Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Наримон УМАРОВ: Конституция – барқарор ривожланиш пойдевори

Наримон УМАРОВ: Конституция – барқарор ривожланиш пойдевори

Ватан озодлигини ҳис этиб яшаш, мустақиллик деб аталган буюк неъматдан баҳраманд бўлиб, ўз орзу-мақсадлари, эл-юрт фаровонлиги учун эркин меҳнат қилиш, изланиш, ўрганиш, яратиш инсон учун энг олий саодатдир. Мамлакатимиз истиқлолга эришганидан буён халқимиз ана шундай эзгу ва олий мақсадларни рўёбга чиқариб, яратувчилик, бунёдкорлик меҳнати билан тараққиёт довонларини ошмоқда. Таъкидлаш жоизки, барча муваффақиятларимизнинг ҳаётбахш манбаи бўлган Конституциямиз ҳуқуқ ва эркинликларимиз кафолати, тараққиётимизнинг мустаҳкам пойдевори, келажагимиз асоси эканини ёрқин намоён этиб келмоқда.

Мана, 26 йилдирки, Конституция кунини улуғ байрам сифатида фахру ғурур билан нишонлаб келмоқдамиз. Катта ёшдаги авлод вакиллари яхши биладики, шўро даврида юртдошларимиз учун Конституция сўзи юзаки бир маъно англатиб, шу номдаги ҳужжат қачон қабул қилинганлиги кўпчиликни қизиқтирмасди ҳам. Унда шунчаки номига белгилаб қўйилган эркинликлар ҳаётда ўз ифодасини топмасди.

Истиқлол туфайли халқимизнинг хоҳиш-иродасини ўзида акс эттирган мустақил мамлакатимизнинг Асосий қонунини ҳар биримиз бахтимиз қомуси, деб улуғлаймиз. Бу бебаҳо ҳужжатда ҳуқуқ ва эркинликларимиз кафолатланган, Бош қомусимиз асосида қабул қилинган қонун ҳужжатлари ҳар гал янгидан-янги имкониятлар эшигини очиб, манфаатларимиз рўёбга чиқиши, ташаббуслар қанот ёзишига, ўз салоҳиятимизни олам аро намоён этишга хизмат қилиб, мамлакатимиз тараққиётнинг янги-янги босқичларида дадил одимламоқда.

Мустақил ва суверен давлат сифатида шаклланиб, тарихан қисқа фурсат ичида жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллаган жонажон Ўзбекистонимиз бугунги кунда тенглар ичра тенг, жадал ривожланаётган мамлакат. Халқимизнинг юксак тафаккури, давлатчилик тарихимиз, умуминсоний қадриятлар мужассам ифодаланган Конституциямиз эришилган марралар, оламшумул ютуқларимизга мустаҳкам пойдевор бўлиб келмоқда. Миллий қонунчилигимиз асослари тобора мустаҳкамланиб, Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида барча соҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар, янгиланишлар изчил давом этмоқда.

Асосий қонунимизда кўппартиявийлик тизимининг эркин фаолияти, сиёсий партиялар ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг шаклланиши ва ривожланишига доир ҳуқуқий асослар белгилаб қўйилган. Фуқароларнинг ҳокимият вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш, давлат ва жамият ишларини бошқаришда иштирок этиш ҳуқуқлари кафолатланган.

Ўзбекистон “Адолат” СДП ҳам, аввало, Конституциямизда мустаҳкамланган меъёрлардан келиб чиқиб, ўз фаолиятини олиб бормоқда.

Хусусан, Бош қомусимизнинг 7-моддасида қайд этилган “Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан бир манбаидир” тамойилига амал қилган ҳолда партиянинг “Фракция-марказ-вилоят-туман” тизими асосида қонун лойиҳаларини партия тузилмаларида, депутатлик гуруҳларида муҳокама қилиш ва билдирилган таклиф-мулоҳазаларни фракцияга тақдим этиш вазифаси қўйилган.

Мазкур концепция асосида жорий йил бошидан буён 20 дан ортиқ қонун лойиҳалари жойларда муҳокамадан ўтказилиб, 100 га яқин асослантирилган таклифлар олинди. Бунда айниқса, илм-фан, таълим, тиббиёт, суд-ҳуқуқ ва адвокатура соҳаларига оид қонунчиликка тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилишига эришилди.

Давлат ҳокимиятининг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниши принципига риоя қилинган ҳолда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида фаолият олиб бораётган депутатлар, хусусан, партия фракцияси аъзолари ҳам айнан Конституцияда белгиланган ваколатлари доирасида фаолиятини ташкил этганлиги, депутатлар жамият ва давлатни бир-бирига боғлаб турувчи кўприк вазифасини бажараётгани ҳамда ижтимоий-сиёсий масалаларда халқ манфаатларидан келиб чиққан ҳолда парламентда қонунлар шаклланиши бўйича аниқ механизмлар битилгани Конституциямизнинг нечоғли мукаммаллигидан далолат беради.

Жумладан, фракциямиз аъзолари Бош қомусимизда акс этган нормалар асосида Ўзбекистон Республикасининг қонунларини қабул қилиш, уларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, Вазирлар Маҳкамаси тақдимига биноан Республикамиз Бюджетини қабул қилиш, парламент назорати ва бошқа бир қатор ваколатларни амалга оширишда фаоллик кўрсатиб келмоқда.

Шу ўринда Конституциямизнинг 40-42-моддаларида белгиланганидек, фуқароларимизнинг малакали тиббий хизматдан фойдаланиш, бепул умумий таълим олиш, илмий ва техникавий ижод эркинлиги таъминланиши каби ҳуқуқларини партиямиз ва фракциямиз аъзолари тўлиқ рўёбга чиқаришга қаратмоқда.

Таъкидлаш жоизки, Сайловолди дастуримизда белгиланган ижтимоий йўналишдаги энг муҳим вазифаларимиз сифатида аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш, дори-дармон воситалари билан таъминлашни яхшилаш, илм-фан, таълим-тарбия соҳаларига алоҳида эътибор қаратиш, ёш олимларнинг муаммоларини аниқлаш ва уларга ечим топиш каби масалалар диққат марказимизда бўлмоқда. Бу борада Соғлиқни сақлаш, Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими, Инновацион ривожланиш вазирликлари, Фанлар академияси билан самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Бунга мисол тариқасида “Таълим тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрири, “Фан тўғрисида”ги, “Инновацион фаолият тўғрисида”ги “Инсон органлари, тўқималари ва (ёки) ҳужайраларини трансплантация қилиш тўғрисида”ги, “Аҳолининг репродуктив саломатлиги тўғрисида”ги қонунлар лойиҳаларини кенг жамоатчилик ўртасида муҳокамадан ўтказган ҳолда уларни, энг аввало, халқимиз манфаатини кўзлаб такомиллаштириш ишлари олиб борилаётганини қайд этиш жоиз.

Шунингдек, Қонунчилик палатасидаги фракциямиз аъзолари Бош қомусимизнинг 83-моддасида кафолатланган ҳуқуқ, яъни қонун ташаббускорлиги ҳуқуқидан ҳам унумли фойдаланишга интилмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида фракциямиз аъзолари 10 га яқин қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишда ташаббус кўрсатди. “Қайта тикланувчи энергия манбалари тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида”ги, “Автомобиль йўллари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳалари шулар жумласидандир.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракцияси қонунчилик фаолиятини амалга ошириш билан бирга назорат-таҳлил фаолиятига ҳам алоҳида эътибор қаратмоқда.

Хусусан, жорий йилда олиб борилган ўрганишларда аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш ва ундан оқилона фойдаланиш ҳамда фуқароларни арзон ва сифатли дори-дармон воситалари билан таъминлаш, ижтимоий дорихоналарни ташкил этиш каби муаммолар кўп кўтарилган эди. Айнан шу масалалар Қонунчилик палатасида илк бор ташкил этилган “Ҳукумат соати” кун тартибига фракция ташаббуси билан киритилиб, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари раҳбарларининг ахбороти эшитилди.

Шунингдек, партиямиз томонидан жамоатчилик назорати тартибида “Ижтимоий соҳа ривожи — аҳоли фаровонлигининг гарови” лойиҳаси доирасида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ходимлар меҳнат фаолиятига оид ҳужжатларни давлат архивларига топшириш, жойларда ушбу соҳага оид қонунчиликка амал қилиш ҳолатлари ҳудудлардаги партия ташкилотларимиз ва маҳаллий Кенгаш депутатлари билан ҳамкорликда ўрганилди.

Ўрганиш натижаларига кўра, 2012-2017 йилларда 68 594 та ташкилот тугатилган бўлиб, улардан фақатгина 22 347 тасининг (32,6 фоизи) ҳужжатлари архив муассасаларида мавжудлиги маълум бўлди. Қолган 46 247 та (67,4 фоизи) тугатилган корхона ва ташкилотларнинг ҳужжатлари эса на вилоят архивида ва на туман (шаҳар) архивларида мавжуд эмаслиги аниқланди. Натижада фуқароларнинг меҳнат фаолиятига оид ҳужжатлар ва уларнинг кўп йиллик меҳнатини тасдиқловчи маълумотлар ташкилот раҳбарларининг ўз ишига масъулиятсизлиги туфайли йўқолиб кетганлиги аён бўлди. Бу эса меҳнат лаёқатини йўқотганда фуқароларимизнинг ижтимоий таъминот олишга доир конституциявий ҳуқуқини тўлиқ таъминлашда амалиётда ва қонунчилигимизда бўшлиқлар борлигини кўрсатиб берди. Ушбу камчиликларни бартараф этиш мақсадида ҳозирда “Ўзбекистон Республикасининг архив иши қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Маълумки, сайловчиларга берган ваъдаларимизни бажаришда партия лойиҳалари асосий механизмлардан бири саналади. Шундан келиб чиққан ҳолда партиямиз томонидан болаларнинг мактабгача таълим муассасаларига қамрови, мактабларда ўқувчиларнинг дарсликлар билан таъминланиш даражаси ва дарсликларнинг сифати, илғор технологиялар асосида ўқув услубларини жорий этиш, ўқувчиларнинг соғлом овқатланишини таъминлаш ҳолатини ўрганиш, таълим муассасаларида ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилаш, ўқувчиларга тиббий хизмат кўрсатиш тизими билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш, уюшмаган ёшларнинг бандлигини таъминлаш, атроф-муҳит тозалигини сақлаш каби масалаларга ҳам устувор аҳамият қаратиб келинмоқда.

Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси халқнинг бой турмуш тажрибасига асосланган ҳолда республика аҳолисининг миллий ва маданий анъаналарига, барча ижтимоий гуруҳлар ва қатламларнинг манфаатларига мос келадиган ҳақиқий демократик принципларни қарор топтириш кафолатидир. Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ҳам ўзининг кенг қамровли ғоя, мақсад-вазифаларидан келиб чиққан ҳолда бу жараёнда фаол иштирок этаверади.

 

Наримон УМАРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Спикери ўринбосари,

“Адолат” СДП фракцияси раҳбари


Кўришлар сони: 115

Депутатлар минбари

Янгиликлар

18.12.2018
Меҳнат миграцияси: Халқаро тажриба ва Ўзбекистон амалиёти

Бугунги глобаллашув жараёнида миграция масаласи тобора долзарблик касб этиб бормоқда. Маълумотларга...

18.12.2018
Атом энергетикаси бўйича «Росатом» Давлат корпорацияси бош директори биринчи ўринбосари билан учрашув

2018 йилнинг 18 декабрь куни парламент қуйи палатасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик...

18.12.2018
Профессор-ўқитувчиларнинг йиллик меҳнат таътили қисқарадими?

Иштирокчилар фикрига кўра, Ўзбекистон Республикасининг бирор-бир норматив-ҳуқуқий ҳужжатларида таълим...

Тадбирлар тақвими