Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Кластерлар: Ҳуқуқий асос яратилиш остонасида

Кластерлар: Ҳуқуқий асос яратилиш остонасида

Бугун мамлакатимизда тўқимачилик саноатининг жадал ривожланишини таъминлаш, юқори сифатли ва рақобатбардош тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш, уни йирик хорижий бозорларга чиқаришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимиз ташаббуси билан бу борада, айниқса, кластер пахтачилик ва тўқимачиликнинг лакомотивига айланмоқда.

Биласиз, кластер – битта соҳага бирлашган ва бир-бири билан узвий алоқада бўлган корхоналар гуруҳи. Янада соддароқ қилиб айтганда, пахта экишдан то тайёр маҳсулотгача бўлган жараённи ягона технологик занжирга бирлаштирадиган тизим.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 14 декабрдаги “Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисидафармони соҳадаги муҳим ислоҳотлар ўтказишга туртки бериб, тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини жадал ривожлантиришга хизмат қилмоқда. Унинг амалий ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 31 мартдаги қарори билан пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ва кластерлари фаолиятини ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгиланган.

Республикамизда бугунги кунга келиб 15 та пахта тўқимачилик кластери ташкил қилинди. Йил охиригача уларнинг сони 59 тага етиши мўлжалланмоқда.

Жаҳон бозорида 1 килограмм пахта толаси 1-1,5 АҚШ долларига баҳоланади. У йигирилиб, калава ип қилинса, қиймати 7-8 долларга, агар ундан мато тўқилиб, тайёр маҳсулот, дейлик, 3 та эркаклар кўйлаги тикилса, қўшимча қиймат яна ортиб, 100 долларга айланади. Ёки кластер тизимида қайта ишланган 1 килограмм толадан тўқилган мато битта “Деним-индиго” жинси тикиш учун етарлидир. Бундай маҳсулот дунё бозорида 500-1000 долларгача сотилишини инобатга олсак, даромаду мақсад-муддаонинг моҳияти дарров англашилади.

Келинг, шу ўринда яна айрим жиҳатларга эътибор қаратайлик. Биргина аграр ва тўқимачилик соҳасида кластер тизимини таҳлил этадиган бўлсак, жорий йилда 20 та туманда 164 минг гектар майдонда кластер усулида пахта етиштириш йўлга қўйилди.

Ўзини оқлаётган бу тизимни янада кенгайтириш мақсадида 2019 йилда 61 та кластер томонидан жами пахта майдонларининг 51 фоизида пахта етиштириш режалаштирилган. Келгусида уни етиштирувчи 133 та тумандан 70 таси тўлиқ кластер тизимига ўтади. Янги ташкил этилаётган кластерлар томонидан 41 та корхона ташкил этилиб, 23 мингга яқин иш ўрни яратилади. 2019 йилда ишлаб чиқарилаётган толанинг 78 фоизи Ўзбекистонда қайта ишланади. 2020 йилга бориб эса, толани тўлиқ қайта ишлашга ўтилади. Тайёр маҳсулотларни ишлаб чиқариш улуши 40 фоиздан камида 60 фоизга етказилади. 

Пахта-тўқимачилик кластерларига берилган барча имтиёзларни кейинги йилларда ҳам татбиқ этиш, улар фаолиятини янада кенгайтириш мақсад қилинган.

Шу боис, давлатимиз раҳбари кластерлар фаолиятига ҳар томонлама  кўмаклашиш зарурлиги, пахтачиликда қишлоқ хўжалигининг келажаги, унинг иқтисодий самарадорлиги кластерлар билан боғлиқлиги, мазкур тизим аграр соҳани жадал ривожлантиришнинг локомотиви бўлиши кераклигини қайта-қайта таъкидламоқда.

Демак, мамлакатимиздаги пахта етиштирувчи туманларнинг ярмидан ортиғи тўлиқ кластер тизимига ўтар экан, албатта, бу жараёнда ҳуқуқий асос мустаҳкам бўлиши айни муддао. Тўғри, айни пайтда 700 дан ортиқ қонунимиз мавжуд. Эътиборга молик жиҳати, уларнинг 400 дан зиёди иқтисодиёт соҳасига дахлдор. 150 дан ортиқ қонун ёки улардаги айрим нормалар эса, бевосита тадбиркорлик, хусусий секторга тааллуқли. Бироқ кластерлар соҳаси ва фаолиятини тартибга солувчи яхлит ҳуқуқий ҳужжат мавжуд эмас. Ваҳоланки, ҳар қандай ислоҳот жорий этиш, амалга ошириш, натижадорлик ва оқибат жараёнларини ўзида мужассам этади. Соддароқ қилиб айтганда, ислоҳотлар самараси уни ҳаракатлантирувчи ҳуқуқий формулага асосланади. 

Шу маънода, кластерлар фаолиятини ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, бу борада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг оғишмай ижро этилишини таъминлашга қаратилган яхлит қонунчилик базасини шакллантиришга зарурат туғилмоқда.

Кези келганда бу борадаги ислоҳотлар жараёнида амалдаги мавжуд миллий қонунлар ва қонуности ҳужжатлари ижросини таъминлаш, турли қонун ҳужжатлари ўртасидаги зиддиятлар хусусида ҳам қисқача мулоҳаза юритсак. Хусусан, “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги қонунда бундай ҳужжатларнинг юридик кучи белгилаб қўйилган. Яхлит қонунларнинг ўрни бошқа қонун ҳужжатлари билан таққослаганда ҳар доим ҳам устун мавқега эга бўлиши керак. Амалда ҳам шундай ҳолат изчиллик касб этсагина, меъёрлар тўғридан-тўғри ҳаётга татбиқ этилади.

Айнан шу қонунларнинг ишлаши эса, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат тузилмаларининг қонун ижодкорлиги фаолиятининг тизимли таҳлилини ташкиллаштириш, улар томонидан киритиладиган ёки қабул қилинадиган қонун ҳужжатлари ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларининг Конституциямиз, мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотларнинг мақсад-вазифаларига, шунингдек, қонунчилик техникаси қоидаларига мувофиқлигини аниқлаш юзасидан ҳар томонлама экспертизани амалга ошириш адлия органлари фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири саналади. Шу асосда адлия органлар томонидан 20 турдан ортиқ ҳужжатлар норматив-ҳуқуқий ҳужжат сифатида ҳуқуқий экспертизадан ўтказилган. Маълумотларга кўра, ўрганилган 9 ой давомида бундай ҳужжатларни туркумлаш соҳасидаги қонунбузилиши ҳолатларини бартараф этиш юзасидан маҳаллий давлат ҳокимияти органларига 231 та тақдимнома киритилган, 310 та қонун ҳужжатларига зид равишда қабул қилинган қарорлар бекор қилинган.

Умуман олганда, бугун мамлакатимизда шиддат билан амалга оширилаётган ислоҳотларни янада жадаллаштиришда қатор соҳавий муносабатлардаги ҳуқуқий жиҳатдан ечимини кутаётган бир қатор қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш, мавжудларидаги ёки уларнинг айрим нормаларидаги жиддий камчиликлар ҳамда ўзаро зиддиятли масалаларни бартараф этиш олдимизда турган энг долзарб масалалардан бири бўлиб қолмоқда. Буларни ечиш эса, парламент аъзоларидан қонун ижодкорлиги соҳасидаги фаолиятда мазкур жиҳатларга алоҳида эътибор билан ёндашиш лозимлигини талаб этади. Зеро, кластер сингари иқтисодиётимизга кириб келаётган мутлақо янги тизим, амалиёт кучли ҳуқуқий асосга таянган ҳолда, гуркираб ривожланмоғи, ҳам давлатимизнинг ютуғи, ҳам халқимизнинг фаровонлигини таъминлашга хизмат қилмоғи лозим.

Зафар ХАНИЯЗОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзЛиДеП фракцияси аьзоси


Кўришлар сони: 65

Депутатлар минбари

Янгиликлар

18.12.2018
Меҳнат миграцияси: Халқаро тажриба ва Ўзбекистон амалиёти

Бугунги глобаллашув жараёнида миграция масаласи тобора долзарблик касб этиб бормоқда. Маълумотларга...

18.12.2018
Атом энергетикаси бўйича «Росатом» Давлат корпорацияси бош директори биринчи ўринбосари билан учрашув

2018 йилнинг 18 декабрь куни парламент қуйи палатасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик...

18.12.2018
Профессор-ўқитувчиларнинг йиллик меҳнат таътили қисқарадими?

Иштирокчилар фикрига кўра, Ўзбекистон Республикасининг бирор-бир норматив-ҳуқуқий ҳужжатларида таълим...

Тадбирлар тақвими