Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Ислоҳотлар самараси: Замонавий армия, мустаҳкам мудофаа, салоҳиятли аскарлар

Ислоҳотлар самараси: Замонавий армия, мустаҳкам мудофаа, салоҳиятли аскарлар

Мозийга қайтиб

Тарих гувоҳ, ҳар бир қудратли давлатнинг асосий таянчи унинг халқи ва лашкари, замонавий тилда айтганда, армияси ҳисобланган. Ҳарбий маҳорати юқори бўлган қўмондон ва лашкарбошилар, баҳодирлар алоҳида эъзоз топган, юксак даражада қадрланган. Ер юзининг уч қитъасида давлат тузган Соҳибқирон бобокалонимиз Амир Темур ўгитлари жамланмаси “Темур тузуклари”да лашкар тузиш, унга тартиб бериш, баҳодирларни эъзозлаш, аскарни қадрлаш борасида муҳим ўгитларни баён этган.

Жумладан, “Аскарни энг қуйи мартабадан олий мартабагача тарбиялаб кўтариш тузуки”да шундай ўгитни ўқиймиз: “Қайси бир сипоҳий ўзини кўрсатган бўлса, рағбатлантириб ҳақини адо этсинлар. Қайси бир сипоҳий хизматда юриб қарилик ёшига етаркан, уни ойлик-ҳакдан маҳрум этмасинлар ва мартабасидан туширмасинлар. Ҳеч бир сипоҳийнинг хизмати назардан четда қолмасин. Чунки улар давлат хизматида экан, боқий ҳаётларини фоний дунё нақди учун аямаганининг ўзи ҳам инъомга ва моддий таъминотга лойиқлигини билдиради. Уни инъомидан маҳрум қилиб, хизматларини кўрсатмасалар, ноинсофлик қилган бўлурлар”.

Шу сўзларнинг ўзиёқ Амир Темур ўз лашкарига, сипоҳийларига қанчалик даражада эътиборли эканидан, узоқни кўзлаб сиёсат юритганидан дарак беради. Яна бир буюк бобокалонимиз, моҳир лашкарбоши, ўн икки минглик қўшин билан рақибнинг юз минглик қўшинини мағлуб этган Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг сипоҳийларига кўрсатган намунаси, туни билан биргаликда қўриқчилик қилгани, аскарлари билан қорда кўмилиб ухлагани, оғир паллаларда қўшинини қандай руҳлантиргани ҳақидаги маълумотлар тарихий манбаларда битиб қўйилган.

Биз ана шундай моҳир лашкарбошиларнинг, элим, юртим деб яшаган бобокалонларнинг авлодимиз. Бугунги кунда уларнинг ишларини муносиб давом эттириш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, армиямизнинг қудратини юксалтириш, замонавий ва тезкор ҳаракатланувчи, даврнинг долзарб чақириқларига муносиб жавоб бера оладиган армияни тузиш борасида Президентимиз раҳнамолигида кенг кўламда ишлар олиб борилмоқда.

 

Ислоҳотлар кўлами

Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, Хавфсизлик кенгашининг жорий йил 10 январда бўлиб ўтган мажлисида Президентимиз томонидан белгилаб берилган йўналишлар амалиётга изчиллик билан татбиқ этилмоқда. Қуролли Кучларни ислоҳ қилишга оид 46 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди. 2018 йилнинг 9 январида “Ўзбекистон Республикасининг Мудофаа доктринаси тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди.

Қисқа давр ичида ҳарбий қисмларнинг тузилмалари тўлиқ янгиланди. Самарасиз ва бир-бирини такрорлайдиган ҳарбий қисмлар қисқартирилди. Бунинг натижасида қўшинларни сақлаб туришга кетадиган харажатлар камайди. Озиқ-овқат билан таъминлашда аутсорсинг тизими жорий этилди. Бу ҳарбий бўлинмалар жанговар тайёргарлигини ошириш, вақт кўрсаткичларини икки баробар қисқартириш имконини берди.

Ҳудудларда ҳарбий-маъмурий секторлар ташкил этилди ва улар самарали фаолият юритмоқда. Биринчи марта давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарлари, вилоят ҳокимлари ва уларнинг ўринбосарлари иштирокида йиғинлар ўтказилди. Соҳага ихтисослашган корхоналарни бирлаштирадиган Мудофаа саноати давлат қўмитаси ташкил этилди.

Ҳарбий хизматчилар, уларнинг оила аъзолари ва соҳа фахрийларини ижтимоий ҳимоялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бугунга қадар ҳарбий хизматчиларга 56 та уй топширилди. 1 минг 500 дан зиёд ҳарбийлар уй-жой билан таъминланди. Яна 74 та уй қурилиши давом этмоқда.

Бу ислоҳотлар негизида Бош қомусимиз, ҳуқуқий давлатчилигимиз асоси ҳисобланмиш Конституциямиз туради. Бош қомусимизнинг XVI — Мудофаа ва хавфсизлик боби, 125-моддасида шундай дейилади: “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Ўзбекистон Республикасининг давлат суверенитетини ва ҳудудий яхлитлигини, аҳолининг тинч ҳаёти ва хавфсизлигини ҳимоя қилиш учун тузилади. Қуролли Кучларнинг тузилиши ва уларни ташкил этиш қонун билан белгиланади”.

Мамлакатимизда армиямизнинг мудофаа салоҳияти, қудрати оширилмоқда. Ташқи сиёсатда эса тинчликсеварлик, биродарлик ва дўстлик сиёсати юритилмоқда. Армиямиз қудратини оширишдан кўзланган асосий мақсад зиддиятлар тобора кучайиб бораётган бугунги кунларда мамлакатимиз тинчлигини таъминлашдир. Зеро, Конституциямизнинг 126-моддасида таъкидланганидек: “Ўзбекистон Республикаси ўз хавфсизлигини таъминлаш учун етарли даражада Қуролли Кучларига эга”. Бу ўринда “Темур тузуклари”да баён этилган яна бир ўгитни келтириб ўтмоқ жоиз: “Амр қилдимки, душман уруш очмагунича ўзларича жангга кирмасинлар”.

 

Сергак ва серғайрат армия

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев кўрсатмасига биноан, Мудофаа вазирлиги қўшинларининг жанговар тайёргарлигини текшириш учун жорий йил 26 ноябрь эрта тонгда қўшинлар “Тревога!” сигнали билан юқори жанговар шайлик ҳолатига келтирилди. Мазкур тадбирдан кўзланган энг асосий мақсад жорий йил давомида Мудофаа вазирлиги қўшинлари ва бошқарув органларида амалга оширилган ишларни баҳолаш ҳамда таҳлил қилишдан иборат эди. Ҳозирга қадар Ўзбекистон армиясида бу каби текширув ўтказилмаган эди.

Давлатимиз раҳбари 28 ноябрь куни Чирчиқ дала ўқув майдонида юқори даражадаги жанговар шайликка келтирилган бўлинмаларнинг махсус-тактик машқларини кузатди. Шу куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган таркибдаги йиғилишида Президентимиз ёшларда ҳарбий-ватанпарварлик руҳини мустаҳкамлаш масаласига алоҳида эътибор қаратди. 
Аскарлар, ҳарбий хизматчилар шонли тарихимиз, юртимизда яшаб ўтган буюк қаҳрамонлар, саркарда ва қўмондонлар ҳаёти ва жасоратини чуқур билиши, улар билан ғурурланиши лозимлигини, Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди каби аждодларимизнинг ғалабалари, стратегия ва тактикаларини дунёдаги кўплаб ҳарбий мактаб ва академияларда бугун ҳам ўрганишаётганини алоҳида қайд этди. Давлатимиз раҳбари аскарлар Ўзбекистон тарихи ва “Темур тузуклари” фанидан синов топшириши кераклиги, илғор ҳарбий қисмларга улуғ саркардаларимизнинг номини бериш, моҳир лашкарбоши боболаримиз ҳақида илмий тадқиқотлар, бадиий китоблар, фильмлар яратишга доир кўрсатмалар берди.

 

Галдаги вазифалар

Президентимиз яна бир неча муҳим масалаларга ҳам эътибор қаратди. Мамлакатимиз тинчлиги ва хавфсизлигини ишончли таъминлаш билан бевосита боғлиқ бўлган ҳарбий таълим масаласига биринчи даражали эътибор қаратиш, мактаблардаги ҳарбий тайёргарлик дарсларига шу ҳудудда хизмат қилаётган, юксак инсоний фазилатлар ва касбий хусусиятларга эга офицерларни жалб этиш, ўқувчиларни ҳарбий қисмларга олиб бориш ва хизмат жараёнлари билан яқиндан таништириш бўйича топшириқлар берилди.

Хусусан, бугунги куннинг ўзига хос талаблари, давр чақириқларини ҳисобга олиб руҳан чиниққан аскарларни тарбиялаш, уларни психологик жиҳатдан юксак даражада тайёрлаш масаласига алоҳида тўхталиб ўтди. Бу жараёнда замонавий методлар, инновацион ғоялардан фойдаланиш, шонли тарихимиз, буюк саркардалар ҳаёти ва меросини ўрганиш муҳим ўрин тутади.

Шунингдек, ҳарбий хизматга чақирилувчиларни тиббий кўрикдан ўтказишнинг мутлақо янги, самарали тизимини яратиш, ҳарбий хизматга чақирув комиссияларининг фаолиятини ислоҳ қилиш, замонавий талаблар асосида шаффоф ва мукаммал тизим яратиш масаласи Президентимиз томонидан алоҳида таъкидланди. Бу жараёнда амалга оширилиши керак бўлган ишларга урғу берилди.

Бундан ташқари, ҳарбий хизматга чақирув муддатини совуқ қиш кунларида амалга ошириш ҳам ўзини оқламаётган амалиёт экани қайд этилди. Эндиликда, муддатли ҳарбий хизматга чақирилаётган ёшлар она Ватан олдидаги муқаддас бурчларини ўташни баҳор ойларида бошлаши кераклиги борасида топшириқлар берилди. Чунки, бу фаслда об-ҳаво анчайин иссиқ бўлади, аскарларнинг ҳарбий ҳаётга кўникиши осон кечади, улар учун қулай шароит яратилади. Бу эса Президентимиз томонидан бўлажак аскарларга кўрсатилаётган оталарча ғамхўрликнинг яққол намунасидир.

 

Парламент назорати

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган таркибдаги йиғилишида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва парламент олдида турган бир қатор муҳим вазифалар ҳам белгилаб олинди. Хусусан, Мудофаа доктринасининг амалга оширилиши устидан парламентнинг доимий назоратини ташкил қилиш лозимлиги қайд этилди. Бунда қўмиталар аъзоларининг жойларга, ҳарбий қисмларга мунтазам равишда чиқишларини ташкил қилиш, Қуролли Кучлар таркибий тузилмалари раҳбарларининг ахборот ва ҳисоботларини Қонунчилик палатаси ва қўмита йиғилишларида доимий эшитиб бориш ҳамда парламент назоратининг бошқа шаклларидан фойдаланилади.

Ҳар қандай ислоҳотнинг асосини қонунчилик ташкил этади. Шундагина ислоҳот кутилган натижасини беради. Чунки, пойдевори мустаҳкам биногина узоқ йиллар мобайнида хизмат қилади. Қуролли Кучларни модернизация қилиш жараёнида ҳам ҳуқуқий асосларни яратиш, мустаҳкам ва мукаммал қонунчиликка эга бўлиш долзарб масалалардан биридир. Бу жараёнда эса қонун чиқарувчи орган — парламент локомотив вазифасини ўташи керак бўлади.

Бундан ташқари, парламентнинг вакиллик функциясидан самарали тарзда фойдаланиш давр олдимизга қўяётган муҳим талаблардан биридир. Бу жараёнда депутатлар ва ҳарбийларнинг доимий мулоқотини йўлга қўйиш муҳим аҳамият касб этади. Шу мақсадда депутатлар сайлов округларига чиқиб, у ерда жойлашган ҳарбий қисмлар, таълим масканларида ҳарбий хизматчилар ва ёшларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасидаги ишларда мададкор бўлиши лозим. Маънавий-ахлоқий тадбирлар орқали юртимиздаги ҳар бир маҳалла, ҳар бир хонадонга кириб бориш, халқимизнинг армиямизга бўлган ишончини янада мустаҳкамлаш, ҳар бир фуқаро қалбида ватанпарварлик, юртга садоқат, фидойилик туйғуларини юксак даражада тарбиялаш ишларида фаоллик кўрсатиш муҳим аҳамият касб этади.

Хулоса ўрнида

Бугун юртимизда давлатимиз раҳбарининг турли соҳаларга оид ҳар бир қарори тез фурсатда амалга ошиб, ўз самараларини бермоқда. Ҳарбий тизимда берилган кўрсатмалар бугун ҳаётга татбиқ этилиб, Қуролли Кучларимиз, ҳарбий соҳада ҳам янгиланишлар бўй кўрсата бошлади. Эндиликда ҳар бир инсон, ҳар бир фуқаро бу борада ўзини масъул сезиб, чин дилдан меҳнат қилса, бирдамлик ва жипслик шиоримиз бўлса, олий мақсад йўлидаги эзгу ишларимиз ўз самараларини бериши шубҳасиз.

Раҳимжон ҲАКИМОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси


Кўришлар сони: 235

Депутатлар минбари

Янгиликлар

18.12.2018
Меҳнат миграцияси: Халқаро тажриба ва Ўзбекистон амалиёти

Бугунги глобаллашув жараёнида миграция масаласи тобора долзарблик касб этиб бормоқда. Маълумотларга...

18.12.2018
Атом энергетикаси бўйича «Росатом» Давлат корпорацияси бош директори биринчи ўринбосари билан учрашув

2018 йилнинг 18 декабрь куни парламент қуйи палатасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик...

18.12.2018
Профессор-ўқитувчиларнинг йиллик меҳнат таътили қисқарадими?

Иштирокчилар фикрига кўра, Ўзбекистон Республикасининг бирор-бир норматив-ҳуқуқий ҳужжатларида таълим...

Тадбирлар тақвими