 йилда мамлакатимизни ривожлантиришнинг энг муҳим устувор вазифаларига бағишланган Мурожаатнома билан чиқиш қилдилар.

Мурожаатномада, аввало, 2018 йил давомида мамлакатимизни янада тараққий эттириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган мақсад ва вазифаларнинг ижроси ҳамда “Фаол тадбиркорлик, иннавацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастурида белгиланган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши тизимли таҳлил қилиниб, уларга холисона баҳо берилди. Жумладан, Давлат дастури доирасида 21 триллион сўм ва 1 миллиард долларга тенг 76 мингта лойиҳа амалга оширилгани жорий йилда олиб борган ишларимизнинг натижаси экани қайд этилди.

Давлатимиз раҳбари мамлакатимиз буюк келажагини таъминлашнинг асосий омили бўлган иқтисодиёт соҳасида олиб борилаётган ўзгаришлар, янгиланишларга ҳамда олдимизда турган долзарб вазифаларга алоҳида эътибор қаратдилар.

Мурожаатномани чуқур ва атрофлича ўрганиш билан бир қаторда, поёнига етаётган йил мобайнида Президентимиз ташаббуслари билан соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларга назар ташлар эканмиз, миллий иқтисодиётга ҳақиқий бозор механизмлари жорий этилаётганини, тарихий янгиланишларга қўл урилганини ва улар амалиётда ўзининг ижобий самарасини бераётганини, бу муҳим йўналишда амалий натижадорлик ва самарадорлик биринчи ўринга чиққанини кўришимиз мумкин.

Хусусан, миллий валютамиз – сўмнинг эркин конвертациясига йўл очилгани, фискал сиёсатдаги тарихий ўзгаришлар, тадбиркорликнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишнинг янада кучайтирилгани, бизнес ва инвестициявий муҳитнинг жиддий яхшилангани бугун ўзининг ижобий натижаларини бермоқда. Энг муҳими, улар бугун инсон манфаатларини таъминлашга хизмат қилаётир.

Таъкидлаш жоизки, соҳани такомиллаштириш борасида муҳим қонунлар ва давлатимиз раҳбарининг қатор Фармон ва Қарорлари қабул қилиниб, амалиётга жорий этилди.

Уларда асосий эътибор тармоқлар ва ҳудудларда мавжуд муаммолар ҳамда камчиликларни бартараф этишга, фаол инвестиция сиёсатини юритишга, инновация ютуқларидан кенг фойдаланишга, мамлакат иқтисодиётининг рақобатбардошлигини, экспорт салоҳиятини оширишга, ҳудудларни комплекс ва жадал ривожлантиришга, иқтисодиётни бошқаришдаги давлат ролини камайтириш, унинг органлари ишини тубдан яхшилашга қаратилди.

Солиқ ва бюджет сиёсатида солиқ маъмурчилигини яхшилаш, солиқларнинг йиғилувчанлигини ошириш, солиқ солиш тизимини соддалаштириш ҳамда бюджетлараро муносабатларни такомиллаштириш борасида жиддий ўзгаришларнинг амалга оширилиши ҳудудларда 5,5 триллион сўм қўшимча маблағ қолдирилишига замин бўлди. Бу натижа ўтган йилга нисбатан 6 баробар, 2016 йилга нисбатан эса, 32 баробар кўп экани бошланган ислоҳотларнинг нақадар тўғри эканидан далолатдир.

Якунланаётган йилда соҳада бугунги кун талабларига жавоб берадиган тизимли ислоҳотларнинг амалга оширилиши уни мутлақо янги асосда ташкил этиш, янада эркинлаштириш, ишлаб чиқаришни модернизация ва диверсификация қилишнинг янги имкониятларини очиб берди.

Давлатимиз раҳбари томонидан 2019 йилга “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” деб ном берилиши ҳам айнан миллий иқтисодиётимизни янада кучайтириш, унинг рақобатбардошлигини таъминлашга қаратилгани билан эътиборлидир.

Шу муносабат билан Мурожаатномада буюк келажагимизни таъминлаб берадиган иқтисодиёт соҳасида янги йилда амалга оширишимиз зарур бўлган устувор йўналишлар ва аниқ вазифалар белгилаб берилди.

Мурожаатномада келаси йилга очиқ иқтисодиётга, соғлом рақобатга, бизнес ва инвестиция муҳитини яхшилашга зарур шароитларни яратиш, соҳада давлат иштирокини камайтириш, хусусий секторни жадал ривожлантириш орқали янги иш ўринларини кўпайтириш, иқтисодиётни модернизация ва диверсификация қилиш, меҳнат унумдорлигини ошириш эвазига юқори иқтисодий ўсишни таъминлаш, «яширин» иқтисодиётга қарши курашиш, валютани эркинлаштириш сиёсатини изчил давом эттириш, барқарор монетар сиёсатни амалга ошириш, инфляцияни жиловлаш ҳамда иқтисодиётни ривожлантиришга доир стратегик масалаларни рўёбга чиқаришга қодир малакали кадрларни тайёрлаш каби ўта муҳим, долзарб вазифалар белгилаб берилди.

Яна бир муҳим вазифа сифатида давлатимиз раҳбари етакчи соҳа ва тармоқларда юқори қўшилган қийматга эга маҳсулот яратишни жадаллаштириш, уни биринчи навбатда қўллаб-қувватлашни ҳамда иқтисодиёт ривожига жиддий туртки берадиган соҳаларни ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиб, амалга ошириш зарурлигини илгари сурдилар.

Катта ишонч билан айтиш мумкинки, бу каби ғоя ва ташаббусларнинг ҳаётга жорий этилиши макроиқтисодий барқарорликни, юқори иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлашга хизмат қилади.

Ушбу ва бошқа вазифаларни амалга ошириш ҳамда амалиётга жорий этиш бугунги кунда жонажон Ватанимиз тараққиётини янги босқичга кўтаришда, инновацион ва индустриал ривожланиш сари одимлашда беқиёс ўрин эгалламоқда.

Умуман айтганда, давлатимиз раҳбари томонидан Мурожаатномада белгилаб берилган энг муҳим йўналишлар ва устувор вазифаларнинг ҳаётий рўёби, шубҳасиз, келажакда эркин бозор талабларига тўла жавоб берадиган, замонавий илм-фан ва инновация ютуқларини ўзида мужассам этган тизим ҳамда механизмларни яратиш асосида иқтисодиётимизнинг рақобатдошлигини таъминлашга, мамлакатимиз экспорт салоҳиятини юксалтиришга, ички бозорларимизни сифатли, арзон, харидоргир маҳсулотлар билан тўлдиришга, аҳоли бандлигини таъминлашга, энг муҳими, халқимиз турмуш фаровонлигини янада оширишга хизмат қилади.

 Абдурашид ТЎХТАБОЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси депутати


Кўришлар сони: 2617

Депутатлар минбари

Янгиликлар

22.07.2019
Депутатлар жариманинг 70 фоизини тўлаш ғоясини илгари сурди

2019 йил 22 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Мамлакат...

20.07.2019
Миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик — демократик жамиятнинг асосий тамойилларидан бири

Пойтахтимиздаги Корейс маданияти ва санъати уйида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар ...

19.07.2019
ЎзХДП фракцияси фаолияти юзасидан ахборот берди

Қонунчилик палатасига киритилган қонун лойиҳалари бўйича фракциянинг 134 та таклифи ишлаб чиқилиб, ...

Тадбирлар тақвими