Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Исломжон ЗОКИРОВ: Коррупция — қонунни менсимасликми?

Исломжон ЗОКИРОВ: Коррупция — қонунни менсимасликми?

Бугун энг кўп ишлатиладиган сўзларимиздан бири муқаррар “коррупция” бўлса керак. Ижтимоий ҳаётда унинг домига тушиб, оёғи қоқилганлар оз эмас.

Айтишларича, қадимги дунёда баъзи қабилаларда муайян мавқега эга бўлиш учун унинг сардорига турли совға-саломлар бериш одатидан коррупциянинг илдизлари бошланган экан. У вақтларда бу амал одатий ҳол деб қабул қилингани табиий. Бироқ орадан ўтган вақт давлатлар ташкил топиши, унинг иши мураккаблашуви ва марказлашуви коррупциянинг юрт ривожига катта тўсиқ эканини кўрсатди.

Тез-тез эшитиб қолаётганимиз: болалар боғчасидан то олий ўқув юртларигача, қоровулдан то ҳокимгача, айбдордан то қозигача бу иллат қурбонига айланиб, қанча жазоланса-да, таъмагирликка қарши қаттиқ курашилса-да, коррупцияга тўла барҳам бериб бўлмаяпти. Хўш, нега шундай? Сабаби оддий: одамлар унча-мунча ишни азбаройи вақтини беҳуда сарфламаслик учун эмас, ўша юмуши айрим нопок, таъмагирлар томонидан ўрнатилган турли сохта ғовлар сабаб битмай қолишидан қўрқув туфайли ҳам пора бериш пайида бўлади. Шу зайлда кўпчилик “бераверади”, камчилик “олаверади”. Албатта, бундайлар сафи ошиши ва нафси ҳакалак отишида сизу биз ҳам, барчамиз айбдормиз!

Бир фуқаронинг интернетда “Ҳатто коррупцияга қарши курашадиган идораларда ҳам коррупция бор”, дея қолдирган изоҳи кишини чуқур ўйлантириб қўяди ва беихтиёр Имом ал-Бухорий ҳазратларининг “Ал-жомиъ ас-саҳиҳ” аcарида келтирилган “Одамларга шундай замон келадики, инсон ўз топган молу дунёсини ҳалол йўл бирлан топдими ёки ҳаром йўл бирлан топдими, иши бўлмай қўяди” деган гапни эсга солади. Бу фикрни XVII асрда яшаган Томас Гоббснинг “Коррупция – даврлар оша ўсиб келаётган илдиз бўлиб, у ҳар хил орзу-ҳаваслар ортидан бирортаям қонунни менсимасликдир”, деган гапи янада мустаҳкамлайди.

Аслида инсоният тарихида коррупцияга қарши кураш қадимдан бошланган. Жумладан, Шумер давлати порахўрликка қарши курашган биринчи мамлакат сифатида эътироф этилади. Ёки Бобил ҳукмдори Хаммурапи томонидан коррупцияга қарши алоҳида қонун ишлаб чиқилган. “Тарих отаси” дея таърифланган Геродотнинг хабар беришича, қадимги форс давлати – Аҳамонийлар салтанатида шоҳ Кир II нинг ўғли Камбис II даврида пора олган судьянинг тириклайин териси шилиниб, курсисига тортиб қўйилган ва унинг ўғли шу вазифага тайинланганки, токи судда иш кўраётган чоғида қайси курсида ўтирганини унутмасин.

Русларда 1556 йилда Иван Грозний томонидан порахўрлик учун ўлим жазоси жорий этилган.

Европада порахўрларга нисбатан кескин чоралар қўллаш даври ўрта асрларга тўғри келади. Унда жиноятчига мисли кўрилмаган қаттиқ қийноқ усулларидан (танасини чопиб, тўртга бўлиш, чархпалакка тортиш, осиш, оловда ёқиш, қўлларини кесиш, қизиган ёққа тириклайин ташлаш ва б.) фойдаланилган.

Японияда бу масала бола онгига элементар усулларни сингдиришдан бошланган. Яъни, дарс машғулоти вақтида китобдан кўчираётган ўқувчи ёнида ўтирган дўсти ўша пайтнинг ўзида ўқитувчига хабар берган. Ўқитувчи айбдорга жазо бали ва хабардор қилган ўқувчига эса, рағбатлантирувчи бал қўйган.

Сингапур ҳозирги пайтда коррупциянинг йўқлиги, иқтисодий эркинлик ва тараққиёт даражаси бўйича дунё рейтингларида етакчи ўринларни эгаллаган. Қатъий авторитар давлат номини олишига ҳам у ерда жорий этилган “Виждонли бўлиш ва сотилмаслик” тамойили сабаб бўлган. Сингапур мисоли сиёсий ирода, коррупцияга қарши самарали қонунчилик ва сотилмайдиган мустақил агентлик (Коррупция ҳолатлари юзасидан суриштирув олиб бориш бюроси) бир неча йил ичида коррупцияни жуда паст даражага туширишга қодир эканини кўрсатди. Бу давлатдаги асосий ислоҳотлар судьяларнинг ойлигини кескин оширишга (1990 йилда 1 миллион доллар), судьялик лавозимига энг яхши адвокатлар жалб этишга қаратилди. Мафия гуруҳлари шафқатсизлик билан йўқ қилинди. Масъулиятли лавозимларни эгаллаб турган давлат хизматчиларининг маоши хусусий корпорациялар топ-менежерлариники даражасигача оширилди.

Ҳозирда порахўрлик учун қўлланиладиган Хитойдаги жазо тури бошқа ҳеч бир давлатда бўлмаслиги табиий. Сабаби, у ерда бундай жиноят жиддий саналиб, жиноятчига нисбатан қатл жазоси белгиланади.

Жанубий Корея Конституцион маҳкамаси коррупция туфайли бундан олдинги ўз давлат раҳбарини кечирмади ва лавозимидан четлатди. Бу давлатда барча раҳбар амалдорларнинг фаолиятини ишдан кетгандан кейин ҳам чуқур тафтиш этиш амалиёти кенг жорий этилган.

Коррупцияга қарши кураш халқаро миқёсда қораланиб, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан 9 декабрь — “Халқаро коррупцияга қарши кураш куни” деб эълон қилинган. Энг ачинарлиси, дунёнинг деярли барча давлатлари қонунларида коррупцияга қарши курашишга доир нормалар мавжуд бўлса-да, порахўрлик дунёнинг исталган бурчагида, қаердадир кескин авж олган, бошқа ерида эса бир қадар камроқ учрайди.

Тадқиқотлар бирор бир иллатга барҳам беришда энг самарали восита иллатнинг ўзи билан эмас, балки сабаби билан курашиш эканини кўрсатмоқда. Шу маънода, мамлакатимизда ҳам коррупцияга қарши кескин курашиш бўйича қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, сўнгги йилларда бу иллатга қарши кураш бўйича аниқ мақсадли стратегия белгиланди. Жумладан, 2017 йилда “Коррупцияга қарши кураш тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши ҳам жамиятимизда мазкур иллатнинг пайини қирқишда янги босқични бошлаб берди. Мазкур қонун билан коррупция, яъни порахўрлик, мансабдан фойдаланган ҳолда қонунни суиистеъмол қилиш, таниш-билишчилик, қариндош-уруғчилик, истеъдодли кадрларнинг ўсишига тўсиқ бўлиш, инсон ҳуқуқларини бузиш, таъмагирлик қилиш каби жирканч ҳолатларга йўл қўйганлик учун қатъий жазо муқаррарлиги аниқ-равшан белгиланди.

Кўриниб турибдики, қонун ва қонуности ҳужжатларимизда коррупцияга қарши кураш бўйича хорижий амалиёт нормалари ҳам сингдирилиб, кучайтириб борилмоқда. Қабул қилинган қонун ҳужжатлари ўзининг самарасини бера бошлади ҳам. Хусусан, мамлакатда бюджет очиқлигининг таъминланиши, Ўзбекистон турли халқаро рейтингларда (“Халқаро бахт индекси”да 47-ўрин, “Қонуний тартибларга итоат қилиш индекси”га кўра 2-ўрин ва ҳ.к.) кўтарилиб бораётгани бежиз эмас.

Шу ўринда қонун ҳужжатларини ҳаётга татбиқ этишда яна айрим жиҳатларга алоҳида эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайман. Хусусан, ОАВнинг шу йўналишдаги фаолиятини янада ривожлантириш, коррупция ҳолатларини аниқлаш, оқибатларини ёритиш борасидаги фаолиятини рағбатлантириб бориш лозим. Аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш ва меҳнатга муносиб ҳақ тўлашни энг долзарб масаласи ҳисобланган “Истеъмол саватчаси”ни жорий этишни тезлаштириш зарур. Диний уламоларимиз масжид ва мадрасаларда мунтазам равишда коррупция ва унинг салбий оқибатлари хусусида тарғиботлар олиб бориши, “Коррупциядан ҳоли ҳудуд” мавзусида кенг жамоатчилик ўртасида ижтимоий сўровлар ташкил этиш орқали, танловлар ўтказиш, олимлар, тадқиқотчилар ва изланувчиларнинг коррупцияга қарши кураш бўйича тадқиқот натижаларини амалиётга жорий этиш механизмини ривожлантириш, инновацион ёндашувларни қўллаб-қувватлаш даркор. Аҳоли томонидан энг кўп мурожаат этиладиган жабҳалар, хусусан, коррупция аломатлари мавжуд тармоқларда кафолатланган шаффоф электрон тизимни жорий қилиш ҳам яхши самара берадиган чоралардан бири бўлиши шубҳасиз.

Бир сўз билан айтганда, жамият тўшови, тараққиёт кушандаси, одамларни йўлдан оздирувчи қабоҳат — коррупция аталмиш жиноятга қарши кескин курашиш, унинг йўлига қатъий тўсиқ қўйиш эртанги кунимизнинг фаровонлигига, халқимизнинг давлатимиздан рози бўлиб яшашида ҳал қилувчи роллардан бирини ўйнайди.

Исломжон ЗОКИРОВ,   

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати


Кўришлар сони: 1619

Депутатлар минбари

Янгиликлар

13.12.2018
Депутатлар соғлиқни сақлаш тизимидаги муаммоларни ўрганди

Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Наримон Умаров бошчилигидаги ишчи гуруҳ...

13.12.2018
Сессияларда ҳудудлардаги аҳвол, аҳолини қийнаб келаётган муаммолар муҳокама қилинмоқда

2018 йил 13 декабрь куни Cирдарё вилоятининг Янгиер шаҳри ва Сайхунобод тумани ҳокимликларида Олий...

11.12.2018
Депутатларнинг эътирози ва жиддий танқидига учраган қонун лойиҳаси янги ном билан қайта кўриб чиқилди

Аввал хабар берганимиздек, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг яқинда бўлиб ўтган мажлисида «2019...

Тадбирлар тақвими