Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Ўрал ҲАИТОВ: Тилимиз барҳаётлиги нимага боғлиқ?

Ўрал ҲАИТОВ: Тилимиз барҳаётлиги нимага боғлиқ?

“Давлат тили ҳақида” ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қабул қилиниши ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мавқеини белгилаб, унинг давлат тил сифатида майдонга чиқишида ва ҳар томонлама тараққий топишида тарихий аҳамият касб этди. Айни пайтда она тилимизнинг ҳуқуқий мақомига эришишига замин яратди. Шу муносабат билан ҳар йили 21 октябрь — она тилимизга давлат тили мақоми берилган кун сифатида нишонланиб келинади.

Бугунги кунда она тилимиз ҳаётимизнинг барча жабҳасида расмий давлат тили сифатида қўлланилиб келмоқда. Қонун тилимизнинг бой луғатидан, ўзига хос имкониятларидан фойдаланиш, уни асраб-авайлаш, нуфузини ошириш, шу билан бирга, уни илмий асосда ривожлантириш ва янгидан-янги тушунча ва сўзлар билан тўлдириб бориш орқали бойитиш учун ҳам кенг имкониятлар яратди. Тил билан боғлиқ мазкур жиҳатнинг қонунда алоҳида норма сифатида эътироф этилганини таъкидлаб ўтиш жоиз. Қонуннинг 7-моддасида “Давлат ўзбек тилининг бойитилиши ва такомиллаштирилишини таъминлайди, шу жумладан, унга ҳамма эътироф қилган илмий-техникавий ва ижтимоий-сиёсий атамаларни жорий этиш ҳисобига таъминлайди”, деб кўрсатилгани фикримизни тасдиқлайди.

Мустақил давлат сифатида дунё ҳамжамиятига юз тутишимиз, жаҳон иқтисодиётнинг таркибий қисмига айланишимиз, шунингдек дунё илм-фанининг ривожи, техника ва технологияларнинг яратилиши дунёдаги барча тилларнинг бойишига сабаб бўлмоқда. Шу маънода, дунёдаги барча тиллар каби ўзбек тили ҳам вақт ўтгани сари бойиб бораётгани тушунарли ҳолдир.

Кези келганда, тилимизда муомалада бўлиб келган сўзлар бошқа тиллар луғатини бойитаётганини ҳам эслатиб ўтиш жоиз. Кураш сўзи ва унинг киритилиши муносабати билан боғлиқ бўлган ҳалол, ёнбош ёки чала ва бошқа сўзларни мисол тариқасида келтиришимиз мумкин.

Тилимизнинг нуфузини оширишга, унинг халқимиз, жамиятимиз маънавий ривожида, илм-фан тараққиётида тутган ўрни ва мавқеини янада оюксалтиришга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Луғатлар, қомуслар, рисола ва дарсликлар чоп этилмоқда.

Мамлакатимизнинг ҳар тамонлама ривожланиши, ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш, иқтисодиёт тармоқларининг замонавий шаклу шамойилини яратиш жаҳон ҳамжамияти билан интеграциялашувини, таълим соҳасидаги ҳамкорлигини кучайтиришни таъминлаш билан тўғридан-тўғри боғлиқ. Ушбу мақсадларда чет тилларни ўрганишга эътибор кучайтирилмоқда. Хорижий олий ўқув юртларининг, уларнинг филиаллари ташкил этилиши борасидаги саъй-ҳаракатлар ҳам аниқ мақсадларни назарда тутишини тушунишимиз мумкин.

Бу, биринчи навбатда, она тилимизнинг қўлланиш доирасини кенгайтириш имкониятларини яратса, иккинчидан, тилимизни янада бойитиш туртки бўлади. Энг асосийси, тилимизнинг ривожи мамлакатимизнинг ривожланишига, унинг иқтисодий юксалишига, илмий-техникавий ўсишига олиб келади. Фундаментал фанлар, замонавий ахборот ва коммуникация технологиялари, саноат, банк-молия тизими, юриспруденция, дипломатия, ҳарбий иш ва шу каби бошқа тармоқларда чет тилларда эришилган ютуқларни ўзлаштириш тилимизни бойитишга хизмат қилади. Бу борада замонавий дарсликлар, этимологик ва қиёсий луғатлар яратиш, зарур атама ва иборалар, тушунча ва категорияларни ишлаб чиқиш муҳим вазифалардан бири бўлиб қолмоқда. 

Ўзбек тили ўзининг ҳақиқий ўрнини эгаллашига эришишда мазкур масалага айрим ҳолларда панжа орасидан қаралаётгани ҳам сир эмас. Айтайлик, қонуннинг 7-моддаси талабларини бузиш ҳоллари кузатилади. Бу жараёнда давлат бошқаруви органлари мутасаддиларининг ҳам, таълим ва илмий муассасалар, оммавий ахборот воситалари вакилларининг ҳам бирдек айби бордек туюлади. Расмий ҳужжат, дарслик, илмий ёки оммабоп мақолалар чет эл нашрларидан олиниб, давлат тилига таржима қилинади. Айрим ҳолларда чет тилидаги иборани таржима қилмасдан ёки ўзларича таржима қилиб нашр этишади. Ваҳоланки, қонунда “янги илмий асосланган атамалар жамоатчилик муҳокамасидан кейин ва Олий Мажлис палаталари тегишли қўмиталарининг розилиги билан ўзбек тилига жорий этилади”, деб кўрсатилган.

Бу ерда муаммо қаерда?

Мазкур норманинг ижро этиш механизмлари яратилмагани мана шундай оқибатлар келиб чиқишига сабаб эканини таъкидлаш зарур. Албатта, бу борада қонунунийликни таъминлаш бўйича чоралар кўришимиз лозим. Бу тилимизни бир мазмундаги турли тушунча, ибора, атамалардан асраш билан бирга, тушунмовчиликлар келиб чиқишининг олдини олади. Айрим ҳолларда корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва жамоат бирлашмаларида иш юритиш, ҳисоб-китоб, статистика ва молия ҳужжатлари юритилишида давлат тилига амал қилмаслик ҳолатлари мавжудлиги танқид қилинади. Бу тўғри, албатта. Бироқ, бу чет тиллардан кириб келган сўзларнинг давлат тилидаги муқобили йўқлиги ёки айнан ўша маънони бермаслиги билан ҳам изоҳланиши мумкин. Масалан, “бюджет” сўзи ўзбек тилига нима деб таржима қилинади? Дейлик, “даромад-буромад” деб қабул қилиш қанчалик ўзини оқлайди? Қаолверса, у “бюджет” тушунчасини тўлиқ ифода этолмайди. “Ссуда” “қарз” деб таржима қилинса, у ҳолда қарз бериш ёки олишнинг бошқа турларини, масалан, кредит тушунчасини нима деб ўгириш мумкин? “Трансферт” сўзи ҳам шундай. Бу тушунчанинг моҳиятини ўзбек тилида бир сўз билан тушунтириш қийин. Таржима қилмоқчи бўлсак, узун бир гап ҳосил бўлади. Бу эса, ўз навбатида, амалиётда кўп қийинчиликларни келтириб чиқаради. “Профицит”, “дефицит” сўзлари тўғрисида ҳам шундай фикрларни билдириш мумкин. Бундан ташқари, тушунишимча, мана шу сўзларнинг ишлатилиши ўзбек тилидаги муқобилига нисбатан таъсирли туюлади.

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, бу сўзларнинг асосий қисми халқаро сўзлар ва улар бизга рус тили орқали кириб келган, холос. Бизда муқобили бор тушунчалар давлат тилида акс эттирилмоқда. Масалан, солиқ ёки бож тушунчалари налог ёки пошлина тарзида қўлланилмайди. Шу сабабдан ёппасига танқиддан қочишимиз, қонун талабларидан келиб чиқишимиз мақсадга мувофиқ. Бир сўз билан айтганда, қонун нормаларида белгилаб қўйилганидек, мазкур масалага илмий нуқтаи назарда ёндашувлар талаб этилади.

Баъзи ҳолларда давлат тили қўлланилишида қонун нормаларига амал қилишни бузиш ҳолатлари учраётганига керагидан ортиқ урғу бериш ҳоллари ҳам учрайди. Қонуннинг 10-моддаси талабларига мувофиқ, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва жамоат бирлашмалари иш юритиш, ҳисоб-китоб, статистика ва молия ҳужжатлари давлат тилида юритилиши билан бир қаторда, ишловчиларининг кўпчилиги ўзбек тилини билмайдиган жамоаларда давлат тили билан бирга бошқа тилларда ҳам амалга оширилиши мумкинлиги белгилаб қўйилган. Албатта, фақат бошқа тилда эмас, балки давлат тили билан бир қаторда бошқа тилда ҳам олиб борилиши назарда тутилган. Яъни, шарт дейилмаган, балки мумкинлиги эътироф этилган.

Бугунги глобаллашув, шиддатли тараққиёт даврида давлат тилини ривожлантириб, уни илмий асосда бойитиб бориш, бугунги ҳолати ва истиқболи билан боғлиқ масалаларни чуқур ўрганиш, шу мақсадда илмий тадқиқот ишларини кучайтириш, нафақат тил соҳасига тааллуқли, балки бошқа жабҳаларда ҳам мутахассисларни тайёрлашда тил ўрганиш масалаларига алоҳида урғу бериш ҳамиша долзарб вазифаларимиздан бўлиб қолиши керак. Ана шунда давлат тили бўлган она тилимизнинг барҳаётлиги таъминланади.

Ўрал ҲАИТОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси 

Қонунчилик палатаси депутати


Кўришлар сони: 1228

Депутатлар минбари

Янгиликлар

13.12.2018
Депутатлар соғлиқни сақлаш тизимидаги муаммоларни ўрганди

Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Наримон Умаров бошчилигидаги ишчи гуруҳ...

13.12.2018
Сессияларда ҳудудлардаги аҳвол, аҳолини қийнаб келаётган муаммолар муҳокама қилинмоқда

2018 йил 13 декабрь куни Cирдарё вилоятининг Янгиер шаҳри ва Сайхунобод тумани ҳокимликларида Олий...

11.12.2018
Депутатларнинг эътирози ва жиддий танқидига учраган қонун лойиҳаси янги ном билан қайта кўриб чиқилди

Аввал хабар берганимиздек, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг яқинда бўлиб ўтган мажлисида «2019...

Тадбирлар тақвими