Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Адҳам ШАДМАНОВ: Пухта ҳисоб-китоб — ёруғ истиқболнинг муҳим молиявий асоси

Адҳам ШАДМАНОВ: Пухта ҳисоб-китоб — ёруғ истиқболнинг  муҳим молиявий асоси

Йил ҳам ўз поёнига етиб бораётган, айни сарҳисоб палласида турибмиз. Шу кунларда йилни ёруғ юз билан якунлаб, пухта ўйланган сиёсат асосида нафақат келгуси икки-уч йилни, балки яқин 5-10 йиллик истиқболни кўзлаб, муҳим молиявий дастур тайёрланмоқда.

Куни кеча мамлакатимиз Президенти томонидан ўтказилган йиғилишнинг руҳи ҳам, кайфияти ҳам халқ ва давлат манфаатлари йўлида тайёрланаётган келгуси йил Бюджетномасида мустаҳкамланиб қўйиладиган асосий кўрсаткичлар, бюджет-солиқ сиёсатининг муҳим йўналишлари муҳокамасига бағишланди.

Дарҳақиқат, келгуси йилда бюджет даромадларининг сезиларли ошиши, аҳоли ва бизнесга катта енгилликлар яратаётган янги солиқ тизимида кутилаётган тарихий ўзгаришлар даври келди. Бунинг учун сўнгги икки йил давомида узоқ истиқболли марраларни забт этишга қаратилган, стратегик жиҳатдан чуқур ўйланган, дунёда ва турли минтақаларда юз бераётган ўта мураккаб воқеа-ҳодисаларнинг моҳиятидан келиб чиқиб, юртнинг ва халқнинг муносиб келажагини таъминлашга қаратилган доно сиёсат ва халқимизнинг заҳматли меҳнати оқибатида етарли асослар яратилди. Валюта ва нарх сиёсатининг эркинлашуви, қишлоқ хўжалигида ҳисоб-китобларнинг тартибга солиниши ва капитал қуйилмалар ошиши бюджет даромадлари кўпайишига ижобий таъсир кўрсатди.

Жорий йилнинг ўтган даври ҳолатига бўлган ҳисоб-китобларга кўра, аниқланган давлат бюджети даромадлари ва харажатлари ўртасидаги тафовутни йил якунига қадар барча резервларни ишга солиб бартараф этиш лозимлиги ва энг муҳими, бюджети сиёсатини юритишда илк маротаба 2017 йилда қўлланилган молиялаштириш механизмлари натижасида барча маҳаллий бюджетлар ихтиёрида ўтган йилга нисбатан 6 баробар кўпроқ — 5,5 триллион сўм маблағ тўпланиши қайд этилди. Бундан ташқари, ўтган қисқа давр мобайнида жойларда халқ билан бўлган очиқ мулоқотлар даврида фуқароларнинг кўп йиллик истаклари, таклифлари ва талаблари рўёбга чиқмоқда.

Бюджет соҳаси ходимлари иш ҳақлари, пенсия ва нафақаларини инфляция кўрсаткичидан юқори ошириш билан бирга тарбиячилар, ўқитувчилар, илмий ходимлар, професор-ўқитувчилар, маданият ходимларининг иш ҳақи 30 фоиздан 100 фоизгача оширилди.

Шу ўринда яна бир жиҳатга тўхталиб ўтсак. Жорий йилнинг иккинчи чорагида халқ хўжалиги корхоналарининг салкам ярмининг иш ҳақи миқдори оширилган бўлса, учинчи чоракда 62 фоиз корхоналар иш ҳақини оширган. Тармоқлар кесимида эса, ишлаб чиқарувчи корхоналар катта миқдорда иш ҳақини оширганлар сирасига тўғри келади (74-100 фоизгача).

Бугунги кунда Давлат бюджетининг қарийб 60 фоизи ижтимоий соҳани ривожлантиришга йўналтирилмоқда. 1991 йилга таққослаганда, аҳолининг реал даромадлари 14 баробардан зиёд кўпайди, иш ҳақи, пенсия ва ижтимоий нафақалар салмоқли даражада ошди. Истеъмол товарлари ишлаб чиқаришни жадал суръатлар билан ошириш ва аҳолининг уларга бўлган талабини қондириш таъминланмоқда.

Йиғилишда келгуси йили бюджет даромадлари изчил ошиши, солиқ тизимида жорий этиладиган тарихий ўзгаришлар натижасида аҳоли ва бизнесга катта енгилликлар яратилиши назарда тутилаётганига эътибор қаратилди. Чунончи, тушумдан олинадиган мажбурий ажратмалар тўлиқ бекор қилиниши ҳисобидан корхоналарда яна 5,2 триллион сўм даромад қолдирилиши, жисмоний шахслар учун даромад солиғининг энг юқори ставкаси 12 фоизгача, ягона ижтимоий тўлови 15 фоизгача туширилиши, фуқароларнинг 8 фоизлик суғурта бадали бекор қилиниши натижасида аҳоли даромадлари 6,5 фоизга ошади.

Юридик шахслар мол-мулк солиғи 5 фоиздан 2 фоизгача, фойда солиғи 14 дан 12 фоизгача, кичик бизнес субъектлари ягона солиғи 5 фоиздан 4 фоизгача камайтирилиши натижасида тадбиркорлар ихтиёрида 2 триллион сўм қўшимча маблағ қолади. Умуман олганда, мавжуд 19 та солиқ ва мажбурий тўловлар тури 15 тагача камайтирилади.

Албатта, бундай енгилликлар бюджет тушумларини таъминлашда жиддий қўшимча чоралар кўрилишини, бюджет тақчиллигига йўл қўймаслик, даромадларни кўпайтириш, шу жумладан, ишчилар сони ва иш ҳақини легаллаштириш бўйича тизимли ишларни амалга ошириш талаб қилинади.

Юқоридаги мақсадларга эришиш учун, авваламбор, ўзимизнинг куч ва имкониятимизга таянган ҳолда, мамлакатимизнинг келгуси ривожи, халқимиз фаровонлиги, унинг турмуш даражаси ва сифатини юксалтиришда энг муҳим макроиқтисодий барқарорликни янада мустаҳкамлаш ҳамда кейинги йилларда эришилган иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаб қолиш зарур.

Миллий валютамиз барқарорлигини таъминлаш, банк тизимини мустаҳкамлаш, мамлакатимизда ва маҳаллий даражада бюджет барқарорлигини таъминлаш бўйича 2019 йилнинг Бюджномаси концепциясида назарда тутилаётган қўшимча комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш тўғри бўлади.

Ташқи бозорларда рақобат ва беқарорлик кучайиб бораётган шароитда иқтисодиётнинг реал тармоқлари билан бир қаторда, мамлакатимиз ҳудудларида ҳам рақобатдош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва экспорт салоҳиятини ошириш алоҳида аҳамиятга эга.

Ана шу мақсадда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, шунингдек, фермер хўжаликларининг экспортда иштирок этишини янада рағбатлантириш бўйича таклиф этилаётган қўшимча комплекс чора-тадбирлар ўзининг самарасини беришига ишончимимиз комил. Бу иқтисодий ўсиш, тармоқлар ва ҳудудларни ривожлантириш, аҳолининг меҳнат билан бандлигини таъминлаш, моддий фаровонлигини оширишнинг асосий локомотиви бўлиб хизмат қилади.

Айни пайтда октябрь ойининг сўнгги икки ҳафтаси давомида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси, қуйи палатада ўз ўрнига эга бўлган барча сиёсий партиялар фракциялари ва Экологик ҳаракат депутатлик гуруҳлари таклиф-тавсиялари асосида мамлакатимизнинг асосий молиявий ҳужжати – Бюджетнома лойиҳасининг дастлабки тарзда чуқур ўрганилишини ташкил этилди. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига тегишли хулоса ва тавсиялар тақдим этилди.

Иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотларнинг устувор вазифаларини муваффақиятли адо этишда, биринчи навбатда, биз — Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари масъулиятимизни чуқур англаган ҳолда, бугунги глобал иқтисодий мураккаб даврда келгуси йил учун таклиф этилаётган бош молиявий ҳужжатнинг мазмун-моҳиятини сайловчиларимиз ва фуқароларимизга, керак бўлса, ҳижжалаб тушунтириб боришимиз лозим. Уни атрофлича муҳокама этиб, қабул қилишимиз ва келгуси йил давомида унинг ҳар бир вазифаси ижросини парламент назорати доирасида мунтазам назорат қилиб, мониторингини юртишимиз зарур. Ана шунда Давлат бюджетининг тийин-тийинигача мақсадли сарфланиши, аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилишини таъминлашга эришилади.

Адҳам ШАДМАНОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик

палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар

қўмитаси раиси


Кўришлар сони: 348

Депутатлар минбари

Янгиликлар

21.11.2018
ЕХҲТ парламент ассамблеяси делегацияси билан учрашув

Бугун Ўзбекистон ташқи сиёсат борасида яқин ва узоқ давлатлар қатори халқаро ташкилотлар билан ҳам...

20.11.2018
Ўзбекистон парламент делегацияси Тожикистонда

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоилов бошчилигидаги...

20.11.2018
Конституция – бахтимиз қомуси

Конституция қомусий ҳужжат сифатида давлатнинг асосий қонуни ҳисобланади. У давлат тузилиши, унинг...

Тадбирлар тақвими