Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Баҳром ОБИДЖОНОВ: Тарихий алоқаларнинг замонавий янги босқичи

Баҳром ОБИДЖОНОВ: Тарихий алоқаларнинг замонавий янги босқичи

Қадим ва ҳамиша бетакрор Фаранг диёри ҳақида сўз кетганда, буюк саркарда Наполеон Бонапарт, жаҳон адабиётининг етук намояндалари Александр Дюма, Стендаль, Оноре де Балзак, Антуан де Сент Экзюпери сиймоси кўз ўнгимизда жонланади. Шунингдек, Франция тимсолига айланиб кетган муҳташам Эйфел минораси, ойнаванд Лувр музейи, жаҳон урушларидан сўнг дунё сиёсий ҳаётига оид масалалар ҳал этилган қадимий Версал саройи ҳам дунё жамоатчилигини ҳамиша қизиқтириб келган.

Тарихий маълумотларда қайд этилишича, ўн бешинчи аср бошида буюк бобокалонимиз Соҳибқирон Амир Темур ва Франция қироли Карл VI ўртасида дўстлик, ўзаро ҳурмат ва ишончли алоқалар йўлга қўйилган. Ана шу самимий алоқалар айни кунда ҳам икки давлат ўртасида янгича руҳ билан давом этмоқда. Буни Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 8-9 октябрь кунлари Францияга қилган расмий ташрифи мисолида ҳам кўриш мумкин.

Катта тарихий аҳамиятга эга мазкур ташриф давомида Франция президенти Эммануэль Макрон давлатимиз раҳбари билан Парижда учрашиб турганидан мамнунлигини билдириб, Ўзбекистонда олиб борилаётган оқилона сиёсат, кенг кўламли ислоҳотлар нафақат аҳоли фаровонлигини ошириш, мамлакатнинг етакчи давлатлар сафига кириши, балки Марказий Осиёда тинчлик ва барқарор тараққиётни таъминлашга хизмат қилаётганини таъкидлади.  Шунингдек, икки давлатнинг халқаро ва минтақавий муаммоларни ҳал этишга доир ёндашувлари яқин ва мос экани қайд этилди. 

Президентимизнинг Францияга давлат ташрифининг яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, Франция тараққиёт агентлиги билан умумий қиймати қарийб 600 миллион евро бўлган инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш бўйича ҳамкорлик дастури имзоланди. «Эйрбас», «Тоталь», «Винчи», «Орано», «Тоталь Эрен», «Веолия», «Фивс Штейн», «Буиг», «Ранжис» ва бошқа дунёга машҳур компаниялар билан ҳам ҳамкорликда лойиҳалар амалга оширишга келишиб олинди.

Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш лозимки, Европа давлатлари ичида биринчи бўлиб франциялик сайёҳларга Ўзбекистонга визасиз кириш тартиби жорий этилгани ҳам икки мамлакат ўртасидаги ўзаро ишончнинг тобора мустаҳкамланиб бораётганидан далолат беради.

Президентимизнинг ташрифи давомида Франциянинг таниқли адабиёт ва илм-фан намояндалари – ёзувчи Амин Маалуф, олимлар Фредерик Бопертюи-Брессанд хоним ва Франц Гренега Самарқанд шаҳри фахрий фуқароси унвони берилгани эса франция жамоатчилиги томонидан алоҳида эътироф этилмоқда.

Шунингдек, ташриф асносида 2021 йилда Фаранциядаги машҳур Лувр музейида Ўзбекистон тарихига бағишланган кўргазма ўтказиш хусусида келишувга эришилгани ҳам аҳамиятга молик воқеа бўлди. Лувр дунё мамлакатлари ичида бармоқ билан санарли йирик ва муҳташам музейлардан бири. Франциянинг ўзига хос “ташриф қоғози” саналган музей экспонатлари сони бўйича жаҳонда биринчи, майдонининг катталиги бўйича иккинчи ўринда туради. Ушбу музейни томоша қилиш учун ҳар йили қарийб 10 миллион сайёҳ ташриф буюради. Ана шундай жаҳонга машҳур музейда ўтказилиши режалаштирилаётган кўргазма ўзбек халқининг бой тарихи, миллий урф-одат ва анъналари, амалий санъатини бутун дунёдан келган сайёҳлар олдида намойиш этиш имконини беради.

Шуни алоҳида таъкидлаш зарурки, Франция билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларимиз мустақилликни қўлга киритган илк кунларданоқ бошланган. Масалан, “Ўзбекистон – Франция” дўстлик жамияти томонидан икки мамлакатнинг бой тарихи, адабий алоқалари, илм-фан соҳасидаги муносабатларни мустаҳкамлашга хизмат қилувчи қатор дастурлар ишлаб чиқилиб, муваффақиятли амалга оширилмоқда.

Ҳамкорлик борасида гап кетганда, парламентлараро алоқалар ҳақида тўхталмасликнинг имкони йўқ. Хабарингиз бор, 2008 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида парламентлараро ҳамкорлик гуруҳи тузилган бўлса, 2010 йилдан эътиборан Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Ўзбекистон — Франция” дўстлик гуруҳи фаолият юритмоқда. Бундан ташқари, 2018 йилда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ва Франция инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси ўртасида ҳамкорлик битими имзоланган.

Давлатимиз раҳбарининг ташриф доирасида Франция Республикаси Сенати Раиси Жерар Ларше билан учрашуви давомида ҳам парламентларимиз ўртасидаги ҳамкорлик, айниқса, улардаги дўстлик гуруҳлари туфайли анча фаоллашгани алоҳида таъкидланди.

Франциянинг мамлакатимиздаги элчихонаси билан ҳамкорликда икки мамлакат миллий байрамларини ўтказиш, урф-одат ва анъаналарини кенг тарғиб қилиш бўйича ҳам самарали ишлаб келмоқда. Ҳар йили 14 июлда Франция миллий байрами – Бастилия қалъаси ишғол қилинган кун муносабати билан Тошкентда тантанали маросим ва бадиий кечалар ташкил этилади.

Француз тилини ўрганишга бўлган қизиқиш ҳам мамлакатимиз ёшлари орасида жуда юқори. Масалан, Фарғона давлат университетида 1994 йилдан бошлаб француз тили бўйича мутахассислар тайёрлаш йўлга қўйилган. Ўтган йиллар давомида бу олийгоҳдан етишиб чиққан ёшларнинг аксарияти француз элчихонасида, Францияда ўз фаолиятини олиб бормоқда. Ҳозирда эса 85 нафар талаба мазкур факультетда таҳсил оляпти.

Қайд этиш керак, пойтахтимизда “Тошкент Француз Альянси” фаолият юритмоқда. Ушбу ташкилот билан ҳамкорликда ҳар ойда “Француз адиблари асарлари билимдони” танлови ўтказиб келинади. Шу орқали маданий-адабий ҳамкорликни давом эттириш ва француз бадиий адабиётининг нодир намуналарини ўзбек тилига таржима қилиш учун қулай ижодий муҳит яратилгани ҳам диққатга сазовор жиҳатлардан биридир.

Бир сўз билан айтганда, Соҳибқирон Амир Темурнинг Франция давлати билан бошлаб берган дўстлик алоқалари бугун икки мамлакат раҳбарлари ташаббуси билан юксак мақомда давом этмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Францияга давлат ташрифи ва бу йўлда кўзланган эзгу мақсадлар икки халқ ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, уни амалий мазмун билан бойитишга хизмат қилади.

Баҳром ОБИДЖОНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати


Кўришлар сони: 908

Депутатлар минбари

Янгиликлар

13.12.2018
Депутатлар соғлиқни сақлаш тизимидаги муаммоларни ўрганди

Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Наримон Умаров бошчилигидаги ишчи гуруҳ...

13.12.2018
Сессияларда ҳудудлардаги аҳвол, аҳолини қийнаб келаётган муаммолар муҳокама қилинмоқда

2018 йил 13 декабрь куни Cирдарё вилоятининг Янгиер шаҳри ва Сайхунобод тумани ҳокимликларида Олий...

11.12.2018
Депутатларнинг эътирози ва жиддий танқидига учраган қонун лойиҳаси янги ном билан қайта кўриб чиқилди

Аввал хабар берганимиздек, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг яқинда бўлиб ўтган мажлисида «2019...

Тадбирлар тақвими