Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Ўзбекистон-АҚШ: савдо муносабатлари жадал ривожланмоқда

Ўзбекистон-АҚШ: савдо муносабатлари жадал ривожланмоқда

Мамлакатимиз тараққиёт йўлининг янги босқичида ташқи дунё билан нафақат сиёсий, балки савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга, ўзаро манфаатли муносабатларни юқори даражага кўтаришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунда дунёнинг энг ривожланган мамлакатларидан бири — Америка Қўшма Штатлари билан ҳамкорлик муҳим ўрин тутади.

Ўзбекистон ва АҚШ давлат раҳбарларининг олий даражадаги учрашувлари ва уларда эришилган келишувлар мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни стратегик шериклик даражасига кўтаришга, алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Яқинда, 2018 шу йил 23 октябрь куни АҚШ савдо вазири Уилбур Росснинг мамлакатимизга ташриф буюриши ҳам бу борадаги муҳим воқеалардан бири бўлди.

Маълумки, Америка Қўшма Штатлари иқтисодий кўрсаткичлари бўйича сайёрамиздаги етакчи мамлакат бўлиб, бир йилда 18 триллион доллардан ортиқ ялпи ички маҳсулот ишлаб чиқаради. Эътироф этиш лозимки, АҚШнинг ушбу ютуққа эришишида мамлакат иқтисодиётининг юксак даражада диверсификациялашгани билан бир вақтда, ишлаб чиқаришда инновациявий ечимларнинг оммавий қўлланилиши асосий омиллардан бўлиб хизмат қилган.

АҚШнинг бундай натижадорликка эришишда ўзига хос ҳисса қўшган таниқли шахслардан бири ҳисобланган Савдо вазирининг мамлакатимизга ташрифи, ўз навбатида, юртимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни Океанорти мамлакати бозорига кўпроқ киритиш учун муҳим имконият яратади.

Шу маънода, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ва АҚШ савдо вазири ўртасида бўлиб ўтган учрашувда давлатларимиз ўртасида ўзаро савдо ҳажмини ошириш, АҚШ етакчи компанияларининг тўғридан-тўғри инвестициялари, илғор технологиялари ва тажрибасини жалб этган ҳолда, иқтисодиётнинг турли тармоқларида истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, банк-молия соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан тегишли келишувлар бўйича амалий ишлар белгилангани бежиз эмас, албатта.

Эътироф этиш лозим, Ўзбекистоннинг жойлашган ўрни ҳамда йирик бозори АҚШ компанияларида ҳам доим катта қизиқиш, фаолиятини кенгайтириши учун қулай савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга рағбат уйғотиб келган.

Америка Қўшма Штатлари савдо вазирининг юртимизга ташрифи, мамлакатимиз иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳаларида олиб борилаётган кўп қиррали, кенг қамровли ислоҳотлар билан бир қаторда, муносабатларни янада юқори даражага кўтариб, стратегик шерикликнинг янги даврини бошлаб бергани халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилаётганининг ёрқин бир мисоли ҳамдир.

Фикримизнин тасдиғи ўрнида, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) томонидан Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги билан ҳамкорлигида саккизинчи Марказий Осиё савдо форуми ўтказилди ва унда ушбу мамлакат савдо вазири иштирок этди. Форумга Осиё, АҚШ, Европа ва Яқин Шарқ мамлакатларидан келган мингдан ортиқ тадбиркор, давлат ташкилотлари ва корхоналар раҳбарлари, давлат арбоблари ва мутахассислар 70 миллиондан ошиқ мижози мавжуд бўлган Марказий Осиёнинг ривожланаётган бозорлари учун амалий иш ташкил этиш юзасидан ўз ғояларини алмашиш, шартномалар тузиш ва келажакдаги ҳамкорлик учун янги шерикчилик яратиш юзасидан тадбирлар белгилаб олинди.

Таҳлилларимиздан аёнки, Ўзбекистон Республикаси ва АҚШ ўртасидаги савдо муносабатларида тадбиркорларимизга ишлаб чиқарган маҳсулотларини Америка бозорига имкон қадар қулайлик билан киритишга шароит яратилмоқда.

Шунинг билан бирга, Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги 2018 йил биринчи ярим йиллиги якунларига кўра, товар айланмасида экспорт ҳажми импортга нисбатан 16 мартага кам экани эришилган келишувлардан қанчалик фойдаланиш имконимиз катта эканини намоён этмоқда.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, АҚШ савдо вазирининг юртимизга ташрифи соҳада ечимини кутиб турган бир қатор масалаларни ижобий ҳал этишга яхши шароит яратди.

Ўз навбатида, бу биз, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари олдига ҳам мамлакатимиздаги амалдаги савдо муносабатларига доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қисқа муддатларда яна бир хатловдан ўтказиш, уларни халқаро талаблар даражасида уйғунлаштирган ҳолда, “Савдо тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини тайёрлаш ва қабул қилиш масалаларида амалий ишга қўл уришдек ўта муҳим вазифани қўймоқда.

 

Ёрмамат ХОЛИЁРОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси

 Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси аъзоси


Кўришлар сони: 131

Депутатлар минбари

Янгиликлар

21.11.2018
ЕХҲТ парламент ассамблеяси делегацияси билан учрашув

Бугун Ўзбекистон ташқи сиёсат борасида яқин ва узоқ давлатлар қатори халқаро ташкилотлар билан ҳам...

20.11.2018
Ўзбекистон парламент делегацияси Тожикистонда

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоилов бошчилигидаги...

20.11.2018
Конституция – бахтимиз қомуси

Конституция қомусий ҳужжат сифатида давлатнинг асосий қонуни ҳисобланади. У давлат тузилиши, унинг...

Тадбирлар тақвими