Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Феруза ЭШМАТОВА: Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлаган ҳужжат

Феруза ЭШМАТОВА: Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлаган ҳужжат

Инсон, унинг манфаатлари ва эҳтиёжлари борасида ғамхўрлик қилган жамият ривожланади, келажакка дадил боқади, халқаро майдонда обрў-эътибор қозонади. Демократик принципларни жамият ҳаётига сингдириш, инсон қадр-қимматини ва шаънини улуғлашдек эзгу тамойилларни ўзида мужассам этган Бош Қомусимизнинг қабул қилиниши ҳамда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси билан ҳамоҳанг тарзда амалиётга татбиқ этилиши мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя  қилишнинг мустаҳкам ҳуқуқий кафолати бўлди.

Мамлакатимизнинг асосий Қонуни – Ўзбекистон Республикаси Конституциясини тайёрлаш ва қабул қилишда ушбу умуминсоний олий қадрият асос қилиб олинган. Шунинг учун ҳам Конституциямиз халқаро ҳамжамият томонидан умумбашарий инсонпарварлик ва демократик мезонларга тўла жавоб берадиган ҳужжат сифатида якдиллик билан эътироф этилган.

Бугунги кунда мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат қуриш, қонун олдида барчанинг тенглиги, кучли ижтимоий муҳофаза сиёсатини юритиб, ислоҳотларни босқичма-босқич амалга ошириш каби қатор муҳим инсонпарвар ғоялар Конституциямизда белгилаб қўйилган асосий принципларга таянган ҳолда кундалик ҳаётимизга кенг татбиқ этилмоқда.

Шу билан бирга, Конституциямизда белгилаб қўйилган ушбу кафолатларни инобатга олган ҳолда, ўтган давр мобайнида юртимизда соҳада амалга оширилиши лозим бўлган қатор стратегик йўналишлар белгилаб олинган. Жумладан, Конституциямизда белгилаб қўйилган инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолатларини амалга ошириш мақсадида мамлакатимизда мустақилликка эришгандан кейин қисқа давр ичида инсон ҳуқуқлари масалалари билан шуғулланувчи миллий институтлар ташкил топди. Масалан, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази, Адлия ва Ички ишлар вазирликлари ҳамда Бош прокуратурадаги инсон ҳуқуқлари бўйича махсус бўлинмалар ташкил этилди. Мустақиллик йилларида 16 кодекс, инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини таъминлашга қаратилган 700 дан зиёд қонун қабул қилинди. Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бўйича етмишдан ортиқ халқаро ҳужжатга қўшилган, БМТнинг ўнта асосий ҳужжатини ратификация қилган.

Қолаверса, Асосий Қонунимизнинг 30 дан ортиқ моддаси бевосита инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига бағишланган. Конституциямиз Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг деярли барча принципиал қоидаларини ўзида мужассамлантирган.

Юртимизда қонунларга оғишмай амал қилиш механизмини ишлаб чиқиш ва ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳаларида қонун устуворлигини таъминлашга ҳам устувор вазифа сифатида қаралади. Мазкур соҳада инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият эканидан келиб чиқиб, ўтган йиллар мобайнида инсоннинг шахсий, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида бир қатор қонунлар қабул қилинди. Ўзбекистон Республикаси Жиноят, Жиноят-процессуал, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекслари, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”, “Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида”, “Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”, “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”, “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”, “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги, шу билан бирга, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги каби қонунлар шулар жумласидандир. Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 28 декабрдаги Фармони билан жойларда Халқ қабулхоналарининг ташкил қилиниши бу борадаги ишларни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқди. Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқ учун хизмат қилиши қатъий белгиланди.

Асосий қомусимизда инсоннинг ижтимоий ҳуқуқларига ҳам катта эътибор қаратилган. Айниқса, меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш, ишсизликдан ҳимояланиш, дам олиш, ижтимоий таъминот олиш каби ҳуқуқлар мустаҳкамлаб қўйилган. Ушбу ҳуқуқларни таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси, “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”, “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”, “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги каби қонунлар қабул қилинган.

Айтиш жоизки, бугунги кунда инсон ҳуқуқлари бузилишининг олдини олиш, уларни мукаммал даражада ҳимоялаш, инсон учун энг муносиб турмуш тарзини, фаровон ҳаёт шароитини яратиб бериш мақсадида давлатимиз томонидан аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Албатта, кенг кўламли ислоҳотларнинг асосий мақсади юртдошларимиз учун фаровон ва муносиб турмуш шароитларини яратишдир. Бунда инсон ҳуқуқларининг кафолати бўлмиш Конституциямиз мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда. Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгиланган норма ва принциплар демократик ҳуқуқий давлат қуриш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда муҳим дастуруламалдир. Шу боис Асосий Қонунимизда белгиланган барча эзгу ғояларни тўлақонли рўёбга чиқариш учун уни янада синчковлик билан ўрганишимиз, тарғиб қилишимиз мақсадга мувофиқдир.

Феруза ЭШМАТОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати


Кўришлар сони: 88

Депутатлар минбари

Янгиликлар

18.12.2018
Меҳнат миграцияси: Халқаро тажриба ва Ўзбекистон амалиёти

Бугунги глобаллашув жараёнида миграция масаласи тобора долзарблик касб этиб бормоқда. Маълумотларга...

18.12.2018
Атом энергетикаси бўйича «Росатом» Давлат корпорацияси бош директори биринчи ўринбосари билан учрашув

2018 йилнинг 18 декабрь куни парламент қуйи палатасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик...

18.12.2018
Профессор-ўқитувчиларнинг йиллик меҳнат таътили қисқарадими?

Иштирокчилар фикрига кўра, Ўзбекистон Республикасининг бирор-бир норматив-ҳуқуқий ҳужжатларида таълим...

Тадбирлар тақвими