Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Бюджет-солиқ сиёсатидаги ўзгаришлар аҳоли даромадларини оширишга хизмат қилади

Бюджет-солиқ сиёсатидаги ўзгаришлар аҳоли даромадларини оширишга хизмат қилади

Бугунги кунда барча соҳаларда бўлгани каби давлат бюджети, уни шакллантириш жараёнларида ҳам жаҳон иқтисодиётида содир бўлаётган кескин ўзгаришларга дош берадиган, рақобатдош бюджетни тузиш давр талаби бўлиб қолмоқда.

Мамлакатимизда олиб борилаётган тизимли ислоҳотлар натижасида иқтисодиётни янада эркинлаштириш, саноатни ривожлантиришнинг янги имкониятлари ишга солиш, ҳудудларнинг хомашё ва ресурс салоҳиятидан оқилона фойдаланган ҳолда, жадал тараққий эттириш, фаол инвестиция сиёсатини юритиш ҳамда солиқ сиёсати концепциясини амалга ошириш бўйича фаол саъй-ҳаракатлар ҳам бюджет даромадларининг ошиши, давлат бюджети даромад кўрсаткичлари юқори суръатда бўлишини таъминламоқда.

Президентимиз томонидан жорий йилга белгилаб берилган устувор вазифалар ҳамда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг тизимли равишда амалга оширилиши 2018 йилнинг 9 ойлигида ҳам мамлакат иқтисодиётида муҳим ижобий ўзгаришларни таъминлади. Шу ҳисобдан жорий йил якуни билан, ялпи ички маҳсулот ҳажми ўтган йилга нисбатан 5,2 фоизга ўсиши кутилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан жорий йилнинг 30 октябрь куни ўтказилган йиғилиш ҳам айнан давлат бюджетининг 2018 йил учун кутилаётган ижроси, 2019 йилга мўлжалланган макроиқтисодий кўрсаткичлар, бюджет-солиқ сиёсатининг асосий йўналишлари муҳокамасига бағишланди.

Йиғилишда таъкидланганидек, жорий йил якуни билан давлат бюджети даромадлари 74,5 триллион сўмни, харажатлари эса, 78,5 триллион сўмни ташкил этиши кутилмоқда.

Солиқ сиёсатида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида бюджет даромадлар режа кўрсаткичлари ортиғи билан таъминланиб, бюджет харажатлари 2017 йилга нисбатан 60 фоиз ёки 29 триллион сўмга ошди. Ушбу маблағлар ҳисобидан “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла”, “Ёшлар – келажагимиз” давлат дастурлари ва арзон уй-жойлар қурилишини молиялаштириш ишлари амалга оширилди. Ёш тадбиркорларга имтиёзли кредитлар бериш, аҳолини иш билан таъминлаш учун “Микрокредитбанк”ка ва “Халқ банки”га 1,7 триллион сўмдан зиёд маблағ ажратилди.

Бюджет соҳаси ходимлари иш ҳақлари, пенсия ва нафақалар миқдори инфляция кўрсаткичидан юқори ошириш билан бирга, тарбиячилар, ўқитувчилар, илмий ходимлар, професор-ўқитувчилар, маданият ходимларининг иш ҳақлари 30 фоиздан 100 фоизгача оширилди.

Шуни қайд этиш керакки, йиғилишда жорий йил якунига қадар барча имкониятларни ишга солган ҳолда, бюджет дефицитини мумкин қадар қисқартишга эришиш кераклиги алоҳида таъкидланди.

Шунингдек, йиғилишда келгуси йил учун бюджетни шакллантиришда, солиқ тизимида жорий этиладиган тарихий ўзгаришлар ҳисобга олингани, бу ўзгаришлар натижасида албатта аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига катта енгилликлар яратилиши айтилди. 

Хусусан, 2019 йил 1 январдан эътибордан тушумдан олинадиган мажбурий ажратмаларни тўлиқ бекор қилиш натижадасида корхоналарда қўшимча 5,2 триллион сўм даромад қолади. Жисмоний шахслар учун даромад солиғининг энг юқори ставкаси 22 фоиздан 12 фоизгача, ягона ижтимоий тўлови 25 фоиздан 15 фоизгача туширилиши, фуқароларнинг 8 фоизлик суғурта бадали бекор қилиниши натижасида аҳоли даромадлари 6,5 фоизга ошади.

Юридик шахслар мол-мулк солиғи 5 фоиздан 2 фоизгача, фойда солиғи 14 дан 12 фоизгача, кичик бизнес субъектлари ягона солиғи 5 фоиздан 4 фоизгача камайтирилиши натижасида тадбиркорлар ихтиёрида 2 триллион сўм қўшимча маблағ қолади. Умуман олганда, мавжуд 19 та солиқ ва мажбурий тўловлар тури 15 тагача камайтирилади. Бу ўзгаришлар янги таҳрирда қабул қилинадиган солиқ кодексида ўз ифодасини топади.

Йиғилишда Президентимиз солиқ тўловчиларнинг қонун билан, кодекс билан ишлаши учун барча шароитни яратишимиз кераклигини таъкидлаб, биз — парламент вакилларидан ўзгаришлар ва енгилликларни, қабул қилинаётган бюджетномани маҳаллий депутатларга, аҳоли кенг қатламига, барча солиқ тўловчиларга етказишимиз, мунтазам тушунтириш ишлари олиб боришимизни вазифа қилиб қўйди.

Шундан келиб чиқиб, биз — парламент аъзоларидан бюджет-солиқ қонунчилигини янада такомиллаштириш, халқ депутатларининг тегишли Кенгашлари билан ҳамкорлик қилган ҳолда, бюджет маълумотларининг очиқлиги, шаффофлигини янада ошириш, бюджет маблағларининг шаклланиши ҳамда сарфланиши устидан парламент ва жамоатчилик назоратини кучайтиришимиз талаб қилинади.

Абдиғани УМИРОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси депутати


Кўришлар сони: 380

Депутатлар минбари

Янгиликлар

21.11.2018
ЕХҲТ парламент ассамблеяси делегацияси билан учрашув

Бугун Ўзбекистон ташқи сиёсат борасида яқин ва узоқ давлатлар қатори халқаро ташкилотлар билан ҳам...

20.11.2018
Ўзбекистон парламент делегацияси Тожикистонда

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоилов бошчилигидаги...

20.11.2018
Конституция – бахтимиз қомуси

Конституция қомусий ҳужжат сифатида давлатнинг асосий қонуни ҳисобланади. У давлат тузилиши, унинг...

Тадбирлар тақвими