Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Жамшид ПИРМАТОВ: Электрон тизим сайлов шаффофлигини таъминлайди

Жамшид ПИРМАТОВ: Электрон тизим сайлов шаффофлигини таъминлайди

Замонавий ахборот-коммуникация технологиялари жадал тараққий этиб бораётган ҳозирги даврда барча соҳага ушбу тизимни кенг жорий этиш ҳаётий заруриятга айланган. Бугунги кунда биргина “Электрон ҳукумат” тизими орқали фуқароларга 120 дан ортиқ турдаги давлат хизматлари кўрсатилаётганининг ўзи фикримиз далилидир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 4 октябрдаги “Сайлов жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан эндиликда мамлакатимизда электрон сайлов тизимини яратиш борасида ҳам амалий ишларга киришилди.

Бу борада 2017 йил 24 декабрь куни бўлиб ўтган Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига сайловлар жараёнида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини қўллаш мақсадида ахборот-коммуникация тизимини жорий этиш ва сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини тузиш илк маротаба ҳуқуқий эксперимент тариқасида синовдан ўтказилгани дастлабки қадам бўлган эди.

Маълумки, 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида сайловчиларнинг Ягона электрон рўйхати ва сайлов жараёнларини бошқаришда ахборот тизимини такомиллаштириш ҳамда “Электрон ҳукумат” тизими доирасида бутун республика бўйича жорий этиш вазифаси белгиланган.

Давлатимиз раҳбарининг янги қарори ушбу устувор вазифаларни амалга ошириш ҳамда миллий сайлов тизимини ислоҳ қилишда муҳим аҳамият касб этади. Мазкур ҳужжат сайлов жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг татбиқ этиш ҳамда сайлов жараёнини бошқариш, ахборот тизими ва сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатидан самарали фойдаланиш учун зарур дастурий инфратузилмани яратиш имкониятини беради.

Хўш, ушбу тизимнинг янгилиги нимада ва у қандай афзалликларга эга?

Аввало шуни айтиш керакки, сайловчининг ягона электрон рўйхатга киритилиши ҳар бир фуқарони аниқ манзили билан биргаликда рўйхатга олиш демакдир. Тажриба шуни кўрсатадики, юртимизда ўтказилган аввалги сайловларда битта сайловчи бир нечта рўйхатга кириб қолиши ҳолатлари учраб турарди. Яъни, айрим фуқароларнинг пропискаси бир жойда, яшаш жойи бошқа ерда бўлиши сайлов куни айрим муаммоларни келтириб чиқарарди.

Ушбу янги тизим барча сайловчилар умумий сонини, яъни маъмурий-ҳудудий бирликлар кесимида уларни аниқлаш, шунингдек, хориждаги ватандош сайловчилар ҳисобини олиш, сайлов округи ва участкаларидаги сайловчилар нормасини белгилаш учун қулай шарт-шароит яратади.

Мазкур тизимни жорий қилиш сайловларнинг шаффофлигини, “бир сайловчи – бир овозга эга” принципини қатъий амалга оширади. Рўйхатнинг холислиги ва изчил янгиланиб боришини таъминлайди. Сайловчилар яшаш манзили ўзгарганда онлайн тарзда мурожаат қилиб, сайлов участкасини ўзгартириши осон бўлади. Ҳар бир сайловчи тегишли маълумотлар базаси билан танишиш имконига эга бўлади. Округ ва сайлов участкаларида овозларни санаб чиқиш, якунларини умумлаштириш ишларини енгиллаштиради.

Электрон тизим — сайловчилар учун қўшимча қулайликлар яратиш билан биргаликда, сайлов комиссиялари ишини ҳам осонлаштиради. Бундан ташқари, ушбу дастурнинг ишга туширилиши фуқароларнинг доимий ва вақтинчалик яшаш жойлари, чет элларга чиқиш ва қайтиши ҳақидаги батафсил маълумотларни, уй-жой ва бошқа кўчмас мулк объектларини тўлиқ ҳисоб-китобини, ҳудудлар, кўчалар, уйлар ва хонадонларнинг номлари ҳамда рақамларини электрон шаклда аниқ-равшан белгиланишини тақозо этади. Бу борада ҳам қарорда тегишли давлат органлари зиммасига аниқ вазифалар юклатилган.

Муҳими, қарорга асосан, 2019 йил декабрь ойида бўлиб ўтадиган парламент ва маҳаллий Кенгашларга сайловлар жараёнида мазкур янги тизим амалиётга жорий этилади.

Албатта, давлатимиз раҳбарининг мазкур қарори биз, қонун ижодкорлари зиммасига ҳам қатор вазифаларни юклайди. Маълумки, айни вақтда сайлов қонунчилигини такомиллаштириш мақсадида Сайлов кодекси лойиҳаси кенг халқ муҳокамасидан ўтказилиб, халқаро экспертлар ва ташкилотларнинг хулосалари олинмоқда. Ушбу кодекс лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритилгандан сўнг унинг янада халқчил ва мукаммал қонун ҳужжати сифатида қабул қилинишида халқ вакиллари қаторида фаол иштирок этишимиз талаб этилади.

Мухтасар айтганда, Президентимизнинг мазкур қарори мамлакатимизда сайлов тизимини янада такомиллаштириш, сайловчиларнинг ҳуқуқий маданияти ҳамда сиёсий фаоллигини юксалтириш, сайловларнинг очиқ, ошкора ва транспарентлигини таъминлашга хизмат қилади.

Жамшид ПИРМАТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг

Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва

ахборот технологиялари масалалари қўмитаси аъзоси


Кўришлар сони: 99

Депутатлар минбари

Янгиликлар

17.10.2018
Янги қўмита қандай ишлаяпти?

Қўмита аъзолари ҳар ойда 10-15 кун давомида жойларда аҳоли билан тўғридан-тўғри, юзма-юз мулоқотлар ...

17.10.2018
Халқ манфаатига мос иш тутилмоқда

Таъкидланганидек, фракция аъзолари қонун ижодкорлиги фаолиятида асосий эътиборни айнан аҳолини қийнаётган...

17.10.2018
Фракция аъзолари юборган 33 депутатлик сўровининг тақдири не бўлди?

Қайд этилганидек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан 19 та қонун лойиҳаси қонун...

Тадбирлар тақвими