Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Шуҳрат ПОЛВАНОВ: Коррупцияга қарши курашишда парламентнинг роли ортиб бормоқда

Шуҳрат ПОЛВАНОВ: Коррупцияга қарши курашишда парламентнинг роли ортиб бормоқда

Мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш борасида ўтган қисқа давр ичида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Айниқса, тараққиёт кушандаси — коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш бўйича муҳим амалий қадамлар ташланди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи тартибида Олий Мажлис Қонунчилик палатасига “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни киритилгани ва кейинчалик парламент мазкур қонунни қабул қилгани коррупцияга қарши курашиш борасидаги аниқ амалий ишларнинг изчиллик касб этишига асос бўлди.

Мазкур қонунда фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари, қонуний манфаатларининг устуворлиги, очиқлик ва шаффофлик тамойиллари, давлат ҳамда фуқаролик жамияти ҳамкорлиги, коррупция борасида жавобгарликнинг муқаррарлиги каби принципларга алоҳида эътибор қаратилди.

Маълумки, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун қоидаларининг самарали ижросини таъминлаш, жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш мақсадида Президентимизнинг 2017 йил 2 февралдаги қарори билан 2017 – 2018 йилларга мўлжалланган коррупцияга қарши курашиш бўйича Давлат дастури ҳам тасдиқланган эди.

Мазкур дастур доирасида белгиланган 5 та тадбир ижроси бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳам масъул этиб белгиланган. Унга кўра, дастур доирасида давлат органларининг коррупцияга қарши курашиш борасидаги фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш бўйича муносабатларини тартибга солувчи “Жамоат назорати тўғрисида”ги қонун лойиҳаси бевосита депутатларимиз томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи тартибида киритилди. Қонун парламент қуйи палатаси томонидан 2017 йил 15 ноябрда қабул қилинди, Сенат томонидан 2018 йил 29 мартда маъқулланди.

Шу билан бирга, парламент “Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқилиши бўйича ҳам масъул бўлиб, бу қонун Қонунчилик палатаси томонидан 2017 йил 15 августда қабул қилинди, Сенат томонидан 2017 йил 24 августда маъқулланди. Ушбу қонун билан норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тарқатишнинг таъсирчан ташкилий-ҳуқуқий механизмлари кенг жорий этилди. Аҳолига норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мазмун-моҳияти ҳамда мақсадларини тушунтириш, юртдошларимизни кенг хабардор қилиш бўйича чоралар кўрилди. Олий Мажлис палаталарининг, Вазирлар Маҳкамасининг, бошқа давлат органларининг аҳоли ва ижрочиларга қонун ва қонуности ҳужжатларини етказиш бўйича аниқ ваколатлари белгиланди.

Парламент томонидан Давлат дастурида «Парламент назорати тўғрисида»ги қонун доирасида, парламент назоратининг шаклларини кенг қўллаган ҳолда, коррупцияга қарши қонунчиликни рўёбга чиқариш бўйича назорат-таҳлил чораларини кўриш ҳам назарда тутилган бўлиб, бу борада Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, 2017 йил ва жорий йилнинг 1 октябрь ҳолатига кўра, 33 та парламент эшитуви ўтказилди, 6 та парламент сўрови юборилди ҳамда қўмиталар томонидан 66 та давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг ахборотлари эшитилди. Шунингдек, қўмиталар томонидан қонун ҳужжатларининг ижро ҳолатини ўрганишга қаратилган 50 дан зиёд тадбир ўтказилди.

Қонунчилик палатаси ва унинг қўмиталари томонидан ўтказилаётган мазкур тадбирларда аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, коррупцияга қарши курашиш масалаларига алоҳида, айтиш мумкинки, юқори даражада эътибор қаратиб келинмоқда. Бу масала, ҳатто, парламент  қуйи палатасининг 2018 йил 30 ноябрда бўлиб ўтган навбатдаги ялпи мажлисида ҳам атрофлича муҳокама этилиб, тегишли чора-тадбирлар белгилаб олингани фикримиз далилидир. Мажлисда қуйи палата фракциялари, қўмиталари коррупцияга қарши курашишда қонунчиликни рўёбга чиқариш бўйича аниқ мақсадга йўналтирилган назорат-таҳлил тадбирларига алоҳида эътибор қаратиши лозимлиги бот-бот таъкидлангани ҳам шундан.

Давлат дастурида, шунингдек, мамлакатда ҳуқуқий таълим ва маърифатни тубдан яхшилашга, ҳуқуқий билимларни жамиятда тарғиб этишга қаратилган Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш миллий дастурининг лойиҳасини тайёрлаш бўйича ҳам Олий Мажлис палаталари бевосита масъул этиб белгиланган.

Айни жиҳатдан келиб чиқиб, 2018 йил 15 март куни Қонунчилик палатасининг «Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш миллий дастурига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Мазкур қарор ва янги таҳрирдаги Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш миллий дастури 2018 йил 17 март куни Сенатга юборилди.

Бир сўз билан айтганда, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси юртимизда коррупциянинг ҳар қандай кўринишига қарши курашиш, жамиятимизда бундай иллатга муросасиз муносабат руҳини яратишда парламент ваколатлари доирасида барча назорат шаклларидан унумли фойдаланишни асосий мақсад этиб белгилаган. Бу мақсад ва вазифалар ижроси эса, юртимизда қонун устуворлигини таъминлашга хизмат қилади.  

Шуҳрат ПОЛВАНОВ,  

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси аъзоси


Кўришлар сони: 93

Депутатлар минбари

Янгиликлар

18.12.2018
Меҳнат миграцияси: Халқаро тажриба ва Ўзбекистон амалиёти

Бугунги глобаллашув жараёнида миграция масаласи тобора долзарблик касб этиб бормоқда. Маълумотларга...

18.12.2018
Атом энергетикаси бўйича «Росатом» Давлат корпорацияси бош директори биринчи ўринбосари билан учрашув

2018 йилнинг 18 декабрь куни парламент қуйи палатасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик...

18.12.2018
Профессор-ўқитувчиларнинг йиллик меҳнат таътили қисқарадими?

Иштирокчилар фикрига кўра, Ўзбекистон Республикасининг бирор-бир норматив-ҳуқуқий ҳужжатларида таълим...

Тадбирлар тақвими