Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Ўзбекистон — Тожикистон: cтратегик ҳамкорлик йўлида муҳим қадам

Ўзбекистон — Тожикистон: cтратегик ҳамкорлик йўлида муҳим қадам

Ҳозирги даврда жаҳон миқёсида шиддат билан кечаётган глобаллашув жараёнлари ҳар бир минтақа ва мамлакат олдига кўплаб долзарб масалаларни ўзаро ҳамкорликда ечиш вазифасини кун тартибига қўймоқда. Даврнинг ўзи тақозо этаётган ушбу масалаларни ҳар бир минтақа давлатлари, албатта, ўзаро ишонч ва кенг кўламли ҳамкорлик асосида ечиши мумкин.   

Ўзбекистоннинг янги тараққиёт босқичидаги ташқи сиёсати айнан шу тамойиллар асосида изчил амалга оширилаётганини кўришимиз мумкин. 2017 йил 19 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқида “Марказий Осиёнинг қоқ марказида жойлашган Ўзбекистон ушбу минтақа барқарорлик, изчил тараққиёт ва яхши қўшничилик ҳудудига айланишидан бевосита манфаатдордир. Тинч-осойишта, иқтисодий жиҳатдан тараққий этган Марказий Осиё – биз интиладиган энг муҳим мақсад ва асосий вазифадир”, деган фикри мамлакатимиз ташқи сиёсатининг устувор мақсадларидан бирини баён этибгина қолмай, минтақамизнинг халқаро майдондаги ўрни ва ролини янада оширишга қаратилган муҳим даъват бўлди.                                         

Марказий Осиёдаги икки давлат — Ўзбекистон ва Тожикистон халқларини кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничилик, ягона дин, ўхшаш маданият, урф-одат ва анъаналар бир-бирига мустаҳкам боғлаб туради. Мамлакатимиз раҳбарининг сиёсий иродаси ва узоқни кўзлаб юритаётган оқилона сиёсати туфайли сўнгги йилларда икки давлат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик янги босқичга кўтарилди, халқларимиз дўстлиги мустаҳкамланди. 
          Қўшни Тожикистон билан дўстона муносабатларни ривожлантириш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Шу сабабли Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 9-10 март кунлари Тожикистонга давлат ташрифи тарихий воқеа бўлди. Давлат раҳбарларининг очиқ, ўзаро ишончга асосланган дўстона муносабатлари нафақат Ўзбекистон-Тожикистон ҳамкорлигини ривожлантириш, балки бутун Марказий Осиё минтақасида тинчлик ва барқарорни таъминлашга хизмат қилмоқда.

Мамлакатларимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги каби халқаро тузилмалар доирасида ҳам самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда. Минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалаларда томонларнинг қарашлари ўхшаш ёки яқиндир. Жумладан, қўшни Афғонистонда барқарорликни таъминлаш борасида томонлар халқаро ҳамжамият билан самарали ҳамкорлик қилмоқда. 

Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида эркин савдо тартиби жорий қилинган. Икки давлат ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия тузилган. Жорий йилда мазкур комиссиянинг тўртта мажлиси ўтказилгани томонлар бу алоқаларга катта аҳамият беришидан далолатдир. Чегарадаги ўтказиш пунктларининг очилгани, мамлакатларимиз ўртасида транспорт қатнови тиклангани одамларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашида муҳим аҳамият касб этмоқда. 

Мамлакатларимиз ўртасида ўзаро товар айланмаси жадал суръатларда ўсиб бормоқда. Жорий йилнинг биринчи ярмида ўзаро савдо ҳажми 35,1 фоиз ортди. 2018 йилда қиймати 300 миллион доллардан ортиқ шартнома ва келишувлар имзоланиб, уларни ҳаётга татбиқ этиш чоралари кўрилмоқда. 

Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмоннинг 2018 йилнинг 17 августида Ўзбекистонга амалга оширган давлат ташрифи давомида икки давлат раҳбари томонидан имзоланган «Ўзбекистон Республикаси билан Тожикистон Республикаси ўртасида стратегик шериклик тўғрисидаги Шартнома» мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга кўтаришда ўта муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Мазкур тарихий ҳужжатни ҳаётга тўлиқ жорий этиш ҳамда икки давлат ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан «Ўзбекистон Республикаси билан Тожикистон Республикаси ўртасида стратегик шериклик тўғрисидаги Шартномани ратификация қилиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни бира тўла уч ўқишда қабул қилинди.  

Мазкур Шартнома муқаддима ва 16 моддадан иборат.

Шартномага биноан, томонлар тенглик ва ўзаро манфаатдорлик, тинч- тотув яшаш ва ўзаро ишонч принципларига таянган ҳолда узоқ муддатли ва барқарор стратегик шериклик муносабатларини ўрнатадилар ҳамда ҳар томонлама ривожлантирадилар. Мазкур Шартномада муносабатларнинг ҳозирги ҳолатини баҳолаш назарда тутилган, давлатлараро муносабатларнинг ривожланиш истиқболлари белгилаб берилган.

Шартномада сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, инвестициявий, сув-энергетика, экология, маданий-гуманитар, ҳарбий-техникавий ва бошқа соҳаларда икки томонлама ҳамкорликнинг асосий принциплари ҳамда устувор йўналишлари белгилаб берилган.

Ишончимиз комилки, «Ўзбекистон Республикаси билан Тожикистон Республикаси ўртасида стратегик шериклик тўғрисидаги Шартномани ратификация қилиш ҳақида»ги Қонуннинг қабул қилиниши минтақамизда ўзаро ишонч ва ҳурмат муҳитини мустаҳкамлашда, мамлакатларимизнинг барқарор иқтисодий ўсишида ҳамда халқларимиз фаровонлигини янада оширишда муҳим бир қадам бўлиб хизмат қилади.

                                                                            Ойбек ЖУМАЕВ,

                                                Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси депутати


Кўришлар сони: 62

Депутатлар минбари

Янгиликлар

18.12.2018
Меҳнат миграцияси: Халқаро тажриба ва Ўзбекистон амалиёти

Бугунги глобаллашув жараёнида миграция масаласи тобора долзарблик касб этиб бормоқда. Маълумотларга...

18.12.2018
Атом энергетикаси бўйича «Росатом» Давлат корпорацияси бош директори биринчи ўринбосари билан учрашув

2018 йилнинг 18 декабрь куни парламент қуйи палатасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик...

18.12.2018
Профессор-ўқитувчиларнинг йиллик меҳнат таътили қисқарадими?

Иштирокчилар фикрига кўра, Ўзбекистон Республикасининг бирор-бир норматив-ҳуқуқий ҳужжатларида таълим...

Тадбирлар тақвими